Понедельник, 29.04.2024, 10:51
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » Сабр-тоқат ва қаноат ҳақидаги мақоллар
20:29
Сабр-тоқат ва қаноат ҳақидаги мақоллар

Азоб кўрмай, роҳат йўқ
               
Азобга бардош керак,
Ҳамиша йўлдош керак.
              
Асл бойлик – қаноат.
               
Бардошлига ёғлик ош,
Сабрсизга ош ҳам тош.
              
Бесабрнинг нафси шошар,
Тусагани кузда пишар.
               
Бир аччиқнинг бир чучуги бор.
                
Бир ёмон куннинг бир яхши куни бор.
                
Бир қошиқ ошим –
Ғалвасиз бошим.
           
Борига рози бўл,
Йўғига сабр қил.
             
Гапнинг “берди”сини эшит.
               
Жабрга сабр йўқ.
               
Жаҳл душмани – сабр.

Камоли имон – сабр.

Кашта қиммат, сабр арзон.

Одоб билан бахт топилар,
Сабр билан – тахт.

Поклик соғлиқни, ақл сабрни сақлар.

Роҳатини кўрган азобига ҳам чидайди.

Сабр – аччиқ, меваси – ширин.

Сабр билан меҳнат қилган бой бўлар.

Сабр – ютуқ калити.

Сабр таги – Раҳмон,
Шошган иши – шайтон.

Сабр таги – сари олтин,
Сабр билан чиқар отинг.

Сабр тоғни йиқитар.

Сабр – умр хазинаси.

Сабр – шодлик калити.

Сабр этган етар муродга,
Бесабр қолар уятга.

Сабр қилсанг, ғўрадан холва битар,
Бесабрлар ўз оёғидан йитар[1].

Сабрли бўлсанг, ўзарсан,
Сабрсиз бўлсанг, тўзарсан.

Сабрли кишининг иши соз.

Сабрли минг яшар,
Сабрсиз оз яшар.

Сабрли чидар,
Сабрсиз ёнар.

Сабрли қул муродига етар.

Сабрлининг бошига олма битар,
Сабрсизнинг бошига – ғавғо.

Салобатли бўлма, саботли бўл.

Сирот кечмай, қаҳ-қаҳ урма.

Совун кирни очар,
Сабрсиз – сирни.

Сўраган адашмас,
Ўйловчи шошмас.

Тез битган, тез йитар.

Тоқатлига тоғлар эгар бошини,
Бетоқатнинг итлар еяр лошини[2].

Шошган ишга шайтон қўшилар.

Шошганнинг иши ўнгмас.

Қаноат – қизил олтин.

Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,
Беқаноат отини сўяр.

Қаноат қорин тўйдирар.

Сабрли одам узоқ яшайди.

Сабри кўпнинг дўсти кўп.

Ёмон кунда сабр қилган киши яхши кунга тез етади.

Қуйида сабр-қаноат ҳақида донолар ҳикматидан намуналар келтирамиз.
“Сабр ўртоқдир, суҳбати зерикарли, бироқ мақсадга олиб борувчи. Сабр узоқни кўзлаган улфатдир, аммо охирги истакка етказувчидир. Сабр уловдир, секин юради, бироқ манзилга элтади.
Сабр аччиқ, аммо фойда беради. У қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф қилади. Қайси бахтсиз одам сабр этагини тутган бўлса, у охири мақсадига етади. Қайси бир гирифтор кўнгил сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр шодликлар калити, тугунларни ечувчидир.
Сабр туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр насиҳатгўй, ачитиб гапиради, киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган муродига етади. Сабр табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо охирида соғлиққа эришади.
Балога гирифтор бўлиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод, ҳар бир ноумид шахснинг тушкун руҳи сабр туфайли тетик ва ободдир.
Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баробар. Сабр даштида дам олиш югуриш билан тенг. Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ.
Сабр ҳажр шомидек қоронғу ва узун, аммо унинг охири висол тонги. Сабр ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, аммо охири иқбол каъбасидир” (Алишер Навоий).
“Сабрнинг аввали аччиқ, охири эса ширин” (Муҳаммад Зеҳний).
“Билгинки, сабрда хосият ва манфаат кўп. Сабр шундайки, мусибат ва бало айёмида дод-фарёд қилинмайди, қовоқ солинмайди, юз ўзгартирилмайди. Унинг яна бир кўриниши шундайки, одамлар орасида бечораликдан шикоят қилинмайди, тоқат ва чидам қўлини тутади” (Муҳаммад Жабалрудий).
“Сабр била боғлиқ иш очилур,
Ишда ошиққан кўп тойилур” (Навоий).
“Ҳар киши замона ҳодисаларининг зарбасига сабр этса, албатта, умид ўқи мурод нишонига тегар. Сабр қилувчига балолардан ҳеч зарар етмас. Чунки сабр шодмонлик калитидир ва роҳат эшиги бундан бошқа калит билан очилмас” (Кошифий).
“Оғирчиликда сабр қилиш энг улуғ неъмат” (Муҳаммад Зеҳний).
 “Ҳакимларнинг айтишича, қийинчилик пайдо бўлганда доду фарёд қилиш ўрнига ва бу воқеадан дўсту душманларни хабардор қилишдан кўра, сабр ва чидам йўлини ихтиёр қилиб, қаноатни шиор қилмоқ яхши. Негаки бундан хабар топган дўстларнинг кўнглига хижолатлик тўлади, душманлар эса хурсанд бўлади. Шунинг учун чидам йўлини тутиб, бу балодан қандай қутилиш йўлини ўйлаш керак” (Абулбаракот Қодирий).
“Сабр деб бошимизга тушган бало-қазоларга чидамли бўлмакни айтилур. Ҳар бир ишда сабр ва совуққонлик билан ҳаракат қилмоқ лозимдир. Чунки бошимизга келадурғон бало ва қазо, заҳмат ва машаққатларнинг барчаси Жаноби Ҳақнинг иродаси ила бўлғани учун буларға сабрсизлик қилган кишилар ажр ва савобдан қуруқ қолурлар. Сабр инсонлар учун буюк бир фазилатдурки, Жаноби Ҳақ собирларни суяр. Қуръони карим ичида кўп ерда сабрни, собирларни мадҳ қилмишдир. Шариати Исломийяда Жаноби Ҳақ тарафидан келган бало ва қазоға сабр қилмоқ фарзи айндур. Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юритса, мақсудиға тинч ва роҳатда бориб етар, ҳамиша саодатда яшар. Нафсини сабр ила ром қилғон киши ҳар ишда ошиқмай, оҳиста ҳаракат қилур, нафсини ҳалокатдан, ғурурдан сақлар. Сабр шундай бир кучли нарсадирки, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозеъга, ёмонликни яхшиликка айлантирмакликка қуввати етар” (Абдуллоҳ Авлоний).


Йитмоқ – йўқ бўлиб кетмоқ, йўқолмоқ.
“Лош” форсча сўз бўлиб, “ўлик”, “мурда”, “тана” каби маъноларни англатади.

Просмотров: 1358 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz