Вторник, 14.05.2024, 03:56
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 5 » САБР ЧЕГАРАСИ
22:06
САБР ЧЕГАРАСИ

САБР ЧЕГАРАСИ

Маҳаллада янгилик тез тарқалади. Шундоққина ёнимиздаги ҳовлига ёшларнинг севимли қўшиқчиси, машҳур хонанда кўчиб келаётгани ҳақидаги хабар маҳалладошларимнинг кўпчилигини суюнтирди. “Бундайлар жуда калондимоғ бўлишади, ҳали сафимизга қўшилиб кета оладими, йўқми”, дегувчилар ҳам йўқ эмасди. Аммо хонанданинг рафиқаси Дилдорахон ўзининг хушмуомалалиги, самимий ва меҳнаткашлиги билан тезда катта-ю кичикнинг меҳрини қозонди. У ҳар куни эрталабдан  кўчага сув сепиб супурар, ҳовлисига эккан атиргуллари, кўчадан оқиб ўтувчи ариқ бўйига эккан рай­ҳонларининг ёқимли ифори барчанинг баҳри дилини очарди. Кексалар бу жувон билан маҳалламизга ўзгача файз киргандек бўлди, барака топсин, деб дуо қилишарди. 

Девор-дармиён қўшни бўлганимиз учун Дилдора билан тез-тез учрашиб қолардим. Унинг кўзлари кулиб турса-да, назаримда ўзи маъюсдек туюлаверар, бунинг боисини сўрагани истиҳола қилардим. Кўп ўтмай у билан яқин дугона бўлиб кетдик. Бир-биримизнинг қувонч-ташвишларимизга шерик бўлар, муаммоларимизни бамаслаҳат ҳал қилардик. Ҳатто зарур ишимиз чиқиб қолса, фарзандларимизни бир-биримизга қолдириб, ишимизни хотиржам битириб келардик. У билан муносабатимиз яхшиланиб боргани сайин, бу мунисгина аёл юрагини эзаётган дардларни тушундим...

 

Орадан кўп вақт ўтмай, севикли хонанда ярим кечаси маст аҳволда келиб, машинасида баланд овозда қўшиқлар қўйиб олиб, бақир-чақир қилиб қўшниларнинг дилини хира қила бошлади. Дилдора уни уйга олиб кирмоқчи бўлса, жазавага тушиб, нима деяётганини англаб-анг­ламай алжирарди. Уни тартибга чақирмоқчи бўлиб, дакки берган қўшниларни эса оғзига келган беҳаё сўзлар билан ҳақоратларди. Кечаси ҳам алламаҳалгача тинчимас, эрталаб эса Дилдоранинг қовоқлари шишган, юзи кўкарган ҳолдаучратардим. Яқинда эса у менга ўзининг ҳаёти, эрининг номаъқул қилиқлари ҳақида йиғлаб гапириб берди:

— Биз оилада икки фарзандмиз. Ота-онам жуда бадавлат бўлмаса-да, ҳалол меҳнат қилиб, бизни бировдан  кам этмай, вояга етказишди. Саккиз йил аввал уйимизга сов­чилар кела бошлашди. Айниқса, турмуш ўртоғимнинг ота-онаси эшигимиздан қадам узмай қолишди. Камтаргина бир оиланинг фарзанди “JIP” машинасини миниб юрадиган йигитга турмушга чиқишини фақатгина киноларда кўрганмиз. Аммо ҳаётда ҳам шундай бўлди. Умр йўлдошим мени ёқтириб қолганди. Ота-онам бўлса “Тенг-тенги билан, деган гап бор, бу йигитнинг бойлиги бизни чўчитяпти”, дейишса ҳам қулоқ солмабман. Ўшанда онамга “Мана кўрасиз, бир қатра кўз ёшимни оқизиб келмайман”, деб ваъда берган эдим. Турмуш қурганимиздан сўнг аввалига рисоладагидек, иноқ яшадик. Ҳамманинг бизга ҳаваси келарди. Турмуш ўртоғим эса уйида жуда эрка, ота-онасини назар-писанд қилмайдиган йигит бўлиб чиқди. Онаси унинг топармон-тутармонлигини рўкач қилиб, айбларини хаспўшлашга уринарди. Эримнинг хурмача қилиқлари эса кундан-кунга ортиб борарди. Қайнона-қайнотам бизга пойтахтдаги кўп қаватли уйларнинг биридан квартира олиб беришди. Рўзғор нима эканлигини ана шунда тушундим. Эрим жуда кўп пул топарди. Аммо уйга иккита нон кўтариб келмас, топганиниям кўчада сарфлашга одатланганди. Уйимга бирор меҳмон ёки қўни-қўшним келиб қолса, дастурхонга нима қўйишни билмай қолардим.

Эрим кўпинча кечалари уйга келмас, ўзининг айтишича, студияда қолиб кетарди. Майли, бу касбининг тақозоси-да, дея  уни тушунишга ҳаракат қилардим. Бироқ, туни билан қўшиқ ёздик, деб тонгга яқин маст ҳолда уйга кириб келиб, мени аёвсиз дўппослашини қандай тушунтириб беришни ҳам билмайман. Бу орада бир ўғил, бир қизлик бўлдик. Икки  фарзандим икки ёнимда чириллаб йиғласа ҳам ўзи чарчамагунича мени ураверарди. Кўчага қочиб чиқай десам, уйда ёлғиз қоладиган болаларимдан хавотирланардим. Қочиб қаёққа ҳам борардим? Қайнона-қайнотам қариб қолишган, ота-онам менинг ташвишларимдан сиқилишини, турмуш ўртоғимнинг эса эл ичида обрўси тўкилишини  истамасдим.  “Ахир, бир куни унга ҳам инсоф кириб қолар”, деб ўзимни овутардим.

Бир куни эрим ёнимда бегона қизларга телефон қилиб, ўзича севги изҳор қила бошлади. Аввалига индамадим. Чунки қаршилигимнинг эвазига калтак ейишим аниқ эди. Бир маҳал мени ухлаб қолди, деб ўйлади шекилли, уларнинг суҳбати беҳаё тус ола бошлади. Шу пайт ич-ичимдан уввос солиб, бор овозим билан додлаб йиғлагим келди. Охири бу хўрликка чидай олмадим ва унга “Инсофингиз борми ўзи, қандай худо урган одамсиз?” дея бақириб юбордим. У қўлидаги телефонини улоқтирди-ю, ғазаб билан мен томонга кела бошлади. Калтакланаверишдан безор бўлиб кетганимдан, ўзимни кўчага урдим. Атроф қоронғи, бирор жойга боришнинг иложи йўқ. Эрим эшикни ичидан қулфлаб олди. Ўша куни йўлакда тонг оттирдим. Куз охирлаб қолган, тунги ҳаво анча совуқ эди. Бир пайт ўғлимнинг йиғлаган овози эшитилди. Аста уни чақириб, эшикни очишини айтдим. Донг қотиб ухлаб ётган эрим мен уйга кириб болаларни боғчага олиб кетганимни ҳам билмади. Аммо қайтиб келиб, уйга яна кира олмаслигимни тушундим.  Биз кетгач, эрим уйғонган ва болаларим ҳамда менинг кийимларимизни тўртинчи қаватдан кўчага улоқтириб ташлабди. Нафиса исмли қўшним мени уйига имлаб чақирди. Кун бўйи қўшнимникида  ўтирдим. Унга бутун ҳасратларимни тўкиб солдим. Кечқурун яна болаларимни боғчадан олиб, уйимиз эшигини тақиллатдим. Эрим очди. Саломимга алик ҳам олмади. Ҳаётимиз яна шу алфозда давом этаверди.

Бир куни кечки пайт уйга келиб, уйимизни сотганини ва мана шу ҳовлини олганини айтди. Бундай пайтда нега, деган савол ортиқчалигини билардим. Шунинг учун индамай нарсаларимни йиға бошладим. “Маҳаллада яшасак, турмушимиз балки яхшиланиб кетар”, деб умид қилгандим. Лекин мана икки йилдирки, эримнинг одатлари заррача ҳам ўзгармади.  Машҳурликнинг юки оғир бўлишини, маҳаллада бақир-чақир қилиб юриши, қўни-қўшниларни ҳақоратлаши обрўсини тутдек тўкишини тушунгиси келмайди.

Мен эса унинг яхши томонга ўзгаришини сабр билан кутиб яшаяпман. Маҳалламиз кайвонилари, маслаҳатчи опамиз уйимизга келиб, бир неча марта биз билан суҳбатлашди. Қайда, аҳвол барибир яна ўша-ўша. Баъзан ўйлаб қоламан, балки менда ҳам айб бордир, қайдам...

 Ахир у икки боламнинг отаси, озми-кўпми элда обрўси бор. Гоҳида унгаям ачинаман. Шу ҳолида ташлаб кетсам, икки норасида боланинг уволи тутиб, аҳволи абгор бўлса-чи, деб қўрқаман. Уни  тўғри йўлга солишга уриняпман. Кўпқаватли уйдаги қўшнимиз Нафиса “Ота-онаси 25 ёшигача тарбиялай олмаган одамни, сен қандай қилиб тўғри йўлга соласан? Яхшиси, у билан ажрашиб, ҳаётингни бошқатдан бошлагин”, деб маслаҳат берди. Мен учун эса ҳаётимнинг мазмуни — мана шу икки бегуноҳ норасида. Уларга эса ёмон бўлса ҳам ота керак-ку!

Дилдоранинг маҳзун ҳикоясини эшитиб, унга қандай далда ёки маслаҳат беришни билмадим. Чунки ҳали эндигина ўттиздан ошган бу жувоннинг аламли дардлари ҳар қандай юракни ўртаб юборади. Энг ёмони, бу ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган воқеани бутун тафсилоти билан ёзишга истиҳола қилдим. Эндигина ўн гулидан биттасигина очилган муштипар аёл қандай йўл тутсин? Қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй, жамоатчилик икки йўл ўртасида қолган бу оилани қай тарзда ўнглаши мумкин? Муносабатингизни кутамиз.

Барно МИРЗААҲМЕДОВА.

Просмотров: 514 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz