Вторник, 14.05.2024, 07:18
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 13 » ҚЎШИҚЛАРИМ СИЗГА АРМУҒОН....
12:26
ҚЎШИҚЛАРИМ СИЗГА АРМУҒОН....

Унвондорлар «порно» қўшиқ куйласа…
Қўшиқчилигимиз ҳақида виждонан фикр қиладиган одам айб фақат санъатга эндигина кириб келганларнинг ўзида эмаслигини ҳам англайди. Телбаланиш иштиёқи ҳатто айрим «халқ артисти» ёки «хизмат кўрсатган артист» унвонини олганлар ёхуд Ниҳол мукофоти билан сийланганлар ижодида ҳам кузатилаётир. Бу ижод намуналарини бирма-бир санаб ўтишнинг имкони йўқ. Фақат бу соҳада айб қилса, айниса уят бўладиганларнинг ижодидан мисол келтириб, фикрларимизни давом эттириш ниятидамиз.
Устоз даражасига етган муҳтарама хонандамиз Мавлуда Асалхўжаеванинг «Биттасига кўнолмайсан» (!) деган қўшиғи сўнгги пайтларда «Ўзбекона порнографик тарона» аталмиш аччиқ киноя остида эл ичра «машҳур». Мавлуда Асалхўжаеванинг аёл боши билан куйлаган қўшиғи матнига эътибор беринг-а:
«Биттасига кўнолмайсан… Кимни ёноғига, кимни лабига, кимни ингичка нозик белига, кимни узун оёқларига (шу ерда эҳтиросли их-и бор экан), кимни қарашига, кимни ёшига, кимни ах хах нафасига… ах-ах, ох-ох…»
«ТВМни кўриб туриб, ағанаб тушай дедим, – деб ёзибди бир мухлис ва хонанда «адресига» шундай муносабат йўллабди: – Ах-ах, ох-ох… Немисчасига йа, йа қолиб кетибди-ку, Мавлуда опаси!..».
Ёшларни-ку «булар ҳали ёш-да», деб «тушунамиз», уларнинг бир кун тўғри йўлни топиб кетишидан умид йўқ эмас. Аммо айниган катталарни қандай тушуниш керак?
Цицероннинг шундай гапи бор: «Доноларнинг иши ақл билан, фаҳмсизроқларники – тажриба билан, ғирт нодон одамларники – зарурат билан, ҳайвоннинг хатти-ҳаракати эса табиатан қилинади». Хўш, «порнографик тарона»ларга бизда қандай эҳтиёж бор? Бунақа шармандалик ақл ёки тажриба билан қилинадиган иш эмас, бунга зарурат йўқлиги ҳам аниқ. Демак, бу табиатан қилинаётган хатти-ҳаракат экан-да! Афсуски, бунақа табиатли хонандаларимиз тобора кўпайиб боряпти ва улар ёшларни ўз ортларидан «муваффақият билан» эргаштира олишяпти ҳам. Ҳатто устозларидан ўтаман деган ёш қўшиқчи қизларимиз «Алда мени… олиб қочиб кет мени…» (Рухшона) дея куйлаб, навниҳол ёшида (кечирасиз-у) фоҳишаларнинг қилиқларини «экранлаштириб», қилпанглаб-жилпанглаб маҳаллий телеканалларни «эгаллаб» юрибдилар.
Инсон онгига таъсир қилиш мумкин бўлган барча воситалар орқали ахлоқсизлик тарғиби дунё миқёсида рекорд даражаларда олиб борилаётир. Айни шу тарғиб бугун ўзбек қўшиқчилигига ҳам ифлос панжаларини урди. Тиббий тадқиқотлар ахлоқсизлик инсон миясидаги бузилишлар оқибатида келиб чиққан ўзига хос касаллик эканини аллақачон тасдиқлаган. Лекин ахлоқсизликни даволашга уринаётганлар сони у қадар кўп эмас. Оқибатда бу иллат маънавий-ахлоқий асосларга зарба беришга ҳаракат қилмоқда. Ахлоқсизликни куйга солишдан, беҳаё қилиқларни санъатга аралаштиришдан уялмаётганлар ҳам ўша – дунё халқларининг азалий қадриятларига кучли зарба бераётган «чегараланмаган эркинлик ғояси»нинг ўзига хос тарғиботчиларидир. Лекин қўшиқчилигимиз бошидаги кўргуликларни кўра била туриб ҳам чора кўришга шошилмаётган бемалолхўжа мутасаддиларни ким деб атайлик?

Ўзбекча куйлаймиз, ҳиндча ўйнайсиз!
Хонанда қизимиз Феруза Жуманиёзова бир қўшиғида «Амиго-амиго, текейро-текейро…» деб куйлаганида мафтун бўлиб роса олқишладик. «Бу сўзларнинг маъноси нима? Ўзбекча қўшиқ ичида бунақа сўзлар нима қилади?» демадик, «браво» деб қарсак чалдик, ирғишладик… Бунақа «зуллисонайнлик» ҳозир исталган қўшиқчимизда топилади: қўшиқ ичига истасалар инглизча, истасалар русча сўзларни қўшиб куйлашяпти. Бизларга эса «шўхроғидан» бўлса бўлди – рақсга тушамиз, хонанда нима деб алжираса алжирайвермайдими! Ҳозир мияга «дам берадиган» хонишларга талаб кучли: қўшиқ янграши билан оёқ-қўллар ҳаракатга келади, мияни эса «тормозлаймиз»…
Таниқли хонандаларимиз кейинги вақтларда «байналмилал»ликка эътибор қаратмоқдалар. Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков бу борада ўзига хос йўлбошчи бўлди: қўшиқ ўзбекча, рақслар ё ҳиндча ёки арабча! «Бўларкан-ку!» – қувониб кетишди ёш хонандаларимиз ҳам ва бугун ўзбекча куйлаб, ҳиндча ўйнатишлар авжида.
Ҳиндистонда таҳсил олган бир дугонамнинг айтишича, у юртимизга меҳмонга келган ҳиндистонлик дўстини катта концертлардан бирига таклиф қилган. Ўзбекча қўшиққа ҳиндча рақс ижро этилганда меҳмон жуда таажжубланган.
- Ҳинд рақс санъати – энг мураккаб санъат, – дейди дугонам. – Раққосанинг ҳар бир ҳаракатида жуда катта маънолар яширинади. Ҳиндистонлик дўстимнинг айтишича, ўша кунги қўшиққа саҳналаштирилган ҳиндча рақс элементлари – ҳиндларнинг диний маросимларда ижро этиладиган рақс элементлари экан…
- Бунақа масхарабозлик нега керак? Ўзбекча куй-қўшиққа ҳиндча рақс… Бу қанақаси? – сўраймиз ёш хонандаларнинг биридан.
- Ҳамма шундай қиляпти-ку… Халқ яхши қабул қиляпти-да, – дейди хонанда.
Рус адиби Лев Толстойнинг бир гапи бор: ««Ҳамма шундай қилади-ку», деган сўзлар билан йўлдан оздириш оғир кулфатларни бошга соладиган энг оддий сохтагарчиликдир».
Ўйлаб кўринг-а, қайси рус ёки инглиз қўшиқчиси она тилида айтган қўшиғи ичида ўзбекча сўзларни ишлатяпти? Ҳеч қайси! Қайси ҳинд ёки араб қўшиқчисининг она тилида куйлаган қўшиғига ўзбекча рақс саҳналаштириляпти? Ҳеч қайси! Унда бизга нима бўлган? Қўшиқчиларимизнинг муддаоси фақат халқни ўйнатишми?
Матни бемаза бўлса ҳам мусиқаси шўх қўшиқларни бир неча кун давомли эшитиб кўрсангиз, руҳиятингизда маълум бир ўзгаришлар содир бўла боради. Қўшиқ янграган заҳоти ҳамма тана аъзоларингизни қимирлатиш иштиёқига тушасиз (ўйнашни билишингиз шарт эмас)… Ана шунақа! Замонавий қўшиқчилигимизда ҳозир биттагина талаб бор: «Ҳамма рақсга тушсин!»…

Сизга қанча пул керак, «ҳомий»лар?
Дунёнинг ҳамма ерида ҳам ҳар қандай иқтидорнинг олдида бир масала кўндаланг туради: иқтисодий масала. Биз сиз билан муҳокама қилаётган бемаъни қўшиқлар, улар ижрочиларининг либосларидан тортиб, шу қўшиқларга ишланган клипларгача маълум бир маблағлар, айтиш мумкинки, катта маблағлар эвазига яралган. «Қўшиқчиман» деган борки, ортида уни маблағ билан таъминлаб турган ва албатта ўз фойдасини ҳам унутмайдиган «ҳомий»си бўлади. Албатта, бу «ҳомий»лар қўшиқчиларга шунчаки кўнгилхушлик учун ҳомийлик қилмайдилар, ният – пул ишлаш.
Тўғри, иқтидорлиларни суяш, қўллаш керак. Ҳомийлик – ниҳоятда савобли иш. Лекин нолойиқларга, маънавиятни бузишга хизмат қилаётганларга, халқни ҳурмат қилмайдиганларга ҳомийлик қилишдан муддао не? Агар айрим «ҳомий»лар фақат пул ишлаш иштиёқидагина ёшларнинг онгини бузадиган «юлдуз»ларни яратаётган бўлсалар, бор ниятлари нима қилиб бўлса ҳам пул ишлаш бўлса, илтимосимиз – ўзларини сал тийсалар. Маънавиятни бузишга хизмат қилиб, гуноҳга ботиб юрмасинлар учун бундай «ҳомий»ларга халқ пул тўплаб беришдан бош тортмаса керак. Марҳамат, қўшиқчилигимизни бузмасликлари, тилимизни, санъатимизни сотмасликлари учун қанча пул кераклигини айтишса, халқ йиғиб беради. Ҳарқалай, телбаланиш иштиёқига тушганларнинг кетидан пул топгандан кўра, шу йўл тозароқ…

Просмотров: 719 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz