Вторник, 14.05.2024, 20:58
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 5 » УНГА НИСБАТАН АДОЛАТСИЗЛИК
15:47
УНГА НИСБАТАН АДОЛАТСИЗЛИК

Ш. ЖЎРАЕВНИНГ 1996 ЙИЛДА “ЎЗБЕКИСТОН - ВАТАНИМ МАНИМ”
ҚЎШИҚ-ТАНЛОВИДАГИ ҒАЛАБАСИ ВА УНГА НИСБАТАН
АДОЛАТСИЗЛИК

Маълумки, ЎзР Президенти, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И.Каримов 1995
йил 5 декабр куни “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг беш йиллигига
бағишланган “Ўзбекистон – Ватаним маним” мавзусида қўшиқлар кўрик-
танловини ўтказиш тўғрисида” ЎзР Вазирлар Маҳкамаси Қарорига имзо чекди [74].
Қарорнинг 2-иловасида кўрик-танлов ҳайъати рўйхати берилганди. Уни келтириб
ўтайлик (жюри аъзоларининг исмларини камина ёзди).
“Т.Ғофурбеков – Санъатшунослик институти директори, раис.
Д.Омонуллаева – бастакор, раис ўринбосари.
А.Жўраев – журналист, котиб.
Аъ з о л а р и:
М (Мустафо).Вафоев – бастакор.
К (Карим). Баҳриев – журналист.
Х (Хуршид). Даврон – шоир.
Ж (Жуманиёз). Жабборов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби.
Ф (Фаррух). Зокиров – бастакор, хонанда.
А.Икромов – бастакор.
А.Кўчимов – “Ўзтелерадио” компанияси раисининг ўринбосари.
Ф (Фаттоқхон). Мамадалиев – халқ ҳофизи, профессор.
А (Анор). Назаров – бастакор.
Х (Хайриддин). Султонов – ёзувчи.
М (Муҳтарам). Улуғова – шоира.
А (Александр). Файнберг – шоир.
Р (Раим). Фарҳодий – шоир.
О (Орифжон). Ҳотамов – халқ ҳофизи.
Р.Юнусов – М.Ашрафий номидаги Тошкент Давлат консерваториясининг
проректори.
М (Муҳаммад). Юсуф – шоир.” [74]
1996 йил 24 август куни Ўзбекистон газеталарида қуйидаги мазмундаги ахборот
эълон қилинди.
“1996 йил 22 август куни Тошкентда “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқлар
кўрик-танловини ўтказиш ташкил қўмитаси ва ҳайъати аъзолари Республика
оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот конференцияси ўтказди.
Кўрик-танловининг биринчи босқичида туманлар сўнгра эса Қорақалпоғистон
Республикаси, вилоятлар ҳамда вазирликларда ўтказилган танловда 10 мингдан
зиёд қўшиқ тингланди. 65 қўшиқ кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок
этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
24-26 август кунлари “Туркистон” саройида пойтахтимиз ҳамда вилоятлардан
ташриф буюрган санъаткорлар ўз ижодини намойиш этиб, кўрик-танлов ғолиби
аниқланади. 28 август куни “Халқлар Дўстлиги” саройида якуний босқич
иштирокчиларининг катта концерти ўтказилади.
Матбуот конференциясида “Ўзбекнаво” бош директори А.Назаров, маданият
ишлари вазирининг ўринбосари М.Абдуқундузов, Республика бастакорлар
уюшмаси раиси Р (Рустам, А.Ш.) Абдуллаев якуний босқичга тайёргарлик
ишларининг бориши тўғрисида гапириб, журналистларни қизиқтирган
саволларига жавоб қайтарди.” [75]
“Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқлар кўрик-танлови қандай ўтганлиги ҳақида
унинг ғолиби Шерали Жўраевнинг ўзидан эшитсак.
“Ҳамишагидек, мени ёқтирмайдиган бир-иккита “аён”лар бор. Уларнинг
ўзларининг ашулачилари бор. Мени телевизорга чиқармаслик учун арзимаган
баҳона ўйлаб топишади-ю, олиб бориб “юқори”га тақашади. “Шералини
телевизорга чиқарсанг “юқоридагилар хафа бўладилар”, дейишади. Қизиғи, ҳозир
ўша “аён”лар отдан тушиб кетди, аммо ўрнига келган муҳтарам зотлар ҳам
“олдинги улуғим бир нарсани билгандир”, деб ҳалиги таъқиқни олиб ташламайди.
Нималигини ўзлари билишмайди ҳам.
Энди бўлган воқеани айтиб берай. “Ўзбекистон Ватаним маним” деган қўшиқлар
танловидан бошланди ҳаммаси.
“Ўзбекнаво”нинг раҳбари Анор Назаров менга телефон қилиб, шу танловда
иштирок этишимни сўради. Мен у кишига ўз таклифимни айтиб, “Профессионал
артистларнинг танловини алоҳида, ҳаваскорларнинг танловини алоҳида
қилинглар, чиройли бўлади” дедим. У киши унамадилар. Биласиз, менинг
аввалдан Ватанни улуғловчи 10-15 та қўшиғим бор. “Томошабин менга қарсак
чалиб туриб олса нима бўлади, қолганларни қийнаб қўямиз-ку?” дедим. У киши
“Сиз қатнашаверингчи, бу марду майдон, кўрасиз, улоқни сиздан ҳам олиб
кетувчилар чиқиб қолар” дедилар. Мен рози бўлдим.
Кейин билсам, танлов бир ўйин экан. Ҳакамлар ҳайъатида ўтирган бастакор
жанобларининг 3-4 қўшиғи, ҳакамликдаги шоир ҳазратларининг 3-4 қўшиғи
танловда иштирок этаяпти экан. Ҳатто ўз қўшиғи билан танловда иштирок
этаётган қўшиқчи ҳам ҳакам бўлиб ўтирибди, денг. Ҳали бошланмаган танловда
ким биринчи, ким иккинчи бўлиши аниқ экан. Газеталарда менинг ҳам
иштироким ёзилгани учун бурилиб кетолмадим.
Ҳамма ижрочилар қўшиғини айтиб бўлгач, саҳнага чиқаришди. “Она юрт
Ўзбекистон – олтинга топилмағай” деган биринчи қўшиғимни куйладим.
“Туркистон”да ўтирган аксарият қўшиқчилар, қатнашчилар тан бериб қўйишди.
(Шу ерда биринчи қўшиқ матнини келтириб ўтсак (Ш.А.).
Созлар чалиб куйласам, мадҳинг адо бўлмағай,
Дунё кезиб изласам, ўхшашинг топилмағай.
Бу дунёнинг жаннати, сенсиз кўнглим тўлмағай,
Она юрт Ўзбекистон – олтинга топилмағай.
Гуллаган водийларинг гўзалликка андоза,
Самарқанду Бухоро кенг дунёга овоза.
Ерда ҳуру паридек қизларинг гул-гул, тоза,
Ўғлонларинг мард эрур, номардга сотилмағай.
Жидда, Тоиф, Мадина, Маккада ҳам кутган бор,
Душанбеда жон бериб, Афғонда қон ютган бор,
Турку Ҳинду Қашқарда кўзи очиқ ўтган бор,
Ватан дея ўлса ким, тупроғи соврилмағай.
Олисдаги юртдошлар сенга қулоқ тутмоқда,
Босқинчилар етказган жароҳатлар битмоқда,
Ўғлонларинг, қизларинг истиқлол деб чиқмоқда,
Иймони пок элимнинг йўллари боғланмағай,
Она юрт Ўзбекистон – олтинга топилмағай. [7, 20-б.], Ш.А.)
Иккинчи қўшиғим “Соҳибқирон”ни тинглашганда сел бўлишди. Гулдурос қарсак
чалишди.
(Энди иккинчи қўшиқ матнини келтириб ўтсак (Ш.А.).
Туркий элим, сен азалдан буюк элдурсан,
Чунки сенда қисмати бор Соҳибқироннинг.
Мехмоннавоз, қўли очиқ, очиқдилдурсан,
Чунки сенда ҳиммати бор Соҳибқироннинг,
Сенда буюк хислати бор Соҳибқироннинг.
Амир Темур туғилган эл туркий барлосдур,
Эрон ё Рум, Хитой, Ҳинддан буткул халосдур,
Ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожик, балки хакосдур,
Уйғур, тотор, чумош, туркман туркийга хосдур,
Тўқсон икки миллати бор Соҳибқироннинг.
Оллоҳга қул, Муҳаммадни расул билган эл,
Амир Темур давлатида тошиб тўлган эл,
Темур ўтгач ҳар тарафга тарқаб кетган эл,
Бугун келиб ўзлигини англаб етган эл,
Ўзбек деган миллати бор Соҳибқироннинг.
Темур ўтгач салтанатни буздилар узоқ,
Туркийларнинг кўксида бу аламли бир доғ,
Лекин Темур салтанатин пойдевори соғ,
Дилни поклаб, пойдеворга ғишт қўйинг оппоқ,
Шундай буюк давлати бор Соҳибқироннинг.
Миноралар Темурийлар савлатидандур,
Мадрасалар пок иймоннинг сарҳадидандур,
Алишер хам Темурийлар авлодидандур,
Шерали ҳам унинг буюк давлатидандур,
Тугаб битмас санъати бор Соҳибқироннинг. [7, 18-б.], Ш.А.)
Ниҳоят А.Орипов сўзи билан “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиғини янгича
талқинда куйлаганимда залдагилар ўзларининг танлов иштирокчилари эканини
ҳам унутишиб, ўринларидан туриб менга жўр бўлишиб, куйлай бошлашди.
(Учинчи қўшиқ матнини ҳам келтириб ўтсак (Ш.А.).
Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун –
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри,
Бир ўлка бор дунёда, бироқ
Битилмаган достондир бори,
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,
Барчасига етмагай кўзим.
Мақтамасман мозийни бироқ,
Ўтмишингни ўйладим бир зум.
Сени Чингиз ғазабга олиб,
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.
Жалолиддин самани бўлиб,
Сакраб ўтдинг Амударёдан.
«Озодсан» деб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир.
Икки аср ярим дунёни
Зир титратди Темур жаҳонгир.
Дейман, бу кун, у маним, маним,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ватаним маним.
Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир калом бор сўз аввалида.
Осмон илми тузилган илк бор
Улуғбек жадвалларида.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир зот бордир, баридан улуғ.
Улуғларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен эмасму фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Сен эмасму охирги нонин
Ўзи емай ўғлига тутган.
Сенсан ўзинг, жон-таним менинг,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ватаним маним.
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ватаним маним.
Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё,
Барчасига гувоҳ - ер ости.
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳонгири кам бўлар, рости.
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Йиллар ўтиб, йиллар келиб мард ўғлонларинг,
«Озодсан» деб қайтадан айтди.
Тўпроғингдан олтининггача
Эга бўлмоқ ўзингга етди.
Сен озодсан, имонинг покдир,
Тангри сани марҳамат этди.
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон деган бу элнинг
Довруғи ҳам оламга кетди.
Сен озодсан топтамас ғаним,
Ўзбекистон, Ватаним маним. (Ш.А.))
Бундан мен ҳам тўлқинландим. Залдагилар ҳам дарёдай тошди. Ўша куни шу
нарсани телевизорга олганларидан бери танлов олдидан “Шерали ака,
қўрқмайсизми, ҳаваскорлардан кимдир ғолиб бўлиб, сиз ютқизиб қўйсангиз нима
бўлади?” деганди. Мен куйлаб бўлганимданоқ келиб табриклаб, “Ака, учта
қўшиғингиз учта ўринни эгаллаб қўйди” деди.
Энди ҳакамларнинг аҳволини кўринг. Ҳалиги ашулачи ҳакам ҳам кўзойнаги
дастасини оғзига солганича, қотиб қолибди.
Энди нима қилишади?
Ўзлари бўлиб олган ўринларни эълон қилайлик, дейишса, бу уч қўшиқ азоби, бу уч
қўшиққа ўрин берай деса, уч ўринга ёзиладиган қоғоз ҳам ёзилиб бўлинган.
Уч-тўрт соат маслаҳат қилиб ҳам ҳакамларнинг маслаҳати “пишмади”. “Бошқа
куни ғолибларни эълон қиламиз” дейишди.
Танловнинг бош ташкилотчиларидан бири “Буни зўрлигини билардинглар-ку,
нега танловга киритдиларинг, энди бир йўлини қилиб, уни четлатинглар” деб
ҳакамларни “тузлабди”.
Эртасига мени Анор ака чақириб “Сизнинг ҳалиги таклифингиз жўяли экан,
профессионалларнинг танловини алоҳида қиламиз” деди. Мен “Ие, буёғи қанақа
бўлади, мен қатнашиб қўйдим-ку?” дедим. “Мана сизнинг таклифингиз битилган
хатни юртбошимизга тайёрлаб қўйдик. Бошқа профессионаллар қўл қўйди, сиз
қолдингиз”, деди. Кўп улуғ хат бўлибди, деб рози бўлиб қўя қолдим. Билмадим у
хатнинг тақдири нима бўлди.
Мени якуний концертга чақиришди. Мен қўшиқ куйладим. Яна ҳалиги ҳолат
бўлди. Ҳамма ўрнидан туриб қўшилиб куйлади.
Саҳнада бир қонун бор. Ташкилотчилар кимни улуғларнинг назарига тушиб
қолишини истасалар концертнинг охирида чиқаришади. Мендан кейин 1-2 та
қўшиқчини олиб қолишган экан. Менинг қўшиғимдан кейин “маза қилиб бўлган”
томошабин ҳам, “зўри шу бўлса керак” деб ўйлаган улуғлар ҳам чиқиб кета
бошлашди. Асраб-авайлаб турилган қўшиқчилар обрў ололмай қолди. Бундан
ғазабланган ташкилотчи “аъён”лар мени ёмонотлиғ қилишди.
“Шерали вақтни чўзди. У узоқроқ куйлади”. Баҳонани қаранг. Ахир А.Ориповнинг
“Ўзбекистон - Ватаним маним” шеърининг ўзини ўқишга 20 минут вақт кетади-ку?
Мен уни қисқартириб 14-15 минутлик ашула қилганман. Телевизорда охирги
марта ўша концертни телевизор орқали кўрсатишганда кўриндим. Ўшандан бери
телевизорга чиқаришмайди.” [49, 5-6-б.]
Ш.Жўраевнинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “Танловнинг бош
ташкилотчиларидан бири “Буни зўрлигини билардинглар-ку, нега танловга
киритдиларинг, энди бир йўлини қилиб, уни четлатинглар” деб ҳакамларни
“тузлабди” [49, 6-б.].
Кўрик-танловга маблағ ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра берилган.
Танловнинг бош ташкилотчисига “Ш.Жўраевга биринчи ўрин берилмаслиги
керак” деган маънодаги буйруқ даражасидаги кўрсатмани ким бера олади? Бундай
оғзаки буйруқни Ўзбекистондаги полициявий режимни бошқараётган бир гуруҳ
раҳбарлардан бири бериши мумкин. Ахборот, жумладан қўшиқлар билан боғлиқ
ахборотларни назорат қилувчи бош ташкилот – бу Ўзбекистон Миллий хавфсизлик
хизматидир.
Муаллиф қуйидаги ёзаётган гаплар билан Анор Назаров қилган ишини оқламоқчи
эмас. Фақат масалага чуқурроқ таҳлил этиб ёндошмоқда.
Камина фикрича, Ш.Жўраевга биринчи ўрин бермаслик учун ЎзР Президенти
номига алоҳида хат тайёрлаш ечими ўйлаб топилади ва хат матни ўша куни – 1992
йил 26 августда тайёрланади. Ундан кейин кўрик-танлов жюри аъзоси, Ш.Жўраев
яккахон хонанда бўлиб ишлайдиган ташкилот – “Ўзбекнаво” бирлашмаси раҳбари
Анор Назаровга оғзаки буйруқ берилади.
Тайёрланган хат матни остига машҳур халқ артистлари, республикада хизмат
кўрсатган артистлар имзолари йиғиб чиқилади. Натижада баъзиларда бу ишни
бевосита А.Назаров уюштираётир, деган тасаввур пайдо бўлади.
Агар Ш.Жўраевни ғолиблик шоҳсупасидан четлатиш фикри, таклифи фақат
А.Назаровга тегишли бўлганида, воқеалар бундай ривожланиши мумкин эди.
Кўрик-танлов ҳайъати 20 (котибни ҳисобга олмаганда, 19) кишидан иборатдир
(рўйхат юқорида берилган). А.Назаров ҳайъат раиси ёки раис ўринбосари эмас,
балки 17 аъзосидан биридир, холос. Кўрик-танлов ҳайъатининг 1996 йил 26 август
йиғилишида А.Назаров таклифи овозга қўйилганида, бундай адолатсиз қарор
тасдиқланмаган бўларди. Чунки А.Назаров фақат битта овозга эгадир. Шу сабабли
Ш.Жўраевга нисбатан чиқарилган адолатсиз қарорда мамлакатимиздаги мавжуд
полициявий режим раҳбариятининг “жунли қўли” бор, деб ҳисоблайди камина.
“Юртбоши номига хат уюштириш операцияси”дан кейин кўрик-танлов
ҳайъатининг қуйидаги қарори 1996 йил 28 август куни Ўзбекистон газеталарида
чоп этилди.
“Туркистон” саройида бўлиб ўтган якуний босқичда кўрик-танлов ҳайъати
томонидан ғолиблар аниқланди. Кўрик-танловда фаол қатнашган бир гуруҳ
машҳур халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар бу катта тадбирда
мамлакатимиз фуқароларидан 54 минг киши қатнашганлиги, ўн мингдан зиёд янги
қўшиқлар яратилганлигини ҳисобга олиб ўзларига берилиши мумкин бўлган
мукофотларни ёш истеъдодларга бериш ҳақида ҳайъатга махсус мурожаат этдилар.
Ҳайъат бу мурожаатни эътиборга олиб, халқимизнинг таниқли санъаткорларга
миннатдорлик билдирди.
Ҳайъат аъзоларининг бир овоздан келишувига мувофиқ кўрик-танлов ғолиблари
учун бериладиган биринчи ўрин (125 минг сўм) очиқ қолдирилди. Анъанага
айланаётган “Ўзбекистон – Ватаним маним” кўрик-танловида ғолиб қўшиқ
яратилишига асло шубҳа йўқ. Халқимиз истеъдодларга бой. Буюк Ватанимизни бор
овозда куйлайдиган энг дилбар, энг жозибадор ва энг оммавий қўшиқларнинг
яратилиши табиий.
Кўрик-танлов ҳайъати қарорига мувофиқ ғолиблар қуйидагича белгиланди:
Иккинчи мукофот (ҳар бири 70 минг сўмдан):
1. Бахтиёр УМИРОВга, “Она юртим” қўшиғи ижроси учун, З.ОБИДОВ шеъри,
Ш.АСРАҚУЛОВ мусиқаси (Тошкент вилояти).
2. Асатилла ХОЛИҚОВга, “Ўзбекистон аскарлари” қўшиғи ижроси учун,
А.ОБИДЖОН шеъри, А.НАЗАРОВ мусиқаси (республика Мудофаа вазирлиги).
3. Роза КУТЕКЕЕВАга, “Мустақиллик гуллари” қўшиғи ижроси учун, И.ЮСУПОВ
шеъри, Н.МУҲАММАДИНОВ мусиқаси (Қорақалпоғистон Республикаси).
Учунчи мукофот (ҳар бири 50 минг сўмдан):
1. Саломат ИБРОҲИМОВАга, “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиғи ижроси
учун, И.ЖИЯНОВ шеъри, С.ИБРОҲИМОВА мусиқаси (республика Олий ва ўрта
таълим вазирлиги).
2. Павел БОРИСОВга, “Мен сени севаман, Ўзбекистон” қўшиғи ижроси учун,
Р.Фарҳодий шеъри, П.БОРИСОВ мусиқаси (Тошкент шаҳри).
3. Сафия САФТАРОВАга, “Ватан ягонадир” қўшиғи ижроси учун,
Х.БОБОМУРОДОВА шеъри, С.САФТАРОВА мусиқаси (Самарқанд вилояти).
Рағбатлантирувчи мукофот (ҳар бири 30 минг сўмдан):
1. Дилшод КАТТАБЕКОВга, “Озод элни ўғлиман” қўшиғи ижроси учун, ...
2. Галина ШИНга, “Ўзбекистон масканим” қўшиғи ижроси учун, ...
3. Қодир ЖЎРАҚУЛОВ ва Владимир КОЛЕСНИКОВга, “Навоий” қўшиғи ижроси
учун, ...
“Ўзбекистон – Ватаним маним” кўрик-танлови ҳайъати. 1996 йил, 26 август,
Тошкент шаҳри.” [76]
Қизиғи шундаки, ушбу қарор “Халқ сўзи” газетасида жуда майда ҳарфда териб чоп
этилган. Бундан мақсад: ўша 1996 йил август ойи охирги кунларида газетани
ўқиганлар ҳам, кейинчалик газетанинг ушбу сонини варақлаётган фуқаролар ҳам
“Ўзбекистон – Ватаним маним” кўрик-танлови ҳақидаги қарорга эътибор бермасин
ва уни сўраб-суриштирмасин. Яъни бу қарор ва унинг атрофидаги гапларни
ўқувчи билмай қўя қолгани режим учун маъқул.
Савол туғилади: ЎзР Президенти номига уюштирилган алоҳида хат матни ва унга
имзо қўйган машҳур халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар фамилиялари
билан матбуотда биргаликда нега эълон қилинмади?
Мукофот пулининг харид қийматини тасаввур қилиш учун эслатиб ўтамиз: 1996
йил 23 августда 1 АҚШ доллари 39,0 сўм эди [77]. 125 минг сўм тахминан 3200 АҚШ
доллари тенг. Ўша вақтда 1000 долларга Тошкент шаҳрида бир хонали квартира
сотиб олиш мумкин эди.
Шундай қилиб, 1996 йил август ойи охирида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Ватаним
маним” кўрик-танловининг дастлабкисида ғолиб келган ҳофиз ва шоир Шерали
Жўраевга биринчи ўрин берилмади ва унга нисбатан режим каттагина
адолатсизлик қилди!

Просмотров: 1043 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz