Понедельник, 29.04.2024, 10:20
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 26 » ЎЗБЕК ҚИЗЛАРИ ИБОСИ БИЛАН ГЎЗАЛ
10:38
ЎЗБЕК ҚИЗЛАРИ ИБОСИ БИЛАН ГЎЗАЛ

МУШОҲАДА

ЎЗБЕК ҚИЗЛАРИ ИБОСИ БИЛАН ГЎЗАЛ

Яқинда бир танишим қиз узатди. Тўйига бордик. Меҳмондорчиликда ўтирсак, болалар "куёв келди, куёв келди" деб чуғурлашиб қолди. Шу пайт ичкаридан келинчакни кийинтириб олиб чиқишди.

Биз ҳам ташқарига чиқдик. Келинчакни кўриб лол қолдик. Эгнида оқ кўйлак, устида адрасдан енги узун нимча тўн, бошида зар дўппи, сочлари узун экан, майдалаб ўриб қўйишибди. Бошида оппоқ зарли рўмол. Оёғида зарли ковуш. Битта-битта қадам ташлаб куёв ҳузурига юрди. Ҳаммамиз товусдай келинчакни ҳуснига, ўзига ярашган миллий либосларига қараб "Шундоқ кийинса ҳам бўларкан-а" деб қўйдик. Мусиқа садолари, дугоналари оғушида "Бахт уйи" сари йўл олган сулув келинчак ҳақида алламаҳалгача сўзлашиб, баҳслашиб ўтирдик...

Ҳа, ўзбек қизларига миллий либосларимиз қандай ярашади. Ахир, бундай либосларнинг нимаси эскилик сарқити? Айрим ёшларимиз "Умримда бир марта бўладиган тўйимда чет элнинг оқ кўйлагини кияман" деб, оёқ тираб туриб олади. Ота-онаси кўнса, ҳамён бўшайди, кўнмаса, қизи йиғлайди. Хуллас, яна келинчак очиқ-сочиқ, енгсиз кўйлакда эл олдига чиқиб, гўё ўзини "кўз-кўз"лайди. Куёвнинг жўралари олдида етаклашиб юради, базмда рақсга тушади. Бу албатта, урфимизга зид, ўзбек қизларига ярашмайдиган одатдир.

Ўзбек қизига, албатта, миллий либос ярашади. Ҳар бир қизнинг маънавияти, ақли, фаросати кийган кийими билан ҳам сезилади. Отаси, акаси, маҳалла-кўй, ўқув даргоҳи ёки жамоаси аҳли олдида беҳаёларча кийиниши билан уялмас, истиҳола қилмас экан, демак, унда ҳаё йўқ. Тор кўйлак, калта юбка, шим, енгсиз кофта кийган қизларни муомаласига ҳам эътибор беринг-а. Бировларнинг қарашидан янада авжланиб, юришини бошқача қилади. Саволингизга беписандларча жавоб беради.

Бундай қизларни орзулайсизми? Ота-онани сўзига кирмаган қиз эрни, қайнота-қайнонани писанд этармикин? Балки, ана шундай муҳитда ўсган қизларимиз сабаб айрим ёш оилалар бузилаётгандир? Ҳаётни фақат янгича русумда кийиниш, безаниш, ўйнаб-кулишдан иборат, деб ўйлаган қиз турмуш қургач, оддий рўзғор ишларини ҳам уддалай олмай туртиниб қоляпти.

Яқинда бир танишим чет элда ўқиб келган, олий маълумотли укасига маҳалламиздаги қўли юпқароқ, ўқимаган, отаси оламдан эрта ўтиб кетган йигирма ёшли қизни олиб берди.

-Шундай чиройли, ақлли, билимли, келажаги порлоқ укангга шу қизни олдинг-ми? - деб сўрадим.

Шунда у:

- Келинимиз энг аввало, тарбияли, ҳаё-иболи. Суриштирсам, мактабда яхши ўқиган экан. Бирор марта кўчада очиқ-сочиқ юрганини, пардоз-андоз қилганини кўрмадим. Укамга кўрсатдим, тавсия қилдим. Бир-бирини ёқтиришди.

- Келинни олий ўқув даргоҳига ўқишга киритамиз. Ўксик кўнглини меҳр ва қадр билан тўлдирамиз, - дедим. Бу таклифим укамга ҳам маъқул келди.

Бир куни танишимникига бориб, келинчакни кўрдим. Шундай гўзал, ҳаё-иболи, ширинсўз, покиза, эпчил, пазанда қиз экан. Табиатга, гулларга меҳри бўлакча экан. Ҳовлисини гуллар бозорига айлантириб юборибди. Гулларни уруғидан ҳам экаверибди. Тувакларга ҳам кўчириб ўстираверибди. Қиз ўстирган онасига раҳмат, дедим.

Афсус, орамизда замонавийликни европача ва чет эл усулида кийинишда деб биладиган қизлар ҳам учраб туради. Сочларини ёқимсиз рангларга бўяши, пардозга ружу қўйиши, очиқ-сочиқ кўйлаклар кийиши, калта юбкаларда юришдан уялмайдиганлари ҳам бор. Улар кексаларнинг, йигитларнинг олдида ғоз юриб беписанд ўтадилар. Уларнниг ота-оналари шу либосларни харид қилаётганларида нега мулоҳаза қилмайдилар. Агар қизлари ўзбошимчалик билан иш тутсалар, нега танбеҳ бериб, ўз сўзларини ўтказа олмайдилар.

Баъзан беҳаёларча кийинган, салом-аликсиз, оғзидан шармсиз сўзлар чиқаётган қизларни, аёлларни кўрсам "Сиз ўзбек қизимисиз?" дегим келади. Ахир, ўзбек қизи қадимдан ҳаё-ибоси билан гўзал бўлган. У ўзини ва бошқаларни юриши, кийиниши, муомаласи билан жалб этган. Сочи узун, ораста, меҳнаткаш, иболи қизни ҳамма ҳавас қилган. Бекорга хаёлида иймон бор, демайдилар.

Одобли, таълим-тарбияли қиз ҳаётда қоқилмайди. Хокисорлиги билан оиласини гул қилади. Остонасини пок тутиб, либосларини сабр баргидан маржон этади. Оила деган муқаддас даргоҳга кучли эътиқод қўяди. Меҳрини беради, меҳр излайди. Бир қўлида муҳаббат, бир қўлида садоқати ёрига гулдаста бўлади.

Бир сўз билан айтганда, миллатини тож деб билган, ота-онасини саждагоҳ англаган қиз ҳаёт синовларидан ирода билан ўтади. Миллий урф-одатлари, анъаналарини қадрлаган қиз ўзга хонадон бекаси бўлгач, катталар, қариндошлар, қўшнилар олдида латофати, назокати, ибоси, ширин лутфи, оғзидаги ҳар бир сўзини тарозида тортиб сўзлайди.

Шу ўринда, бир қизнинг бахтига узун сочлари сабаб бўлганлиги ёдимга тушади. Садбарой онасидан жуда эрта айрилди. Отаси уйланди. Ўгай она қўлида яхши тарбия кўрди. Насихатларини қулоққа олди. Ўгай она Садбаройнинг кийинишига, одобига эътиборсиз бўлмади. Пировардида, қиз ўн саккизга кирганда сулув бир парига айланди. Сочлари нақд тақимини ўпар, тутам қошлари остида юлдуздай ёнган қоп-қора кўзлари ҳаё билан ерга боққанда, менман деганини ҳам юраги жиғиллаб кетарди. Хуллас, қиз нуфузли оилага келин бўлди. Ўгай демай, онаси танбеҳларини қулоғига олганди, булар мустаҳкам бахтига пойдевор бўлди.

Гапнинг сираси, иболи қизлар ҳам гўзал, ҳам суюмлидир Уларни кўрган кўз завқ олади. Малоҳатига ҳайратланиб, фахрланиб кетасиз. Хонадонларимиз гули, бегойими, бахтли оналарга ҳавас қиласиз. Қиз ўстирганни алқайсиз. Ўнгингизда ҳам, тушингизда ҳам иболи фаришталарни кўрасиз, суясиз. "Бўйларингга кўз тумор" дегингиз келади.

 

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Просмотров: 944 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz