Вторник, 14.05.2024, 07:59
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 13 » ТЕЛБАЛАНИШ ИШТИЁҚИ
12:29
ТЕЛБАЛАНИШ ИШТИЁҚИ

 

«Ҳар қандай миллатнинг таназзулга юз тутиши – айнан шу миллат мусиқасининг таназзулга учрашидан бошланади. Ўзининг соф мумтоз мусиқасини асраб қололмаган халқ маънавий айнишга, тубанлашишга маҳкумдир».
Конфуций
Маълумки, ҳеч бир халқ ўз миллий қобиғига ўралиб ривож топа олмайди. Лекин бугунги кунимиздаги воқеликлар ҳар қандай давлат олдида маданий-ғоявий хуружлардан ҳимоя ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи – энг долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифа эканини исботлаб турибди.
Бугун ҳатто маданиятлараро мулоқот ниқоби остида ҳам Ғарб¬нинг айрим йирик давлатлари томонидан ёш мустақил давлатларга нисбатан чет маданиятни тиқиштиришга уринишлар бўлаётганига гувоҳмиз. Бу уринишларни маданий-ғоявий экспансия («экспансия» лотинча «expansio» – ёйиш маъносини билдиради) десак тўғрироқ бўлар. Маданий-ғоявий экспансия уюштириш инсонларда янгича дунё¬қараш, миллий қадриятларга номутаносиб бўлган янгича феъл-атвор ва «замонавий» қадриятлар тизимини шакллантиришга қаратилгани ва шу орқали миллий хусусиятлар, маданий анъаналарга путур етказиш кўзда тутилганини бугун беш қўлдай биламиз. Хавф нимада эканига ҳам ақлимиз етади. Яна биламизки, ахборот урушини бошлаганлар томонидан дунёнинг жуда кўп давлатларида Ғарб маданиятини астойдил ҳимоя қилувчи, ёқловчи ғарбпараст «маданий элита»ни шакллантириш жараёнлари жадал суръатларда кетмоқда. Ахир ҳар бир жамиятда омма (айниқса ёшлар) эргашадиган ва тақлид қиладиган санъаткорлар, машҳур инсонлар қатлами бор. Маданий-ғоявий экспансия айни ана шу омилга таянмоқда, яъни машҳур кишилар, тўғрироғи, омма ўртасида ўзига хос обрў ва мавқега эга «юлдуз»лар, киноактёрлар, шоу-бизнес олами вакилларини ўз тарафига оғдириш, уларни Fарб маданияти ва турмуш тарзининг ўзига хос тарғиботчиларига, ҳимоячиларига айлантиришга уринаяпти ва бу борада каттагина ғалабаларга эришиб бўлди ҳам. Бунда консюрме¬ризм¬дан, яъни ғарбона турмуш тарзини ўзлаштирганларни, ғарбона андозалар асосида яшовчиларни жамиятнинг энг таниқли ва машҳур «олий қатлам»и сифатида кўрсатишга уринишлар бўлаётганидан кўз юмолмаймиз. Негаки, бу шўришлар бугун ўзимизнинг бошимизда бор.
Биз ўз миллатига содиқ, ватанпарвар фуқаро сифатида, бугун айрим Ғарб давлатлари томонидан амалга оширилаётган маданий-ғоявий экспансияга қаршилик қилиш учун ҳеч кечиктириб бўлмайдиган қатор вазифаларни бажаришимиз шарт. Жумладан, Юртбошимиз таъбири билан айт¬ганда: «Одамларимиз, авваламбор, ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш… уларнинг мен ўзбек фарзандиман, деб, ғурур ва ифтихор билан яшашига эришиш даркор.
Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимиз юрагида она-Ватанга, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, таъбир жоиз бўлса, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур…» (И.А.Каримов, «Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз», 494-495-бетлар).
Лекин бугун бу вазифаларни қойиллатиб бажаряпмиз деёлмаймиз. Акс ҳолда, маънавият, маърифат, маданият ва санъат соҳасидаги муаммоларимиз бу қадар кўпайиб кетмаган бўларди.
Келинг, айни масаладаги хавф¬нинг қай даражада эканини виждонан таҳлил қилиб кўрайлик.
Куйга солинган ҳақоратлар
Бугун бемаъни, тутуриқсиз сўзлар йиғиндисини қўшиқ деб айтиб юрган «ёш хонанда» ва масхарабозсифат йигитлардан иборат «гуруҳ»лар бемаза қовуннинг уруғидай кўп. Улар, таъбир жоиз бўлса, «Хизмат кўрсатган бузғунчи» номини олишга лойиқ аллақанча «хизмат»лар қилишга улгуришди ҳам: тилни, санъатни, мусиқани (ақлли одамларнинг кайфиятини, беақлларнинг дидини) аллақачон бузиб бўлдилар.
Ёшлар қўшиқчилигидаги таназзул борасида ёзилган мақолалар минглаб топилар. Лекин ижобий натижа йўқ, сўзимизнинг таъсири йўқ. Нега? Шу қадар бетаъсир бўлиб кетдикми? Келинг, шу ўринда «қўшиқ»лари ёшлар ўртасида жуда яхши қабул қилинаётган айрим «хонанда» ва «гуруҳ»ларнинг «ижод намуналари»дан мисол келтирайлик, зора кўзимиз очилса, бетаъсирлик, бефарқлик балосидан қутулиб, сал ҳушёр тортсак.
«Уммон барибир уммонде…» – бу «шлягер» кўча-кўйда, бозорларда, қисқаси мозордан бошқа ҳамма жойда янграйвериб, оҳанги-ю сўзлари қулоғингизга қўрғошиндай қуюлиб қолгандир-а? «Уммон» гуруҳини ҳам яхши танийсиз – Ўзбекистон ёшларининг ярмидан кўпининг бошини айлантириб олган гуруҳ. Мени бир савол ўйлантиради: «Уммон» йигитлари «қўшиқ»ларида нима деб алжирашаётганини лоақал ўзлари тушунишармикан?
«…Яшайверади уммон мумкинмас сила учун
Сила эса ман учун букун биза оила
Алоқала доира кечамизда беқоида
Кайфиятла жойида…
Кимладир ман учун қийналиб ёзади шеър
Ўзича қилмоқчи ер қўлингдан келса агар
Бўлиб кўр санам мандей уларга эса салом
Кўрмаган бўлсам ҳамде мухлис барибир мухлисде…» (Имло хатоларига қараманг, эшитганимизни бир амаллаб қоғозга тушириш бахтсизлигига йўлиқиб, «қўшиқ» матнидан шуларни аранг ойдинлаштирдик. Маъзур тутасиз, тиниш белгиларини қўйишга ҳаддимиз етмади).
Мана, болаларимиз нимани қўшиқ деб эшитяпти! Бунақа «санъат» касофати туфайли тили, дили, хаёли бузиляпти, ҳатто юриш-туришида, кийинишида таназзул аломатлари… Жуда унчаликмас, демоқчи бўлсангиз, ростини айтинг-чи, сизнинг фарзандларингиз шу кунларда қандай қўшиқ эшитаяпти, қайси «гуруҳ»га мухлис? Тан олинг, билмайсиз!
Оддий ҳаётий мисол: бир танишимнинг олтинчи синфда ўқийдиган одоблигина, мўмингина ўғли бор эди. Яқинда шу йигитчани кўчада кўриб, таниёлмай қолдим: сочлар ўғил болага ярашиқсиз тарзда таралган, эгнида қизларнинг кофтасига ўхшаш кўйлак, юришлар, қадам босишлар йигит кишига номуносиб… Онаси нолиб қолди:
- Бу ярамас эрта-кеч «Уммон» деган гуруҳнинг қўшиқларини тинглагани-тинглаган. Хонасини ўшаларнинг суратлари билан тўлдирволган. Ўшаларга ўхшаб кийиниш иштиёқига тушиб қолган. Қачон бунақа гуруҳларга «фанат» бўп қолди, билмайман. Гапим ўтмаяпти…
Бу бемаъниликлар «фанат»и билан суҳбатлашиб, хавотирим минг чандон ошди. Йигитчада олдинги одоб, илгаригидай тиниқ фикрлар йўқ. Қилиқлари, юз мимикалари ҳам ҳалигидай… Сўзлари пайдар-пай.
Ўша кундан кейин бу гуруҳнинг «ижод» маҳсуллари билан астойдил қизиқиб қолдим. Рухсат беринг, (тепа сочингизни тикка қилиш эвазига бўлса ҳам) уларнинг айримлари билан сизни таништирай:
«…Мани мухлисларим қувончга тўлсин
Мани душманларим аламда кўрсин
Мани кўролмаганга бўлади энди қийин
Чунки манда янги хит мандан ўтиб кўрсин…
…Хоҳласанг бўлгин мандей
Лек синдиролмайсанде
Ёқса ёқмаса ҳамде
Уммон барибир уммонде
Янги қўшиғим манде
Что хотели вот қалей?..» Хўш, «қалей»? Қўшиқчилигимизда не балолар юз бераётганини ҳеч бўлмаса энди англаётгандирсиз? Агар бу таназзулнинг туб моҳиятига ҳали ҳам етиб боролмаётган бўлсангиз (тушунаман, тирикчиликнинг тошдан қаттиқ ташвишлари кетидан югуравериб, жуда кўпчилигимизнинг дийдамиз сингари қалбларимиз ҳам қотиб, унча-бунча нарса таъсир қилолмайдиган бўлиб кетган), сизга навбатдаги «шлягер»ни тақдим қиламан. Агар сизда аёл кишига ҳурмат ҳислари ҳаёт бўлса, албатта, буниси таъсир қилади:
«Йўқол кўзларимга кўринма ортиқ йўқолиб қол
Ортимдан юрма ортиқ йўқолиб қол
Сендан оларим олиб бўлдим
Қўйнингга қалбингга кириб-чиқиб бўлдим
Ҳаммаси бир тийин билиб-билиб бўлдим
Яхши-ёмонинг ҳар тарафинг кўрдим
Йўлимни тўсмагин илтимос қоч
Ман сани севмасдим кўзингни оч
Ўзингча зўр эдинг энди ер бўлдинг
Ваъдаларимга йўқдир ишонч
Осмонда юрардинг ер билан бир қилдим
Ўзимга ўргатиб сўнгра гум қилдим
Севишга ўргатиб ниятинг бир қилдим
Пул учун юрардинг ҳаммасини билардим
Энди санга на давлат на пул керак
Фақатгина санга ҳаводай ман керак
Манга эса умуман керакмассан
Илтимос йўқол… ёқмаяпсан…» Буёғи яна давомли «йўқол-йўқол»лар…
Мана шунақа бемаъниликларни бугун йигитлар қўшиқ қилиб куйлаяпти. Ўзбек йигитлари! Хўш, нима деб ўйлайсиз, муҳтарама қизларимиз бунга қандай муносабат билдир¬яптилар? «Уммон»чиларнинг афтига боплаб тупурдиларми? Жуда унчалик эмас… Бир ҳамкасбим айтиб берди:
- Таксида эдим. Ёнимда ёшгина йўловчи қиз ҳам бор. Такси ҳайдовчиси «Уммон»нинг ўша «Йўқол»ини баланд овозда эшитиб бораяпти. Қиздан уялдим. Қўшиқдаги сўзлар унинг иззат-нафсига тегмасин, хафа бўлмасин (ахир бу «хониш» бошдан-охир ҳақорат бўлса), деган ўйда ҳайдовчидан бошқа қўшиқ қўйишини сўраганимни биламан, қизпошша менга бобиллай кетди: «Сизга ёқмаса, қулоғингизга пахта тиқволинг, ё бўлмаса автобусда юринг!». Кейин ҳайдовчига юзланди: «Овозини кўтариб қўйинг!»…
Ана шунақа гаплар. Ҳозирги айрим ўзини ҳурмат қилмайдиган, «замонавий» қизларимизга ҳақоратли «қўшиқ»лар ёқяпти. Аёл зотини сўкиб, ерга уриб («Манга умуман керакмассан, Илтимос йўқол… ёқмаяпсан…») «хониш» қилаётган гуруҳни қарсак чалиб, олқишлаб, сакраб, ирғишлаб қарши оляпти улар. Йигит кишига ярашиқсиз кийимлар ки¬йиб, ярашиқсиз, бачкана қилиқлар қилиб, қилпанглаб «ҳақорат» куйлаётганларга ҳавойи бўсалар юбориш билан, уларга гул тутиш, елкасига осилиб суратларга тушиш билан у бемаъниларнинг тегирмонига сув қуйяптилар. «Уммон»чиларга «ҳақорат» услуби ёқиб қолган кўринади, шу йўналишда яна куйлаб ташлашди:
«…Майли кетавер энди манга фарқи йўқ
Сани эсламайман эслашга эса тоқатим йўқ
А манга барибир ман сани бир умр
Севмасдим барибир
Мани нари бил бегона бил
Керагинг йўқ эди барибир
Сўнганди меҳрим барибир
Керагин олиб бўлдим барибир
Билмай қилдинг хато
Манга фойдалиро
Ўзи йўқотолмай тургандим
Бўлди айни муддао
Ман берро сан нарро
Тўйдим сандан алвидо…»
Тасаввур қилинг, бир йигит қизнинг бошини айлантириб, у билан кўнгилхушлик қилиб юриб, бир куни жонига теккандан ке¬йин унга: «Жуда жонимга тегдинг! Сендан оларимни олиб бўлдим, энди кўзимдан йўқол!» деса-ю, кетишдан ўзга иложи қолмаган қизнинг ортидан: «Ўзи сени йўқотолмай тургандим, айни муддао бўлди-да», дея қўшимча ҳам қилса… Қиз бу ярамаснинг афтига пошнасини суқиб олса ҳам, уриб бошини ёрса ҳам унда ҳақи қоларди, тўғрими? Албатта, ҳаётда шундай ҳолга тушган қиз сутга тўймаган бузоқдай бўшашиб қолавермайди, қўлидан келганича аламини олади. Лекин… ўша ҳақоратларни қўшиқ тарзида айтилса-чи! Бугун қизларни алдаб ҳузур топадиган номард йигитлар ўз номардлигини қўшиққа солса, камида «Уммон»дай довруғ қозонади. «Ит кунини бошингга соламан!» деган дағдағада юрган қизлар энди уларга гул отади, суратларини ёстиғининг тагига бос¬тириб ухлайди, «куйга солинган ҳақорат»ларни чийиллаб, увиллаб олқишлайди…
Сўконғич қўшиқчиларга эркаланиб, «Мани ҳақорат қили-инг, анову қўшиғиззи айти-инг», деса ҳам ажабланмай қўяверинг, ҳозир замон шунақа! Биз катталар четдан бўлаётган маънавий хуружлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида мажлисларда бир-биримизга ақлли гапларни айтаётганимизда, ўша маънавий хуруж минг бир қиёфаларда юрт айланиб, кўп болаларимизнинг онгини заҳарлаб, эсидан айирди. Фарзандларимизни, ўз жигарларимизни биздан олиб қўйди. Эсини таниб улгурмаган ўсмирлар кўнглида телбаланишга иштиёқ уйғотди. Жуда кўпчилигимиз бундан ҳатто бехабармиз.

Просмотров: 533 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz