Среда, 15.05.2024, 01:14
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 18 » «Ўғри»нинг ҳимоясига икки оғиз сўз
17:08
«Ўғри»нинг ҳимоясига икки оғиз сўз

«Ўғри»нинг ҳимоясига икки оғиз сўз

 

            Кўпчилигимизни ўйлатиб, адабий давраларда турли баҳсларга сабаб бўлаётган, бироқ узил-кесил бир тарафга ҳал этилиши маҳол бўлган муаммолар таҳлилига бағишланган мақолалар матбуотимизда, кўп бўлмаса-да, эълон қилиниб турибди. Шубҳасиз, бундай мақолалар жуда катта аҳамиятга моликдир. Зеро, улар ўқувчини бефарқ қолдирмайди: ўйлашга, муносабат билдиришга ундайди — алал-оқибат тафаккуримизни бойитади. Сувон Мелиевнинг «Меҳр сеҳри»[1] номли мақоласи, фикримизча, айни шундай чиқишлардан бўлибди. Кўпчилик қатори ўз кўмочимизга кул тортиш билан овораи сарсон бўлганимиз бугунги кунда айни шу мақола айрим мулоҳазаларимизни ўртага ташлашга ундадики, бунинг учун муаллифдан беҳад миннатдормиз.

Мақолада муаллиф ўзбек ҳикоячилигининг нодир намуналаридан бўлмиш «Ўғри» (А. Қаҳҳор) ҳикоясига янгича муносабат билдиради, уни бугунги кун нуқтаи назаридан баҳолашга ҳаракат қилади. С. Мелиев «Ўғри» ҳикояси адабиётимизда ўз ўрнини топиб бўлганини эътироф этгани ҳолда «унга умуминсоний баркамол бадиийлик намунаси эмас, балки тоталитар даврнинг бадиий ҳужжати сифатида қараш тарафдори»эканлигини ёзади. Мунаққиднинг фикрича, ҳикояни умуминсоний бадиият доирасидан четга чиқарувчи нарса шуки, Қобил бобога ҳеч ким, «ҳатто унинг дард- аламини қаламга олмоқчи бўлган ёзувчи ҳам» раҳм-шафқат қилмайди. Муаллиф мазкур фикрни асослаб ёзади: «Бадиий мукаммаллик(ка) ёлғиз сўз-тасвир маҳорати, ёрқин деталлар, рангдор тил каби соф бадиий тушунчалардан ташқари адабий қаҳрамонга ( демак, инсонга) инсоний Меҳр, тақдирига сидқидилдан куйиниш ҳамдир. Шундай меҳрсиз, лекин юксак маҳорат билан битилган асар ҳам барибир бадиий номукаммалдир».  Умуман олганда,       С. Мелиев тўла ҳақ. Дарҳақиқат, инсонга муҳаббат —умуминсоний қадриятлар ядроси, усиз қадриятлар пароканда бўлиб кетади. Ҳаққаст рост: инсонга муҳаббат ҳисси билан йўғрилмаган асар бадииятдан йироқ тушади. Бироқ, бизнингча, асарда ўша муҳаббатнинг қай даражала ёҳуд қай йўсинда ифодаланишини белгилашга, унинг ошкора ёки пинҳона бўлишини талаб қилишга ҳақли эмасмиз. Шу мулоҳазага таянган ҳолда бошданоқ ўзимизнинг аксилдаъвомизни ўртага ташлаймиз: адабиётимизда инсон, халқ тақдирига куйиниб ёзилган «Ўғри» даражасидаги асарлар кам топилади. Эндиги муддаомиз шу даъвони имкон доирасида асослаш, холос.

Маълумки, «Ўғри»да ёзувчи «холис кузатувчи» мавқеини тутган: у воқеа-ҳодисаларга аралашмайди, унинг вазифаси — бадиий воқеликни ўқувчи кўз олдида жонлантириш. Ҳикоянинг аксар қисми мўъжаз «саҳна- кўриниш»лардан ташкил топганки, унда тасвирланаётган воқеаларни ўқувчи кўпроқ «кўради», яъни, ўқувчи ҳам асар воқелигидан четда туради. Табиийки, шу ўринда «нима учун ёзувчи ўзини ҳам, ўқувчини ҳам асар воқелигидан четга тортди?» деган савол туғилади. Бизнингча, ҳикояда «четланиш» («остранение») усулидан фойдаланаркан, А. Қаҳҳор муайян ғоявий-бадиий ниятни кўзлаган. Аввало шуни айтиш лозимки, қўлланган усул ўқувчини ҳиссий эмас, кўпроқ ақлий мушоҳадага ундайди. Иккинчидан, китобхон ҳикоя бадиий воқелигидан четда тургани учун ҳам конкрет бир эпизод (дейлик, Қобил бобо ва амин учрашуви) ёҳуд образга муносабат доирасида қолиб кетмайди. Аксинча, ўқувчи ҳамон кўз олдида турган ҳикоя воқелигидан туртки олиб ҳаёт ҳақида, инсон ва инсонлараро муносабатлар ҳақида кенг кўламда мушоҳада юритиш, умумлашмалар чиқариш имконига эга бўлади. Келинг, яхшиси биз ҳам мавжуд имкониятдан фойдаланиб,  адиб яратган бадиий воқеликка назар солайлик.

Ҳикояниннг бошланишидаёқ қуйидагича манзарага дуч келамиз:«Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағ-дағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади, кўзлари жовдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақалайди. Кимдир шундай кичкина тешикдан ҳўкиз сиғишига ақл ишонмаслиги тўғрисида кишиларга гап маъқуллайди». Муаллифнинг «кузатув пункти»дан туриб разм солинг-а, Қобил бобо фожиасига маҳалла-кўйнинг нечоғли бефарқлигига амин бўласиз. Шунинг учун ҳам хотинлар қарғиши йўлакай, итлар ҳуришию товуқларнинг қақалаши қаторида тилга олинади; шунинг учун ҳам маҳалла эрларини Қобил бобонинг аянч ҳолати эмас, кўпроқ оғил деворидаги тешик қизиқтиради. Буниси ҳам майли, элликбоши келиб дастлабки тафтишини бошлаши ҳамоно маҳалла аҳли ўз наздида бурчини ўтаб бўлди: «Одамлар, ўғри деворни қачон ва қандай асбоб билан тешгани, ҳўкизни қайси томонга олиб кетгани, уни қайси бозорда сотиши мумкин эканлиги тўғрисида баҳслаша-баҳслаша тарқалди».С.Мелиев таъбирича, шуурини қаҳрамонлардан «бири амалдор, иккинчиси камбағал бечора» эканлиги эгаллаган А. Қаҳҳор, аслида,  масалани анча кенгроқ қўйган кўринади. Ёзувчи талқинича, ўзга одам бахтсизлигига бефарқлик амалдорларгагина эмас — барчага хосдир. Сезамизки, адибни фуқаро ва амалдорлар муносабатининг синфий моҳиятигина эмас, инсонлар орасидан меҳр- оқибатнинг кўтарилаётгани, инсоний муносабатларнинг сийқаланаётгани кўпроқ ташвишлантиради. Бу ташвишнинг дояси кенг маънодаги инсонга муҳаббат бўлмаса, нимайкин?!  С. Мелиев «Нега Қобил бобо аҳволига ўқувчи қалбан ачинмайди?» деган саволни қўяди-да, унга, аввало, ҳикоянинг ўзидан эмас, у яратилган давр воқелигидан жавоб излайди. «Чунки Қобил бобо топталаётган пайт (мавҳум «ўтмиш»да эмас, асар ёзилган 30-йилларда) минглаб-миллионлаб одамлар қамоқхоналарда, лагерларда таҳқирланаётган, иззат нафси ерга урилаётган давр эди. Шунча одам топталаётганда, оломон «Халқ душманларига ўлим!» дея бўкираётганда қандайдир Қобил бобо ким бўпти? Уни қандайдир амалдорлар топтаса топтапти-да!?» Мунаққиднинг фикрича, даврнинг айни шу руҳи адибнинг Қобил бобо фожиасини ҳис қилишига халал берган. Тўғри, ҳикоя ўзи яратилган давр билан чамбарчас боғлиқ, бироқ бу боғлиқликни ўзгачароқ талқин қилиш ҳам мумкин. Бунинг учун 30-йиллар воқелигидан чиқиб келиб ҳикоя ҳақида эмас, ҳикоя бадиий воқелигидан келиб чиқиб 30-йиллар ҳақида фикр юритиш лозим,холос. Хусусан, яна Қобил бобо фожиасига маҳалла-кўйнинг бефарқлигини олайлик. Маҳалла-кўй Қобил бобони амалдорларга «ем» қилиб қўйиб, ўзи томошабин бўлиб тургани каби ўша мудҳиш 30-йилларда ўзига гал келмаганки одам томошабин бўлиб қолмаганмиди?! Шу ўринда А.Ориповнинг «Оломонга» номли шеърини эслагимиз келади. Ҳар бир сатридан изтиробга йўғрилган ғазаб, борингки, нафрат силқиб туради унинг. Лекин ўша нафрат ҳам халққа нисбатан буюк муҳаббатдан туғилган, ахир! Ҳа, А.Қаҳҳор мудҳиш 37-йил арафасида Қобил бобо тимсолини яратди. Ўша пайтда адиб ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам «давлат машинаси қаршисида титраётган Қобил боболар» деб тушунган бўлса, А.Орипов айтган гапларни йўлини қилиб илгарироқ, ўз вақтида айтиб, «томошабин»ларни огоҳлантирмоқчи бўлган бўлса не ажаб?!

            Агар ҳикояни шу йўсин талқин қилсак, амалдорларнинг «ноинсоний» қилиб тасвирланганлиги масаласи ўз-ўзидан тушиб қолади. Зеро, ёзувчи яратаётган бадиий воқелик — реалликнинг аксигина (яъни, уни акс эттириш нияти бирламчи эмас) бўлмай, реаллик ҳақида мушоҳадага ундовчи бир структурадир. Бу структурада эса одатланиб қолганимиздек иккита эмас, учта таянч нуқтаси бор: маҳалла — Қобил бобо — амалдорлар. Юқорида кўрганимиздек, бу нуқталарнинг ҳар бири контекстдан узилиб реаллик билан боғланганида умумлашма маъно касб этади: маҳалла — омма тимсоли, Қобил бобо — тоталитар тузумдаги алоҳида олинган шахс тимсоли, амалдорлар — тоталитар давлат тимсоли.

            Кўпчилик наздида бу фикрларимиз асоссиздай туюлса, ажаб эмас.  Сабабки, ҳозирги кунда аксарият ўқувчилар онгида А.Қаҳҳор ҳақида негативроқ фикр муқимлашиб қолди. Хусусан, адибнинг ўтмиш мавзусидаги асарлари «ўтмишни қоралашу замонани алқаш» мақсадида ёзилган, деган қараш устивор. Жумладан, С.Мелиев мақоласидаги фикрлар ҳам шу хил қарашга туртки беради: «Ўтмишга қора чаплаш, шунинг муқобилида ўз салтанатини кўкларга кўтариш тоталитаризмнинг муқим ақидаларидан бири эди». А.Қаҳҳор ҳикояси айни шу  ақидани ўқувчига сингдириш мақсадида ёзилган, деган фикр мақоланинг мазмун-мундарижасидан қизил ип бўлиб ўтади. Хўш, А.Қаҳҳор мазкур «ижтимоий заказ»ни қай йўсин бажарипти? Мунаққиднинг ҳикоядаги бир эпизод — амин ва Қобил бобо учрашуви хусусидаги фикрларидан жавоб топиш мумкин бунга. Мақола муаллифи «Ўғри»да тасвирланган  ҳолат ҳаётда юз бериши мумкинлигини эътироф этгани ҳолда унинг «совуқ, ҳиссиётсиз баён этилгани туфайли санъаткорона ишлов берилганига қарамай, ижтимоий маъно, синфий моҳият доирасида қолиши»ни таъкидлайди. Демак, бор гап тасвир манерасида — ҳиссиётсизликда. Ҳиссиётсизлик эса, юқорида кўрдик, адибнинг «холис кузатувчи» мавқеида турганлигидан келиб чиқади. Шу ўринда табиий бир савол туғилади: модомики ёзувчи мақсади ўтмишни қоралашгина экан, ўқувчини ҳикоя воқелигидан четлатиши зарурми эди? Ахир, муносабатини ошкор қилиб, ҳисларини ўқувчига «юқтириб», уни ҳикоя воқелигига олиб кирганида бу мақсадга осонроқ эришиши мумкин эди-ку?! Кўрамизки, ҳикоянинг ифода ва тасвир манераси «ўтмишни қоралаш» мақсадига унчалик мувофиқ эмас. Шунинг ўзиёқ, фикримизча, С.Мелиевнинг:«Ўтмиш ҳикояларида адибнинг ўз бадиий концепцияси йўқ. Тоталитар тузум адабиётга юклаган ғоявий мақсад (ўтмиш адолатсизликларини фош этиш) бадиий образлар воситасида юксак маҳорат билан тасдиқланган, холос. Шунинг учун мазкур ҳикояларни, хусусан, «Ўғри»ни бадиий баркамоллик намунаси сифатида тарғиб этиш ноўрин»,- деган хулосасини жиддий шубҳа остига қўяди.

            Дадил эътироз қилиш мумкинки, «Ўғри» ўтмишни қоралаш ёки муайян ғояни «бадиий образлар воситасида тасдиқлаш» ниятидагина ёзилган эмас. Агар масалани шу тахлит қўядиган бўлсак, бадиий асар моҳиятини, ижод табиатини ҳисобга олмаган, жўнлаштирган бўлиб чиқамиз. Ҳа, А.Қаҳҳор «ноинсоний /оя ёзувчига нима ёзиш ва қандай ёзишни буюриб турган»  бир шароитда ижод қилди. Албатта, кўп қатори у ҳам замона, мафкура тазйиқидан ҳоли бўлолган эмас. Шу билан бирга, А.Қаҳҳор мустақил фикрлашга қодир шахс, бетакрор санъаткор бўлганини ҳам инкор қилолмасмиз. Ҳақиқий санъаткор учун эса ижод жараёнида замон чегаралари мавжуд эмас: бу илоҳий лаҳзаларда ўтмиш, ҳозир ва келажак ижодкорнинг қалб кўзида бир фокусга жамланади. «Ўғри»га ўхшаган асарлар ижодкор ҳаётда муайян муаммоларга дуч келиб, уларни бадиий идрок этиш умидида ўз қалбига мурожаат қилиши, ўзининг ва миллатнинг тажрибасига (тажриба эса доимо ўтмиш билан боғлиқ)таянган ҳолда ҳиссий-интеллектуал мушоҳада юритиши натижаси ўлароқ дунёга келади. Биз бу гапларни А.Қаҳҳорни реалист санъаткор, «Ўғри»ни реалистик асар деб билганимиз учун айтмоқдамиз. Маълумки, реалистик адабиёт сўз санъатининг «билиш» мақсадини биринчи планга чиқарган эди. Бироқ, шуниси ҳам борки, реалистик адабиётнинг мазкур ўзак хусусияти «Ўғри»да ўзгачароқ намоён бўлади. Хўш, бу ўзгачалик, ўзига хослик нимада? Биринчидан, ҳикояда тасвирланаётган нарса бошқа-ю, ёзувчи англашга интилган нарса бошқа: ўтмиш тасвирланади, замонани англашга ҳаракат қилинади, - шу ўринда замон чегараларининг олиб ташланганига гувоҳ бўламиз. Иккинчи томондан, «Ўғри» да бадиий идрок этиш бевосита тасвир  жараёнида амалга ошмайди (яъни тасвир билиш воситаси эмас). Аксинча, ижодкор замонаси, атрофида юз бераётган воқеа- ҳодисалар моҳиятини атрофлича мушоҳада этиб муайян хулосаларга келади-да, уларни тасвирда (ҳикоянинг бадиий воқелигида) муҳрлаб қўяди. Натижада ҳикоянинг бадиий воқелиги универсал моделлик хусусиятига эга бўладики, асарни фақат у яратилган ёки унда қаламга олинган давр реаллигигагина боғлаб талқин қилиш ярамайди - бадиий умумлашма кўлами торайиб кетади. Шу ўринда ҳикоянинг яна бир жиҳатига диққатни жалб қилмоқчимиз: «Ўғри»нинг бадиий структурасида, бизнингча, экзистенциализм адабиёти поэтикасига хос унсурлар кузатилади. Ҳикояда кузатганимиз интеллектуаллик даражасининг юқорилиги, муаллиф концепциясини ифодаловчи ҳаётий ҳолатларни моделлаштириш (экзистенцилизмдан фарқ қилароқ, бунда модель ҳам реаллик иллиюзиясини ҳосил қилади)га интилиш кабилар шу фикрга олиб келади. Тахминимизнинг қанчалик ҳақиқатга яқин-узоқлигини, бу ўхшашликнинг сабаб ва омилларини кейинги изланишлар кўрсатар. Бироқ шунинг ўзиёқ А.Қаҳҳор доим ҳам ҳоким мафкура исканжасида, социалистик релизм қолиплари доирасида қолиб кетмаган, ижод онларида баъзан ички эркинликка ҳам эга бўлган, дейишга асос беради.

Юқоридаги мулоҳазаларга таянган ҳолда А.Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикояси баркамол бадиийлик намунаси эканлигини яна бир карра таъкидлаб айтишга ўзимизда журъат сезамиз. Бунга амин бўлиш учун «Ўғри»ни талқин қилишда унинг ўзига хос поэтик хусусиятларини эътиборда тутиш, воқеликдан келиб чиқиб ҳикояга эмас, ҳикоядан келиб чиқиб воқеликка муносабат билдиришимиз талаб қилинади, холос. Зеро, аксинча йўл тутсак, асарга ёндошишда вульгар социологик мавқедан нари ўтмаган бўлиб чиқамиз.

Просмотров: 616 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz