Понедельник, 29.04.2024, 10:43
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » Сувдан айрилган балиқ
20:11
Сувдан айрилган балиқ
 
 

Фарҳоднинг Ширинни излаб Арман юртига бориши, тоғ бағрида ариқ қазаётган бир тўп одамларни учратиб, уларнинг қаттиқ меҳнат туфайли қийналаётганини кўрганида қўлига метин ва тешани олиб ёрдамга отланиши, Фарҳод довруғини эшитган Ширин уни кўришга борганда Фарҳоднинг ҳушдан кетиши, муҳташам қасрда ошиқ шарафига зиёфат берилиши ва бу зиёфатда ошиқ-маъшуқлар висол майидан тотиши тафсилотлари ҳақида баҳоли қудрат сўз юритган эдик.
       Суқрот айтганидек, қалб ойнасини поклаган Фарҳод ишқ йўлида дуч келган тўсиқ-ғовларни мардонавор енгиб ўтгани учун мажозий ёр – Ширин висолига етишди. Аммо Фарҳод ва Ширин севги-муҳаббати ҳамда унинг шавқ-завқи муваққат ва фоний экани тақдири азал дафтарига битиб қўйилган:” Висол ичра етишмай ошнолиғ, Фалак солди аро ерда жудолиғ”.
      Манбалар асосида мажозий ишқ ҳақиқий ишқнинг сояси, мажозий ишқ - восита, унинг самараси ҳақиқий ишқ, деб талқин этадиган бўлсак, бунда ҳам авом ишқида бўлганидек, висол ҳижронга ўрин бўшатиб беради. Яъни қасрда ошиқ Фарҳодга аталган зиёфат чоғида Ширин пайдарпай қадаҳ тутиб, унинг кўнглини хушнуд этди. Фарҳод бу учрашувдан руҳланди. Нозик томони шундаки, у айш-ишрат учун қасрда қолмасдан достонда айтилганидек “бало тоғи”га жўнайди. Бироқ чархи кажрафтор ўйин кўрсатиб, тақдир ёрғучоғида ҳажр заҳрини туйиб, ошиқ-маъшуқ ичаётган шаробга билдирмасдан ташлаб қўяди: Эрон ва араб ўлкаларининг ҳукмдори Хусрав Парвез тожу тахтига муносиб меросхўр қолдириш ниятида уйланишга қарор қилади ва ўзига муносиб ёрни қидиради. Ҳар тарафга отланган одамлари Арман юртида ҳусну жамолда тенги йўқ Ширин деган қиз борлигини хабар беради. Аммо шоҳнинг жўнатган совчилари Меҳинбонудан рад жавобини олиб қайтади. Ота-боболари шоҳ ўтган Хусрав Ширин билан Фарҳоднинг ошиқ-маъшуқлигини эшитиб, қандай қилиб бўлмасин, ошиқни бу истаги йўлидан олиб ташлаш режасини тузади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, олдинги бобларда Арман юртига келишдан олдин Фарҳоднинг Суқрот кўрсатмаси асосида манзилларда учраган аждаҳо, Аҳриман ва темир пайкар устидан ғолиб чиқиб, нафсоний покликка эришгани ва кўзгу тилсимини очиб, унда Ширин жамолини кўришга муяссар бўлганини айтиб ўтган эдик. Тақдирнинг синов-имтиҳон босқичларидан муваффақиятли ўтиб келаётган Фарҳод мажозий ишқ йўлини тутган ошиқ мақомига кўтарилди. Аҳамият берилса, Хусрав ҳам Ширинга севги-муҳаббат изҳор этиб, ўзининг унга муносиб ёр эканини даъво қилади. Демак, Фарҳод ҳам, Хусрав ҳам Ширин висолидан умидвор ва унга даъво қилувчи ошиқ. “Маҳбуб ул қулуб” асарида:” Мажозий ишққа бир маҳбуб бўлғай, анинг ишқида беҳуд ва мағлуб бўлғай”, дейилганини инобатга олсак, хослар ишқ-муҳаббатида ҳам авом ишқи туридаги ошиқ ҳолатига ўхшаш “бир маҳбуб” бўлишини тақозо этади, хослар билан авом ишқ-муҳаббатининг руҳий ҳолат, кечинма ва дарду изтиробларида зоҳирий жиҳатдан қараганда бир-бирига ўхшашлик мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Аммо бу икки ишқ турида мақсад бошқа-бошқа томонга йўналганини унутмаслик керак. Шу маънода айтадиган бўлсак, Хусрав ва Фарҳоднинг қайси ишқ турига мансуб ошиқ эканини ажратиб олиш қийин эмас:
Букун Фарҳод ул озодавашдур,
Ки йўқлуқ бодасидин журъакашдур.
Фано ўти аро андоқки хошок,
Вужуди хирманин пок ўртамиш пок.
Бўлубтур ўйла ҳақ зотида фоний,
Ки йўқтур анда ўзлукнинг нишони.
Бу ашъё ичраким бўлғай мазоҳир,
Кўрар мазҳарни ҳар ён бўлса нозир.
 
Улкан тожу тахт эгаси Хусрав совчиларини жўнатганда Меҳинбону чиройли ишоралар орқали Шириннинг бир айби борлиги, яъни унинг ҳузурида эр отини тутиб бўлмаслигини рўкач қилади. Хусравнинг совчилари Фарҳоддек тошйўнар, телба бир йигитни яхши кўриши ва бу муҳаббат довруғи бутун эл-юртга маълум эканини келтириб, унинг айтган сўзларини рад этади. Хуллас, Ширинни никоҳига олмоқчи бўлган Хусрав Меҳинбонунинг жуда нозиклик ва имо-ишора билан келтирган жавобини тўғри фаҳмламайди. Табиийки, у Фарҳодни авом ишқи мақомидаги ўзига ўхшаш ошиқ деб ҳисоблаб адашади.
    Ширинга совчи юбориб, мақсадига осонликча эриша олмагандан кейин Хусрав зўравонлик, дўқ-пўписа ва таҳдид орқали ниятига етмоқчи бўлади. Ҳатто Арман юртига катта қўшин тортиб, Меҳинбону билан Ширин турган қалъани қамал қилади. Фарҳод унинг йўлига бир ўзи тўғаноқ бўлиб, қарши чиққанида Хусрав уни назар-писанд қилмайди. Шундан аён бўладики, у мутакаббир, калондимоғ ва куч-қудратига ишонган шоҳ бўлишдан ташқари ошиқлик даъвоси билан чиқиб, қандай бўлмасин, Ширин васлига етиш чораларини қидиради.
     Фарҳоднинг ёлғиз ўзи катта қўшинга тенг келолмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Аммо бир нарсани тўғри тушуниш лозимки, Навоийнинг мақсади бу тасвир орқали икки турдаги ишқнинг бир-биридан фарқини очиб бериш, авом ишқига мансуб ошиқ қанчалик куч-қудратга эга бўлмасин, барибир хослар ишқи мақомида турган ошиқ билан тенглаша олмаслигини бадиий бўёқлар воситасида чизиб кўрсатишдир. Бундан кўринадики, Фарҳод ҳам ошиқ, Хусрав ҳам ошиқ. Бироқ бу икки ошиқ фарқини ажратиб олиш керак. Фарҳод нафсоний покликка эришгани учун ўзидан кўра паст мақомда турган Хусравдан ҳар жиҳатдан устунлигини хатти-ҳаракатлари ва ишқ хусусидаги баҳс-мунозарасида билдириб туради:
Дедиким: куймагингни айла маълум!
Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум!
Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.
Навоий шу суҳбат асосида Фарҳод билан Хусравнинг маънавий олами, ақл такомили ва ишқ тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларига очиқ-равшан таъриф бераяпти. Хусрав зўравонлик орқали мақсадига ета олмаслигини билганидан кейин ҳийла-найранг ишлатиш орқали Фарҳодни асир олади ва уни занжирбанд қилиб, Салосил қўрғонига қамаб қўяди. Фарҳод бу қўрғонда Суқрот таълим берган “исми аъзам”ни ўқиб занжирларни узади, қўрғон атрофида бемалол айланиб юради, даштга чиқиб, парранда ва даррандалар билан улфат тутинади:
 
Сулаймонваш чекиб ул ерга поя,
Ки қушлар тортибон бошиға соя.
Қилиб ишқ ўйла шавкат раҳнамуни,
Ки шери шарзани айлаб забуни.
Бўлуб ул гоҳ шер устига рокиб,
Сибоу ваҳш анга хайлу мавокиб.
Замони бабру қоплондин бўлуб шод,
Қилиб дилдор кўйи итларин ёд.
       Хусрав Фарҳоднинг ғайри табиий, валийсифат ва кўнгли каромат нури билан йўғрилганини пайқайди. Лекин иззат-нафси, ғурури, тожу тахти ва ҳавойи нафси бу ҳақиқатни тан олишга тўсқинлик қилади. Шу важҳдан ишқ йўлидаги рақибини зўрлик ва дўқ-пўписа билан енга олмаганидан кейин бу ишга фалак золи – ҳийлагар кампирни ёллайди. Аслида фалак золи деб таърифланган бу ҳийлагар кампир афсона ва эртакларда баён этилган ёвузлик образидан фарқ қилади. Мазкур достонда кампир дунё тимсоли сифатида талқин этилишида катта маъно бор. Мўътабар манбаларда эса айнан дунё кампир тимсоли сифатида аниқ айтиб қўйилибди. Уларда айтилишича, дунё одамлар кўз олдида чиройли келин қиёфасида жилваланиб, ўзига ром этади. Шунинг учун одамзот ана шу дунёни деб талашиб-тортишади, низолашади, бир-бири билан ихтилофга боради. Чунки одамзотни нафс шундай қилишга мажбур этади. Аммо дунё уларнинг биридан юз ўгирса, яна бирига ноз-карашма билан боқади. Нафсоний покликка эришган Фарҳодга дунё ўзининг асл қиёфасида, яъни кампир шаклида кўринади. Хусрав эса шу кампир – дунёнинг макр-ҳийласи воситасида Фарҳодни мағлуб этади. Кампир минг бора синовдан ўтказган ҳийласини амалда қўллаб, Фарҳодни бу оламдан кетишга мажбур этади. Қолаверса, Фарҳодни дард тимсоли деб атаган эдик. Дард ва ҳусн учрашишидан мажозий ишқ амалга ошди, ўз навбатида у қалб ва руҳни ҳақиқий ишқ даргоҳига тайёрлади. Дарднинг вазифаси шундан иборат эди, у хизматини тўлиқ адо этиб бўлди. Ўз вазифаси ва хизматини бажариб бўлганидан кейин дард кетиши керак, унга ҳамроҳ ҳусн ҳам ўз вазифасини адо этганидан кейин заволга учрайди. Шуни таъкидлаш лозимки, дард ва ҳуснни бир-биридан сира ажратиб бўлмайди:  
Фироқида букунлук тонглалиқмен,
Ғамидин ўйлаким, сувсиз балиқмен.
Балиқ ҳоли бу бўлғай сувдин айру,
Ки толпинмоқдин ўлғай истабон су.
Анинг ҳажрида толпинмоқ ишимдур,
Чу толпиндим, ўлуб тинмоқ ишимдур.
Мажозий ишқни улкан денгизга қиёсланса, бу ишқ йўлидаги ошиқ-маъшуқлар унда сузиб юрган балиқларни эслатади. Қачонки, шу денгиздан бири чиқарилса, иккинчиси қуруқликка ташланган балиқ ҳолига тушади. Мавлоно Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, иккита тирик қуш бир-бирига боғлаб қўйилса, кўкка парвоз эта олмайди. Гарчи қанотлари тўртта бўлса ҳам. Чунки иккилик мавжуд. Шу иккилик йўқолса, ҳар иккиси ҳам парвоз эта олади. Энди орада иккилик қолмайди. Фаридиддин Аттор “Мантиқут тайр” достонида бу оламни ҳуққа-қутичага ўхшатади. Ажал шу ҳуққа-қутичани ёпганда кимнинг қаноти бўлса, ундан учиб чиқади. Агар қаноти бўлмаса, шу қутича ичида юз балога гирифтор бўлиб қолиб кетади, деган.
Шу фикр-мулоҳазаларга асосан айтадиган бўлсак, Фарҳод ва Ширин, яъни дард ва ҳуснни мажозий ишқ бу олам ҳуққа-қутичасида икки қушдек жуфтлагандан кейин дунё тимсоли деб олинган кампир бирини парвоз эттиргандан кейин иккинчиси ҳам иложсиз унга эргашиб, изидан парвоз қилди. Бундан кўринадики, фалак золи – кампир шу икки қушнинг парвозига шароит яратиб берди. Бу дунёнинг қурилма ва тарҳи шундай яратилган бўлиб, Фарҳод ва Ширин камолот босқичига кўтарилиб, эмин-эркин парвоз этиш бахтига муяссар бўлса, Хусрав каби нафс қулига айланган ошиқларга мажозий ишқ майидан тотиш насиб этмайди. Фаридиддин Аттор айтганидек, ўзини юз балога гирифтор этиши – ўғли Шеруя томонидан қатл этилиб, шармандалик ботқоғига ботишини билдиради. Навоий Фарҳод ва Хусрав образини бир-бирига зид маънода талқин этиши айни шу фарқни кўрсатиб бериш, шу баробарида мажозий ишқ такомил натижасида ҳақиқий ишқ остонасига қай тариқа етиб бориши ва ваҳдат ҳосил бўлишини образли тарзда чизиб беришдан иборат:
Гар ул ишқимда ҳирмон бирла кетти,
Вале ишқи камолин собит этти.
Вужудин ўртаб ул сўзу гудози,
Ҳақиқатқа бадал бўлди мажози.
Тутуб соқий ваҳдат жомин тавфиқ,
Насиби айлади ҳақ роҳи таҳқиқ.
Бақо гулшанида султонлиққа етти,
Ҳақиқат мулкида хонлиққа етти.
        Кўриб ўтганимиздек, мажозий ишқ булоғи кўзини очиш учун дастлаб дард бўлиши керак. Дард бўлган тақдирда ошиқлик чинакам ва ҳақиқий тус олади. Шунингдек, дард бўлган маҳалда ошиқ қалби ва руҳиятида покланиш жараёни кечиб, ошиқ бу йўлда учрайдиган ғов ва тўсиқларни мардонавор енгиб ўтишга бел боғлайди, машаққат юкини елкасига олади. Яна шуни унутмаслик керакки, мазкур достонда баён этилганидек, ҳусн бўлган тақдирда дард ҳаракатга тушади, ўз бағрида турган ишқ чечакларини намоён этишга интилади ва мажозий ишқни ҳақиқий ишқ сари отлантиради. Шу маънода айтадиган бўлсак, дард ва ҳусн эгизакка ўхшайди, бир-биридан ажралишини тасаввур этиб бўлмайди. Агар дард мавжуд бўлса, у ҳуснни қидириб топади, шу ҳусн туфайли мақсадига восил бўлади, ўз навбатида ҳусн ҳам дард бўлмаган тақдирда ҳеч қандай маъно касб этмайди. Арман мамлакатида тоғда ариқни қазишда қийналиб турган одамлар Фарҳоднинг ташрифидан кейин бирданига ҳаракатга тушиб, ишларида унум бўлиши ҳусн дардни кутиб турганини англатади. Дард келиши билан ҳусн ҳам ўз вазифасини адо этишга киришади.
Навоийнинг маҳорати шундаки, Фарҳод, яъни дард бўлган тақдирда ички душман – нафс аждаҳоси, Аҳриман дев ва темир пайкарни енгиб ўтиш насиб этади, Суқрот ҳаким даргоҳига бориб, мажозий ишқ таълимини олинади. Дард бўлган тақдирда ички душмандан халос бўлганидан кейин ташқи душман – Хусрав устидан ғалаба қозониш қийин бўлмайди. Одамзот ақл-шуури кўпроқ зоҳирда кўзга ташланиб турган ташқи душманни кўриши ва шунга қаттиқ аҳамият бериши Фарҳод қўлга киритган натижалар сари боришга оқсоқлик қилади. Шулардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонини оддий йигит-қизнинг севги-муҳаббатини тараннум ва васф этишга бағишлаган десак тўғри бўлармикан? Кўриб ўтилганидек, бу асарнинг маъно-моҳиятига етиб бориш ва уни ҳақиқий ҳолича тасаввур этиш учун ўқувчидан муайян илмга эга бўлишни талаб этмоқда. “Фарҳод ва Ширин” достони устида олиб борилган мазкур тадқиқотимиз бу асар оламига кириб бориш ва уни кашф этиш йўлида, айтиш жоиз бўлса, бир уринишдан иборат. Ҳали бу асарни янада чуқурроқ тадқиқ этиш борасида тадқиқот ишлари олиб борилади, деган умиддамиз.
 
Бобомурод Эрали
Просмотров: 639 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz