Вторник, 14.05.2024, 23:16
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 8 » ҚЎШИҚЛАР ҚАНОТИДАГИ МАЪРИФАТ ВА МАЪНАВИЯТ
12:48
ҚЎШИҚЛАР ҚАНОТИДАГИ МАЪРИФАТ ВА МАЪНАВИЯТ

ҚЎШИҚЛАР ҚАНОТИДАГИ МАЪРИФАТ ВА МАЪНАВИЯТ
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2006) да маърифат сўзига қуйидагича таъриф берилган: “Таълим-тарбия, иқтисодий, сиёсий, диний, фалсафий ғоялар асосида кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган фаолият”. Бундан кўринадики, маърифатга, одатда, таълим-тарбия орқали, ўқиб-ўрганиш туфайли эришилади. Маърифатли инсон ўз хатти-ҳаракати билан жамиятнинг бошқа аъзоларидан ажралиб туради. Маърифатли инсон доимо эзгуликка интилади, атрофидагиларга ўз маънавий олами билан таъсир қилади. Шу боисдан бўлса керак, маърифатли инсон доимо қадрланган.
Бизнинг маърифат ва маънавият тўғрисидаги фикрларимиз вақт ўтган сайин такомиллашиб бораверади. Маърифат фақатгина ўқув даргоҳларида эмас, балки мустақил таълим орқали ҳам эгалланиши мумкинлигини ҳис этиб боряпмиз. Айниқса, ёшлар онгига миллий истиқлол ғоясини сингдиришда, маънавий баркамол авлодни тарбиялашда  турли-туман воситалардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Бинобарин, мамлакатимизда ўсиб келаётган авлодни маърифатли, маънавияти бой шахслар қилиб тарбиялаш асосий, устувор вазифа қилиб белгиланган.
Дарвоқе, мустақил таълим ҳақида. Ушбу таълимнинг кўринишлари кўп, инчунин, ҳар бир шахс ўз хоҳишига кўра кутубхонага бориши, бадиий асарлар мутолаа қилиши, газета-журналлар билан танишиш имконига эга. Кимдир телевизордаги кўрсатувлардан, радиодаги эшиттиришлардан таъсирланиши, айни пайтда ўзига ниманидир «юқтириши» мумкин. Аслида, мана шунинг ўзи ҳам маърифатдир, ўз маънавий оламини бойитишдир.
Умуман, маърифат излаган киши уни ҳар ерда, ҳар қандай ҳолатда топиши мумкин. Ўз маънавий оламини ўстирмоқчи бўлган инсон ҳар бир воқеа-ҳодисадан ўзига тегишлисини ажратиб олади. Бинобарин, қўшиқчилик санъати ҳам инсон маънавиятини ўстиришда, баркамол авлод тарбиясида катта ижтимоий вазифани адо этади. Шу маънода Шерали Жўраевнинг қўшиқлари баркамол авлод тарбиясида алоҳида ўрин эгаллаши, шубҳасиздир.
Назаримизда, ҳофиз қўлига илк бор соз олиб куйлай бошлагандаёқ она диёрни, меҳру муҳаббатни, одамийликни, садоқатни тараннум этди. Унинг қўшиқлари, мазмунан олиб қаралганда, турли хил. Лекин уларнинг асл моҳияти битта нарсага қаратилган. Уларда Инсон мадҳ этилади. Инсоннинг ботиний дунёси ранг-баранг оҳангларда намоён бўлади. Мана илк қўшиқларидан бирида тарғиб этилаётган ғояга эътибор беринг.
Жаҳонда сени ўстирган отанг бирла онангни бил,
Йироқда бўлса ҳам сендан уларга меҳрибонлик қил.
Меҳрибондир улар сенга, шуни сен доимо билгил,
Туриб тун кечалар сенга оқ сут берган онангни бил.
Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи жуда оддий ва гўзал бир шаклда эслатиб қўйилмоқда. Шарқона дидактика, панд-насиҳат оҳангида куйланган қўшиқлар ўзининг соддалиги, айни пайтда ўта самимийлиги билан ажралиб туради. Улардан қандай хулоса чиқариш, албатта, тингловчининг ўзига боғлиқ.
Ҳофиз инсон ҳаётидаги энг катта бойлик ҳисобланадиган Умр ҳақида, унинг мазмуни тўғрисида ажойиб қўшиқлар куйлаган. Ҳар бир қўшиғида инсонни вақтни қадрлашга, берилган қисқа умрни эзгу ишларга сарфлашга даъват этади, савоб ишларга чорлайди.
Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Қолдириб, қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Аслида, ҳаётдаги бор гапни сизу-бизга шунчаки эслатиб қўйишни ҳофиз ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Шеър муаллифи Тўра Сулаймонни ҳам, ҳофизни ҳам бир дард—келажак тақдири ўйлантиради.
Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда,
Биздан эрта кунга нелар қолмоқда,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Энг олий мавжудот—Инсон адабиётнинг ҳам, санъатнинг ҳам асосий объекти ҳисобланади. Бу борада адабиётда гўзал асарлар яратилиши, лекин улар китобхон назаридан четда қолиши ҳам мумкин. Агар ўша асарлар қўшиққа айланса-чи? Бизнингча, бу ҳолатда ўша асарнинг таъсир кучи ўн чандон ортади. Буни Шерали Жўраевнинг бир қатор қўшиқлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумки, Чустий ғазалларидан бир нечтасини ҳофиз қўшиққа айлантирган. Шўх, ўйноқи мисралар ҳофиз ижросида халқ қалбига янада теранроқ етиб борган дейиш мумкин. Айниқса, Чустий домланинг панд-насиҳатга бой, мазмунан теран, бадиий жиҳатдан пишиқ бир ғазали борки, уни ўзбек дидактик адабиётининг ёрқин намунаси сифатида баҳолаш мумкин.
Керма манманлик билан ўрнида турган қошни,
Эл севар одамда бўлган сабр ила бардошни,
Йўлда жонингдек азиз тут сенга чин йўлдошни,
Йўлга сол, келса қўлингдан ақли паст, бебошни,
Эл учун қилсанг зиён тошларга ургил бошни.
Ҳофизнинг ижроси шу қадар таъсирлики, сиз ўзга бир таассуротлар оламига кириб боргандай бўласиз. Одамийлик сўзи атрофида бирлашадиган қатор хусусиятлар кўз олдингиздан ўта бошлайди: камтарлик, сабр, бардош, чин йўлдош, эл манфаати.
Одам ўғли бўлмағайсан, бўлмаса сенда вафо,
Эл аро шармандадурсан, бўлмаса шарму-ҳаё,
Тоза диллар кир юраклар бирла бўлмас ошно,
На қилай бундай кўнгилни бўлмаса унда вафо,
Сақламас сандиқда ҳеч ким қиммати йўқ тошни.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, 70-йилларда яратилган ушбу ашула ўз қадр-қимматини ҳозир ҳам йўқотган эмас. Бироқ нима сабабдандир уни ҳатто овоз ёзиш студияларида ҳам топиш амримаҳол. Ахир бундай бебаҳо асарлар аллақачон халқ мулкига айланиб улгурган бўлса, уларни етарли даражада кўпайтириб, улардан маънавият ва маърифат сабоқларида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмасми? Ахир шулар эмасми радиомизнинг “Олтин фонди”ни безаб турадиган бебаҳо маънавий дурдоналар!
Ўзбекнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги, саховати, соддадиллиги халқ қўшиқларига кўчиб ўтган. Жумладан, Шерали Жўраев ижодида ҳам халқимизнинг улуғвор ҳолатлари бор бўйи билан куйланади. Ҳофиз ўз қўшиқларида ўзбекнинг дўпписидан тортиб чопонигача, атласу беқасамигача—барчасини тилга олади. Чуқурроқ разм солиб қаралса, шунинг ўзи миллийлик эмасми, шунинг ўзи маънавий қадрият эмасми! Назаримда, бу алоҳида бир тадқиқотга объект бўлиши мумкин.
Миллатимиз менталитетига хос бўлган устувор жиҳатлардан бири—дўстликни қадрлашдир. Халқимиз азал-азалдан бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, ўзгаларнинг миллий қадриятларини ҳурмат қилишга интилиб келган. Бу нарса қўшиқларимизда ҳам тараннум этилади. Жумладан, Шерали Жўраев ижодининг илк палласидан бошлаб дўстлик ҳақида баралла куйлаб, ёзиб келади.
Бутун дунёда тинчлик бўлиш-чун,
Инсонлар аро не керак бугун?!
Дўстлик, дўстлик, дўстлик.
Қўшиқлар қанотидаги маърифатни, оҳанглар қаъридаги маънавиятни илғаб олиш учун муайян руҳий тайёргарлик зарур. Негаки, ҳофизнинг шеър танлаш маҳорати бобида айтиб ўтилганидек, қўшиқ учун матн танлаш ўта машаққатли иш. Бу—ҳар бир ҳофизнинг иқтидори, билим даражаси, маънавий оламидан дарак берадиган ҳодисадир. Тил ва дил бирлиги мужассам бўлмагунча қўшиқ чин юракдан айтилмайди, айтилса-да мухлислар қалбини ром этолмайди.
Тан олиш керакки, биз кўп ҳолларда қўшиқни шунчаки эшитамиз, ҳатто уни тинглаш даражамиз ҳам анча паст. Қолаверса, вақт ўтказиш учун, кўнгилхушлик мақсадида ҳам қўшиқ эшитадиганлар бор. Ваҳоланки, шундай қўшиқлар борки, улардан нафақат эстетик завқ, балки бир олам маънавий бойлик топиш мумкин. Гап қайси қўшиқни қай тарзда тинглашда, ундан ҳузурланишда.
Ўзбек адабиётида фалсафий мазмундаги шеърлари, дилбар ғазаллари билан ажралиб турадиган шоирлардан бири Ҳайдар Яҳёевдир. Шоирнинг асарлари ниҳоятда содда, айни пайтда мушоҳадага чорловчи фалсафага бойки, худди қўшиқ каби қуйилиб келаверади. Шу боисдан бўлса керак, ўз даврида жуда кўп ҳофизларимиз Ҳайдар Яҳёев шеърлари асосида ажойиб тароналар яратишган. Жумладан, Шерали Жўраев репертуаридан ҳам шоирнинг бир неча шеър ва ғазаллари ўрин олган. Ҳофиз ижросидаги “Куйлар”, “Сўранг”, “Ул гўзал Фарғонадан” каби ажойиб тароналар ҳануз неча минглаб мухлисларга олам-олам завқ-шавқ бағишлаб келмоқда.
Шерали Жўраевнинг Ҳайдар Яҳёев ғазалига басталаган яна бир қўшиғи борки, эҳтимол, баъзи мухлислар унчалик эътибор бермаган бўлиши мумкин. Тушунарли бўлиши учун мазкур қўшиқ матнини тўлиқ келтириб ўтамиз, чунки нима сабабдандир шоирнинг нашр этилган тўпламларида ушбу ғазални учрата олмадик.
Бузуқ қўл бирла севги жомидан шарбат сузолмайсан,
Ғараз кўз бирла қизларга ҳам кўз сузолмайсан.
Дилинг соф бўлмаса, босган изинг гарчи хато бўлса,
Оёғинг қўйма гулшанга, уни ҳаргиз кезолмайсан.
Бировнинг гулшанида қўл чўзиб гул излама бирла,
Тикон санчилгуси қўлга, сен ундан гул узолмайсан.
Муҳаббат булбули бошингга қўнмас молу зар бирлан,
Керилма, ишқ васлин шарпасин ҳеч сезолмайсан.
Фақат бир дилрабо ҳажрини чекмаклик сенга ёт,
Ҳавойи бир ҳавас бирлан касалсан, ҳеч тузалмайсан.
Нақадар самимий, юракдан айтилган сўзлар! Агар қўшиқни тинглаб кўрсангиз, ҳофиз ўз юрагини қўшиб, ўз замондошларига қарата хитоб қилгандай бўлади: Эй, азизлар! Фақат инсонгагина хос бўлган соф муҳаббатни асранг, уни ардоқланг. “Ишқ деган кўҳна шеванинг, муҳаббат аталмиш тансиқ мева”нинг қадрига етинг! Ўзини билганга ҳикматдир дунё деганларидек, ўзини англаган ҳар бир инсон ушбу қўшиқдан тегишли хулоса чиқариб олиши тайин.
Ҳофиз ўз ижодида қўшиқдан-қўшиққа юксалиб, мухлисларига айтмоқчи бўлган сўз ва туйғуларининг салмоғи ортиб, ўзига яқинроқ тортиб бораверади. Дастлабки қўшиқларида баъзан енгил-елпи матнлар учрайди, бироқ йиллар ўтган сайин бадиий пишиқ, гўзал шеърлар қўшиққа айланади.
Самоларда юлдузларни осмон сўроқлар,
Чин инсонга кўнгил қўйиб инсон сўроқлар.
Орзу-истак туғилади ерда-юракда,
Чўққиларда бахтин излаб довон сўроқлар.
Ушбу сатрларга кўзингиз тушибоқ, Сизни бир ажиб кайфият, ўзингиз истамаган ҳолда қандайдир ҳазинлик қамрай бошлайди. Қандайдир хаёллар оғушида изтироб чека бошлайсиз. Қўшиқнинг мусиқаси ҳам сизга танишдек туюлади, бутун борлиғингиз билан қўшиқ сеҳрига мафтун бўла бошлайсиз.
Юрак ёнгин бир умрга вафо йўлида,
Ошиқ аҳли ўз ишқини пинҳон сўроқлар.
Дўст қадрига дўст етади, жон дўстинг ўша,
Бу оламда мол-дунёнгни нодон сўроқлар.
Қўшиқ давом этади. Таниш оҳанг ўзига тобора тортаверади. Айни пайтда қўшиқ матнидаги сўзлар ўйлантира бошлайди: “Дўст қадрига дўст етади, жон дўстинг ўша”. Сизга маълум сўзлар қўшиқда ўз таъсир кучини тўлиқроқ намоён қилади. Сиз ўз дўст-биродарларингиз тўғрисида ўйлай бошлайсиз, уларнинг қайси бири жон дўстингиз экани ёдингизга тушади, лекин сиз бу ҳақда ҳозирча қатъий бир қарорга келганингиз йўқ. Шу пайтда ҳофизнинг садоси Сизга ёрдамга келади: “Бу оламда мол-дунёни нодон сўроқлар”. Э, воҳ, шунчалар ҳам аёвсиз бўладими бу қўшиқ! Ҳофиз эса куйлашда давом этади.
Инсон қадри номусидай бўлсин покиза,
Беномуслар ўз нархини арзон сўроқлар.
Бу оламда фарзанд дерлар кўзлар қароғи,
Фарзандларнинг камолини замон сўроқлар.
Ҳазин куй давом этади. Лекин Сиз энди ўзингизни қийнаётган баъзи саволларга жавоб топганингиздан мамнунсиз. Яшаб турган даврингиз, ёру биродарларингиз қаторида ўз фарзандларингиз ҳам бўй кўрсата бошлайди. Фарзандларнинг камоли учун шахсан ўзингиз масъул эканингиз ёдга тушади. Ҳофиз эса авж пардаларда куйлаб, гўёки Сизни синовдан ўтказмоқчи бўлгандай давом этади.
Гар ҳаётсан армон билан ўтма дунёдан,
Армон билан ўтсанг бир кун армон сўроқлар.
Нарзий тутгил одил йўлни, йўлдан адашма,
Билки, дунё сарҳисобли, виждон сўроқлар.
Ва ниҳоят қўшиқ поёнига етади. Бироқ таниш оҳанг Сизни тарк этмайди. “Билки, дунё сарҳисобли, виждон сўроқлар” жумлалари қулоғингиз остида қайта-қайта жаранглайверади. Кейин фикрингиз тиниқлаша бориб, шеър муаллифи Нормурод Нарзуллаев экани ёдга тушади. Оҳангни ҳам эслай бошладингиз. Ҳа, бу—ўша машҳур “Чўли Ироқ” оҳанги. Ҳофизнинг салоҳиятига яна бир бора тан бермасдан иложингиз йўқ. Қўшиқдан сўнг ўзингизни маънавий жиҳатдан анча бойиган ҳис эта бошлайсиз. Хуллас, қўшиқнинг тингловчига ғайриихтиёрий  таъсири, маърифий кучи ва маънавий қудратига тан берасиз.
Халқимизда “Вақт—энг олий ҳакам” деган  ҳикматли гап бор. Жумладан, инсон фаолиятига баҳо беришда ҳам давр, вақт, замон ўз ҳукмини ўтказади. Айни пайтда, қўшиқчилик санъати ҳам бундан мустасно эмас. Аслида, санъатнинг ҳақиқий баҳосини халқ беради. Лекин бу ҳам маълум маънода нисбийдир. Агарки ўша санъат асари даврлар оша тингловчи назаридан қолмасдан, қайта-қайта талаб қилинса, халқ унга зарурат сезса, демак, у ҳақиқий асардир. Назаримда, мана шундай асарлар Шерали Жўраев ижодида жуда кўп. Бизда уларнинг барчасини таҳлил этиш имконияти йўқ. Мавзу доирасидан келиб чиққан ҳолда уларнинг баъзилари ҳақида фикр юритяпмиз, холос.
Шерали Жўраев дастлабки йилларданоқ лирик хонанда сифатида эътироф этилган. Бу ҳақда концерт афишаларида ҳам йирик-йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилар эди. Ҳозир қандай хонанда ёрлиғи билан юритилади, буёғи менга номаълум. Менга қолса, Шерали Жўраевни “файласуф ҳофиз” деб атаган бўлар эдим. Назаримда, севимли ҳофизимиз аллақачон мана шундай мартабага эришганлар. Буни ҳофиз куйлаётган қўшиқлар мазмунидан ҳам билиб олиш мумкин.
Таъкидлаб ўтилганидек, ҳофиз кўплаб шоирлар билан мулоқотда бўлиб, ижодий ҳамкорликда бетакрор қўшиқлар ярата олган. Жумладан, ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Дилдорга нома ёздим”, “Орзу билан”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби шеърлари, “Ўзбегим” қасидаси асосида ўлмас қўшиқлар яратганини яхши биламиз. Айни пайтда Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси асосида яратган бир қўшиғи ҳам борки, ундаги ғоя, шоир ва ҳофизниинг умумий мақсади нимадалигини англаш муҳимдир.
Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Хоқон ўзинг, султон ўзинг.
Аввало, ҳофиз басталаган мусиқага эътибор бериш лозим. Замонавий мусиқа асбоблари ёрдамида шундай бир оҳанг юзага келганки, тинглаган заҳотиёқ давр, замон, тарих кўз олдингизда гавдалана бошлайди. Ҳатто ўтмишнинг қандайдир шамоллари эсиб ўтгандай туюлади. Бутун вужудингиз ила ҳофиз ноласига шерик бўла бошлайсиз.
Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.
“Инсон” қасидаси аслида 25 банддан иборат йирик бир асар. Ҳофиз эса ўшандан 14 бандни танлаб олиб, унга мос оҳанглар топиб, мухлисларига етказишга ошиқади. Етказганда ҳам ўзи яшаб турган заминнинг бир фарзанди сифатида, шу замин учун жавобгар бир шахс сиймосида дарду-ҳасратини, орзу-армонларини ифода этади.
Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, армон ўзинг.
Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғучи сўнг оқибат,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.
1987 йили Москвада Эркин Воҳидовнинг 50 ёшли юбилей тантаналари бўлиб ўтганди. Агар янглишмасам, ўша тантанада Шерали Жўраев “Инсон” қўшиғини айтиб, йиғилганларни ҳайратга солган эди. Ўзбек ҳофизи ўзбек тилида қўшиқ айтиб ҳам  залдагиларнинг юрагига “ғулғула” солиб қўйган эди. Бир ҳофизнинг довруғи, бир юрт ўғлонининг шуҳрати шунча бўлар-да, деган таскин кечганди менинг юрагимдан.
Шерали Жўраевни “файласуф ҳофиз” деб атаганимиз, эҳтимол, кимларгадир эриш туюлар, кимдир қабул қилмас. Лекин унинг қўшиқларидаги фалсафий руҳ шундай ҳуқуқни беради. Минглаб шеърлар орасидан энг сараларини танлаб олиш, уларда ижтимоий ҳаётнинг долзарб масалаларини акс эттириш, халқнинг ўзига “ўзлиги”ни англатиш ҳар қандай ҳофизнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун Худо берган овоздан ташқари ўз халқи тарихини, қадим маданиятини яхши билган, маданий савияси ва сиёсий онги ривожланган, “элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган” инсон бўлиш зарур.
80-йилларда ҳофиз янги-янги қўшиқлар яратиш баробарида янги бир йўналишга ҳам асос солди. Бу ўринда ҳофизнинг тўртликлар асосида яратилган бир шода қўшиқлари назарда тутилмоқда  Маълумки, тўртлик шаклидаги шеърларда шоир айтмоқчи бўлган фикр ғоят лўнда тарзда, содда тушунтирилиши керак. Бошқача айтганда, бутун бошли йирик асардаги асосий ғоя, мақсад тўрт сатрда ўз ифодасини топиши лозим. Шу маънода тўртликларда инсон тафаккурининг энг ноёб кўринишлари акс этади.
Шерали Жўраев мана шундай тўртликларни йиғиб, мазмун жиҳатидан кетма-кет жойлаштириб, яхлит бир қўшиқ ҳолатига келтиргунча не машаққатларни бошидан ўтказган экан. Бу фақат ҳофизнинг ўзигагина маълум. Асосан, Абдулла Орипов қаламига мансуб тўртликларда бу фоний дунёнинг барча кўринишлари ўз аксини топган десак, хато бўлмайди.
Тингла, бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккови бир-бирин тугатгунча то
Ўртада бу дунё адо бўлади.
Аслида «гадонинг душмани гадо бўлиши» мажозий маънода қўлланади. Шоир ана шу ҳаммага маълум гапдан муҳим бир хулоса, мўъжаз бир фалсафа ярата олган. Ҳофиз эса худди шу фалсафанинг халқ орасида ёйилишига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келяпти. Айниқса, басталанган мусиқа ушбу тўртликдаги асосий ғоянинг юзага чиқишида қўл келган.
Халқимизда «Ит ҳурар—карвон ўтар» деган нақл бор. Шоир худди шу нақл асосида ҳам ажойиб тўртлик ярата олган. Бу ҳам ҳофизнинг назаридан қолмаган. Мазкур тўртлик учун шундай бир оҳанг топа олганки, гўё тўртликдаги мазмун оҳанг садолари остида парвоз қилиб, кейин бевосита тингловчи қалби сари йўл олади.
Дейдилар, ит ҳурар—ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.
Одатда, тўртликларга сарлавҳа (ном) қўйилмайди. Лекин шоир ижодида ўз номига эга бўлган тўртликлар ҳам мавжуд. Ўшалардан бири «Мен англаб етган фалсафа» деб номланади. Мана ўша сатрлар:
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.
Ҳофизнинг ҳазин овози борган сари баландлашиб, тўртликларнинг авж нуқтасига борганда ҳайқириққа айланади. Аслида, ҳар бири мазмунан тугалликка эга бўлган тўртликлар ҳофиз ижросида яхлит бир асардек ўз ечимига эга бўлади. Муҳими, халқ донишмандлигининг намунаси сифатида пайдо бўлган сатрлар мантиқий урғу олган ҳолда ўз мақсадига эришади.
Ўз қўшиқлари орқали маърифат тарқатиб, минглаб мухлисларнинг маънавий оламини бойитишга бел боғлаган ҳофиз кейинги йилларда ўзи ҳам талай шеърлар ижод қилди. Ўша шеърларни қўшиққа айлантириб, халқимизга туҳфа этди. Кейинги йилларда халқ мулкига айланиб улгурган деярли барча қўшиқларнинг матнлари Шерали Жўраев қаламига мансуб десак, хато қилмаган бўламиз. Қалб қўри билан ёзилган шеърларнинг кўпчилиги бадиий жиҳатдан етук, маърифат ёғдуси билан йўғрилган, ҳофизнинг маънавий дунёси шундоққина акс этиб турган асарлардир. “Дўст бўлсанг” деб номланган шеърнинг охирги банди билан танишгач, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
Бу жаҳонда дўст йўқ, деб урма оҳ, қилма хитоб,
Ўзни топ ҳам Ҳақни топ деб, Тангри берган бир китоб.
Ҳақни топсанг, дўстни топдинг, дўст қидирсанг—Ҳақни топ,
Зарра имконинг бўлса, бир ғариб кўнглини топ,
Ҳақ йўлинда қил савоб, дўст бўлсанг, ёнимда тур.
Элимизнинг ардоқли ҳофизи Шерали Жўраев  қирқ йилдан ошдики, ўз сози, ўз овози билан халққа хизмат қилиб келмоқда. Бу даврда қанча қўшиқ куйлаганини санаб адоғига етиш қийин. Мана шу қўшиқлар орқали мухлислар қалбига қанча зиё кириб борди, қанча инсон қалбида муҳаббат, ҳаётга ташналик уйғонди, бу ҳам фақат Яратганга маълум. Ҳофиз лирик қўшиқларида соф муҳаббатни куйлади, инсоний фазилатларни улуғлади, садоқатни тараннум этди. Улар бугунги кунда маънавий қадриятимизга айланди.
Ҳофиз илк қўшиқларидан бошлаб ўз она юртининг гўзаллигини мадҳ этди, халқимиз тарихини кўрсатишга ҳаракат қилди, ўша тарих силсиласида “бошига дўппи қўндирган ўзбек”нинг ўрнини очиб беришга уринди, бу халқнинг қайси даврада бўлмасин, “бошини кўтариб, ғоз юриш”га ҳақли эканини бот-бот эслатди Бизнингча, шуларнинг ўзи ҳам маърифат.
Севимли ҳофизимиз ўз чиқишларида доимо устозларини эсга олади, уларга бўлган эҳтиромини намойиш қилади. Устозлари хотирасига бағишланган барча тадбирларда қатнашиб, уларнинг руҳларини шод этиб келмоқда. Табиийки, бу унинг одамийлик намунаси, садоқати нишонаси, маънавият сарчашмасига қўшаётган ҳиссаси ифодасидир.
Мен Шер аканинг саҳнада ўзини тутишини кўп бор кузатганман. Ҳофиз қанчалик довруқли ва машҳур бўлишига қарамай ҳар бир томошабин билан жуда камтарона муомалада бўлади. Қўли доимо кўксида, эгилиб халққа таъзим бажо келтириш—ҳофизнинг доимий йўлдоши. Ўзимча ўйлайман, Шерали Жўраевга кўрсатилаётган эҳтиром, минглаб кишиларнинг бир неча дақиқа тўхтамасдан қарсак чалиши, олқишу мақтов сўзлари унча-мунча одамни довдиратиб қўйиши тайин. Шунчалик шуҳрат юкини йиллар давомида кўтариб юриш ҳам осон иш эмас. Назаримда, ўта маърифатли инсон, маънавияти бой кишигина шунақа “синов”ларга дош бера олади. Шуларнинг ўзиёқ матонат, қатъиятлилик, маънавий бутунлик намунаси бўла олади.
Кўринадики, маърифат тарқатишнинг, мухлисларга маънавий таъсир этишнинг йўллари кўп экан. Ҳофиз тўй-маъракаларда ҳам халқ билан бевосита мулоқотда бўлади. Тўй эгаларини, маҳалла  оқсоқолларини самимий, чин сўзлар билан қутлаб кўнглини кўтара олиши, саховатпешалиги—буларнинг барчаси, аслини олганда, маърифат учқунларидир.
Мен бир тилшунос сифатида санъаткорларнинг нутқига, ижродаги талаффузига эътибор бераман. Баъзи машҳур санъаткорларимиз ўз фикрларини эркин баён қила олмайдилар. Шерали Жўраевда эса бу борада ҳам устунлик катта. Зотан, ҳофизнинг қўшиқ сўзларини аниқ ва равон талаффуз этиши, сўз урғусига ва мантиқийликка риоя қилиши, ўзбек тилининг бой ифода воситаларидан унумли фойдалана олишининг ўзи катта маҳорат нишонасидир. Ҳофиз ўзаро мулоқотларда ҳам, берган интервьюларида ҳам ўз фикрини бемалол, эркин билдира олади. Бу эса ҳофизнинг юксак маърифат соҳиби эканлигидан далолат беради.
Хуллас, Шерали Жўраевнинг қўшиқлари қанотида таралаётган маърифат учқунлари мухлислар қалбига зиё бағишлаб, уларни фақат эзгулик сари бошламоқда. Ҳофиз қайси мавзуда куйламасин, унинг кўз ўнгида она юрти, ватандошлари гавдаланади, юртнинг тақдири, келажак авлод намоён бўлаверади. Бошида дўпписи, қўлида тори ила таъзим қилаётган ҳофизнинг бундан кейин ҳам маърифат шуълаларига бой, маънавий баркамол қўшиқлар яратиб, халққа туҳфа этишини Оллоҳдан тилаб қоламиз.
 
Равшан Жомонов

Просмотров: 1194 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz