Вторник, 14.05.2024, 17:32
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 18 » Тўй — фаровонлик белгиси, аммо...
18:07
Тўй — фаровонлик белгиси, аммо...

Тўй — фаровонлик белгиси, аммо...
“Бу Ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”, деб ёзади Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида.
Истиқлолнинг илк йилларидан мамлакатимизда ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оила институтига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши ва шу муносабат билан ишлаб чиқилган Давлат дастури бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, биз маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий табиатимиз, урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч, деб биламиз.
Яна ўша эски дард
Тўйдан муддао — яхшилик. Эзгу ният, хайрли мақсад билан икки ёшнинг бошини қовуштирамиз. “Серфарзанд, сердавлат бўлинглар. Ўзларингдан кўпайинглар. Униб-ўсинглар”, дея кайвониларимиз ёшларни дуо қилишади. Янги оила бунёд этилади. Лекин биз нимагадир ёшларнинг бахт-саодати, келажаги ҳақида эмас, кўпроқ тўй, уни қандай ўтказиш хусусида қай­ғурамиз. Қулоғимизгача қарз­га ботсак-да, обрў учун қозон-қозон гуруч дамлаймиз. Автомашиналардан карвон тузиб, маҳаллада “дув-дув гап” қилгимиз келади. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қиламиз. Элнинг расм-русумини қиляпмиз, дея исрофдан гап очган одамнинг оғзига урамиз.
Бир фильм қаҳрамони айт­ганидек, ўзимиз яратган урф-одат ва удумларга ўзимиз сажда қиламиз. Расм-русумни деб молу жонимизни гаровга қўямиз. Шу билан янги қурилаётган оила мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли бўлса, нур устига нур. Бироқ тўйдан кейинги иқтисодий қийинчиликлар, қудалар ўртасидаги кераксиз олди-бердилар ёш оила бахтига зомин бўлиб қолиши хусусида кўпинча ўйламаймиз ҳам.
Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оила тўкис бўлса — жамият фаровон. Оила даромади жамият бойлиги билан чамбарчас боғлиқ. “Пул меники, қандай хоҳласам, шундай сарфлайман. Истасам — дабдабали тўй қиламан, истасам — данғиллатиб уй соламан”, деб ҳисоблайдиганлар бор. Улар бойлигимизни ҳавойи орзулар учун совуришимиз охир-оқибат ўзимизга зиён эканини наҳотки билмайдилар?!
Аҳли донишлар шуҳратпарастлик, манманлик, такаббурлик деб баҳолайдиган дабдабабозлик билан ном қозониш, мол-дунёсини кўз-кўз қилиш унчалик қийин иш эмасдир, эҳтимол. Аммо ўзини шу заминга дахлдор деб билган коргар акаларимиз тўй деган томошада сочадиган маблағларининг лоақал ўндан бирини хайрли мақсадларга, дейлик, бева-бечораларга ёрдам бериш, ўзлари яшайдиган маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, янги иш жойлари ташкил этиш, ёшларни илмли қилиш, йўллар, кўприклар қуриш сингари эзгу ишларга сарфласалар нафақат эл-юрт олдида обрў-эътиборга, балки катта савобга ҳам дохил бўладилар-ку!
Беҳбудий таъбири билан айтганда, тўй ва аза исминдаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётгани бор гап. “Эрдан чиқсанг ҳам, элдан чиқма” нақлига амал қилиб, вужудимизни қуртдек кемираётган бу хасталикни бекитишга, ўзимизга ёқмаган пойгада ҳарсиллаб чопишга ҳаракат қиламиз. Маърака-маросимларимиздаги дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳақидаги гап-сўзлар, таъна-дашномларга ич-ичимизда қўшилсак-да, сиртимизга сув юқтирмаймиз. Фойдаси йўқ, барибир ҳеч нарса ўзгармайди, бу ҳақда гапириш — осмонга кесак отишдай бир гап, дея қўл силтаб яшайверамиз.
Президентимиз раҳнамолигида нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам кучли жамият, қудратли давлат барпо этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ўтган йиллар давомида бу борада юксак натижаларга эришдик. Шундай экан, миллий маънавиятимизга заррача бўлсин таъсир кўрсатадиган барча омил ва мезонларни чуқур таҳлил қилишимиз, ўрганишимиз, хулоса чиқаришимиз шарт. Шу ўринда ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги бўлган тўй, маърака ва бошқа турли маросимлар ўша омилларнинг салмоқли қисмини ташкил этишини ҳам унутмаслик даркор.
Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 28 октябрдаги Фармонида “Кейинги вақтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда мамлакатимизнинг кўп жойларида шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби эскидан қолган асоратларга йўл қўйилмоқда”, деб таъкидланган.
— Ушбу Фармонда белгиланганидек, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Ёзувчилар уюшмасининг вилоятлардаги бўлимлари ҳамкорлигида тўй ва бошқа маросимларнинг ўтказилишини ўрганиш, назорат қилиш гуруҳи ташкил этилган, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. — Замон талабларига мос, халқимизнинг қарашларига мувофиқ келадиган намунавий тўйлар сценарийлари тайёрланиб, маърака ва маросимларни камтарона, камчиқим ўтказиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган. Афсуски, ҳамма ҳам бу тавсияларга амал қиляпти, деёлмаймиз.
Тўйхонами, ўйхона?!
...Сайёра опа билан Самарқанд — Тошкент автобусида танишдик. Пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирида талабаларга сабоқ бериб келаётган опахон билан гапимиз тез қовушди. Суҳбат орасида Сайёра опа ўтган йили газетада босилган тўйлар ҳақидаги бир мақолани ўқиганини, унда кўтарилган масала ҳақиқатан ҳам ўта долзарб ва жиддий эканини таъкидлар экан, ўзи бошидан кечирган бир воқеани айтиб берди.
— Турмуш ўртоғим вафот этганида ўғлимиз Беҳзоджон эндигина тўрт ёшга тўлганди, — дейди опа маъюс тортиб. — Аспирантурада ўқирдим. Ҳаётимни ёлғиз фарзандимга, илмга бағишладим. Бирдан-бир орзуим ўғлимнинг бахтини кўриш, невара суйиб, эрта йўқотган қувончимни топиш эди. Бўлажак келинимни тушларимда кўриб чиқардим. Беҳзоджон улғайиб, келин қидиришга тушдим. Таниш-билишларим ҳали у қизнинг, ҳали бу қизнинг таърифини келтириб, ақлимни шоширарди. Ўғлим бўлса, “сиз кимни маъқул кўрсангиз, шунга уйланаман”дан нарига ўтмасди. Хуллас, тагли-тугли бир оила билан қуда бўлдик.
Тўй — фаровонлик белгиси. Тўкинлик, файз-барака, осойишталик бор жойда тўйлар бўлади. Бироқ ношукурлигимиз ҳаддан ошиб кетади баъзан. Орзу-истакларимиз чегара билмай қолади. Энди ўйлаб қарасам, ўғлимнинг оиласи қурилмасданоқ бузилишни бошлаган экан. Бу оила қуда томон тўйни фалон ресторанда ўтказасан, деб шарт қўйганидаёқ, тўйхона харажатлари учун қўшимча ўн миллион сўм қарз кўтарганимдаёқ дарз кетган экан. Қарзларимни эслайвериб, эсим кетди. Тўй ҳам татимади. Талаба келин, эндигина иш бошлаган ўғил ва ўқитувчилик маоши билан қарз тўлаб яшайдиган онанинг оилавий муаммолари бошланди. Ўғлим бир йил ҳам яшамай хотини билан ажрашди. Биз катталарнинг ҳавойи орзулари, такаббурлиги, манманлиги икки ёшнинг бахтига зомин бўлди, десам хато бўлмас...
Тўй қиламан деб иқтисодий муаммолар гирдобига ботиб қолган Сайёра опа сингари юртдошларимиз кам эмас. “Бор борича, йўқ ҳолича”, деган нақлни аллақачон унутиб қўйганмиз. Кўрпамизга қараб оёқ узатмаймиз. Фарзандимизнинг бахти гўё шунга боғлиқдек, қарзга ботсак-да, энг қиммат тўйхонани, энг қиммат мебелни, энг қиммат ки­йимларни танлаймиз. Кўпинча ана шу энг қиммат буюмлар уларнинг бахтсизлигига сабаб бўлади.
Сайёра опанинг тўйхона харажатлари учун ўн миллион сўм қарз олдим, деган сўзлари сабаб бўлиб, пойтахтимиз, Самарқанд, Андижон, Термиз шаҳарларидаги ресторанлар, тўйхоналарнинг нарх-навоси билан қизиқдик.
Эътибор берган бўлсангиз, бугун шаҳарларимизга ўзгача чирой бағишлаб турган биноларнинг кўпчилигини тўйхоналар, ресторан ва кафелар ташкил этади. Орзу-ҳавасли халқмиз. “Тўй кўргин, ғам кўрма”, деб дуо қилади кексаларимиз. Миллий психологиямиз яхшилик, яхши кун, хурсандчилик каби эзгу тушунчалар билан йўғрилган. Биз кимгадир яхшилик тиламоқчи бўлсак, тўйдан бошинг чиқмасин, деймиз. Яхши кун, хурсандчилик деганда, тўйни тушунамиз асосан. Тўйхоналаримиз доим банд. Ҳафтанинг ўртасида тўй белгилаган қариндошимиз “тўйхона фақат шу куни бўш экан, энди бир амаллаб келасиз-да”, дейди олдиндан гинага тайёрланиб. Бормасангиз бўлмайди. Бурноғи йили тўйингизга тўёна қилган — қарздорсиз. Имкониятимиз, вақтимиз билан эмас, тўйхоналарнинг иш жадвали билан ҳисоблашишга мажбурмиз.
Дарвоқе, гап нарх-наво ҳақида эди. Хуллас, Тошкент шаҳридаги энг қиммат ресторан ва тўйхоналар бир киши учун 150-180 минг сўм атрофида. Энг арзонлари спиртли ичимликларни тўй соҳиби келтириши шарти билан 30-40 минг сўм. Биргина тўйхона учун сарфланадиган маблағни чўтга ташлайверинг энди.
Вилоятларда тўйхоналар нархи бу қадар баланд эмасдек туюлади. Масалан, Самарқанд шаҳрида бир киши учун ўртача 10-15 минг сўмгача тўланади. Лекин бу жой ва хизмат ҳақи, холос. Дастурхонга керакли барча масаллиқ ва ноз-неъматлар тўй эгасининг зиммасида. Аксарият тўйларга камида 500 нафар меҳмон айтилади.
— Айни кунда Андижон шаҳрида 30 дан зиёд тўйхона ва ресторанлар фаолият кўрсатмоқда, — дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инс­пекцияси бошлиғи Мирзоҳид Аҳмедов. — Улар бир вақтнинг ўзида 200-500 меҳмонга хизмат кўрсатиш имконига эга. Рақобат жуда кучли. Шунинг учун хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Нарх-наволар тўйхонанинг катта-кичиклигига, шаҳарнинг қайси ҳудудида жойлашганига ҳам боғлиқ бўлади.
— Тўйларнинг махсус тўйхона, ресторанларда ўтказилаётгани аҳолига қўл келмоқда, — дейди филология фанлари доктори, профессор Ҳанифа Солиҳова. — Тўйлар тартибли ўтади. Тўй эгаси иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб, тўйхонани танлаши, меҳмон таклиф қилиши мумкин. Энг муҳими, одамларимизда тўй ўтказиш, тўйга бориш маданияти шаклланди, жиддий муаммолардан бири — ичкиликбозликка барҳам берилмоқда.
Ўтган йили “Саховат ипак сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз шаҳрида барча қулайликларга эга, замонавий “Истиқлол” тантаналар саройи фойдаланишга топширилди. Мажмуа гўзаллик салони, сартарошхона, фото-видео хизмати кўрсатиш шохобчаси ва тантаналар залини ўз ичига олади.
— Тўрт юз ўринли залда битта тўйни ўтказиб бериш учун бир миллион икки юз минг сўм хизмат ҳақи олинади, — дейди масъулияти чекланган жамият раиси Баҳром Шарипов. — Дастурхонга тортиладиган ноз-неъмат ва бошқа масаллиқларни буюртмачи етказиб беради.
Термиз шаҳридаги бош­қа тўйхоналарда ҳам нарх-наво тахминан шундай. Битта тўйга кетадиган сарф-харажатларни чамалаб, Абдулла Қодирийнинг ўтган асрнинг бошларида, аниқроғи, 1915 йилнинг 20 мартида “Садои Туркистон” газетасида босилга “тўй” радифли ғазали ёдга тушади.
Абдулла Қодирий ҳам ўз даврининг улуғ маърифатпарварлари Беҳбудий, Фитрат сингари миллатимиз турмушига, руҳиятига, имон-эътиқодига салбий таъсир кўрсатаётган тўйлардан оғ­риниб, куюниб ёзган эди. Бундан юз йил нари-берисида битилган “Тўй” ғазалида қаламга олинган муаммолар бугун кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридин ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ғайратила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй...
Кимларгадир бу уринишларимиз кулгили, бесамар туюлиши мумкин. Биз, журналистлар Президентимиз Фармонида белгилаб берилган “Оммавий ахборот воситалари мазкур Фармонда кўтарилган масалаларнинг асл моҳиятини, намунавий анъаналарни кенг тар­ғиб қилсин, миллий қадриятларимизга зид, тараққиётимизга тўсқинлик қилаётган иллатларга қарши жамоатчилик фикрини шакллантиришга алоҳида эътибор берсин”, деган вазифани бажармоқдамиз. “Астойдил йиғласанг, сўқир кўздан ҳам ёш чиқар”, деганларидек, тўй, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш, камтарона, камчиқим қилиб ўтказиш бўйича, кичикроқ бўлса-да, натижаларга эришилмоқда. Айрим жойларда “куёв оши”, “фотиҳа”, “чарлар”, “қиз чақирди”, “келин чақирди”, “қиз базми” сингари кераксиз одатлар, ортиқча зиёфатлар бир мунча камайди.
Яқинда “Ўзбекистон” телерадиоканалида янги “Гап бор” кўрсатуви ташкил этилди. Унинг илк сони тўй мавзусига бағишланди. Кўрсатув иштирокчиларидан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг фикрларига қулоқ тутиб, қатъий хулосага келамиз: гап амалда.
— Айбситмасангиз, мисолни ўз оиламдаги воқеадан келтирсам, — деб гап бошлади ёзувчи. — Кузатган бўлсангиз, келинникига келадиган автомашиналар русуми, саноғи ёшларни кўпроқ қизиқтиради. Ўғлим ҳам бир-икки марта “фалончиникига учта “Мерседес”, ўнта “Волга” келди”, деган хабарни айтгандек бўлди. Бир куни “Насиб этса, уч-тўрт йилдан сўнг сени ҳам уйлантирамиз. Келинникига шундай машина карвони билан боришни хоҳлайсанми?”, деб сўрадим. Ўғлим ва у каби ўсмирлар учун автомашиналар карвони мажбурий қоида каби кўриниши табиий. Чунки ҳамма шундай қиляпти. Ўсмир ота-онасидан шундай марҳамат кутади ёки орзу қилади. Шуни билган ҳолда ўғлимга “Биз бундай қилмаймиз. Никоҳни рўйхатдан ўтказиш учун турнақатор бўлиб борилмайди. Вакилни тўйхонага таклиф этамиз”, дедим. Гапим уни ранжитишини билардим. Шу боис бу каби одатлар манманлик эканини тушунтирдим. Шунинг баробарида санъаткорлардан яқинларим кўп бўлса-да, фақат битта ёки иккитасини таклиф этиш ниятимни ҳам билдириб қўйдим. Орадан бир неча йил ўтиб, тўй қилдик. Совчилар келин бўлмишнинг уйига борди. Орага воситачи қўймай, тўй тартиби ҳақида ўзимиз гаплашайлик, деган таклифимиз қуда томонга ҳам маъқул тушиб, маҳалламизнинг оқсоқоли билан бордик. Камина орзу қилинаётган тўйнинг тартибини баён этдим. “Чарлар”, “куёв чақирди”, “қуда чақирди” деб аталмиш маросимларни ўтказмаслик ҳақидаги таклифимиз уларни бироз ўйлантирди, бамаслаҳат жавоб қилажакларини билдиришди. Шукрки, қудаларимиз ҳам, келинимиз ҳам буни тўғри тушунди. Орзу қилган тўйимиз бир кунда чиройли тарзда ўтди”.
Ҳаммамизни тўйларга етказсин. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Орзу-истакларимиз, жамики саъй-ҳаракатларимиз фарзандларимиз камоли, бахт-саодати билан боғлиқ. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкис. Қанча тўй қилсак, ярашади.
Катта мақсадлар билан тараққиёт сари дадил одимламоқдамиз. Онгу тафаккуримиз, ҳаётимиз, инсоний муносабатларимиз, фарзандларимиз келажагига дахлдор бўлган ҳар бир масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб, уларни қонуний асосда ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шундай экан, миллий маънавиятимизга, ҳаётимизга таъсир кўрсатадиган тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг қонуний асосларини яратишнинг вақти етмадимикан?!

Муаллиф: Воҳид ЛУҚМОН, ЎзА шарҳловчиси

Просмотров: 591 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz