Понедельник, 29.04.2024, 10:16
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » ПАДАРКУШ
20:48
ПАДАРКУШ

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси учун масъул, жамият ва давлат эса бундан манфаатдор. Шунинг учун ҳам Конституциямизнинг 64-моддасида: "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар", деб ёзиб қўйилган. Чунки яхши фарзанд халқнинг кору борига ярайди, давлат манфаатлари йўлида бел боғлаб хизмат қилади.

Болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш осон иш эмас. Бу борада отанинг ўз ўрни, ўз сўзи ва ўз ҳукми бор. Ҳукми шундаки, ота қаттиққўллик билан фарзандини нотўғри йўлдан қайтаради, ножўя ишлар билан машғул бўлишига йўл қўймайди. Оила бошлиғи сифатида зарур бўлса, фарзандини жазолайди (боланинг эркини бўғмаган ҳолда). Буларнинг ҳаммаси фақат эзгуликка хизмат қилади. Шунинг учун ҳам оилада отанинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Кўпгина оилаларда оқила аёл шўхликни ҳаддидан ошириб, шумликка айлантириб юбораётган фарзандларига: "Отанг келаяпти!" ёки "Бу қилиғинг­ни отанг кўрса, нима дейди?!" дейишининг ўзиёқ болаларнинг бирдан эсини жойига келтиради. Улар апил-тапил ўзларини тартибга соладилар. Бу ҳам тарбия­нинг бир усулидир.

 Она меҳрини ота беролмаганидек, отанинг ўрнини ҳам она босолмайди. Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ота-онани улуғлаб ва улардан ҳар бирининг ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаб, "Бирисин ой англа, бирисин қуёш" деганлари бежиз эмас.

Шунинг учун ҳам Шарқ халқ­ларида қадим-қадимдан оиланинг ўзига хос тарбия ва маънавият мактаби яратилган. Унда умумахлоқий, умум­инсоний қадриятлар ўз ифодасини топган ва асрлар давомида сайқалланиб келмоқда.

Фарзандлар одатда ўз ота-онасидан ибрат оладилар. Оилада ота-она бир-бирига меҳр-мурувватли бўлса, фарзандлар ҳам шунга қараб тарбияланадилар ва улғайиб мус­тақил ҳаётга қадам қўйганларида ўз оилаларида ота-оналари кўрсатган хушхулқ, инсоний муносабат улар учун умр давомида тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади.

Ичкиликбозлик ва унинг салбий оқибатлари ҳақида кўп гапирамиз. Хоҳлаймизми, йўқми, баъзан унинг таъсирига тушиб ўзлигини йўқотган, ҳатто жиноят кўчасига кириб қолган кимсаларни учратамиз. Ичкиликбозлик инсониятга ҳам, миллатга ҳам ҳеч қачон яхшилик олиб келмаганлигини биламиз. Бу кони зарар одат оқибатида кимдир отасидан, кимдир яқинларидан, яна кимдир фарзандидан жудо бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, дунё бўйича жиноятларнинг қирқ фоиздан ортиғи ичкиликбозлик оқибатида содир этиларкан.

 Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида яшовчи Рустам Шоимов қишлоқ мактабида ўқитувчи эди. У ичкиликка берилиб, фарзандлари тарбияси, уларни ўқитиб, касб-корли қилиш ҳақида, энг яхши бисот — яхши тарбияланган фарзанд эканлиги тўғрисида ўйламади. Ўқимишли, ақлу ҳуши жойида бўлган болада ота-она билан бирга миллатнинг ҳам ҳаққи борлиги хаёлига келмади. Ўзи педагог бўла туриб, мамлакат ўз келажагини вояга етаётган ёшларга қараб белгилаши хаёлининг бир чеккасидан ҳам ўтмади. Оқибатда иззат-обрўсини йўқотди, оиланинг тинчи бузилди, рўзғоридан барака кетди.

 1984 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси, тайинли бир касб-кори йўқ Бобомурод Шоимов ҳам, қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ичкиликбозликни касб қила бошлайди. Ўғли уйга ичиб келаётганини кўрган ота унга бир неча марта танбеҳ беради. Отасининг насиҳати, қаттиқ танбеҳ беришлари Бобомуроднинг асабини қўзғайди. У "Отанг тентак бўлса, боғлаб боқ", деган бироз қўполроқ мақолимизни, отанинг, ота деган сўзнинг нақадар азиз ва мўътабарлигини унутиб, баъзан отасига қараб хезланиб ҳам қолар эди.

Аслида оталикнинг ҳам, фарзандликнинг ҳам ўзига яраша масъулияти, мажбурияти ва талаблари бор. Миллий қадриятлар ва анъаналаримизга назар ташласак, азалдан бу муҳим масалага алоҳида эътибор берилганлигини кўрамиз. Отага тик боқиш, ҳатто саволига овоз кўтариб жавоб қайтариш ўта номақбул иш саналади. "Ота рози — Худо рози, она рози — Пайғамбар рози", деган нақл ҳам бекорга айтилмаган. Шунинг баробарида отанинг зиммасида ҳам улкан вазифа ва бурчлар борки (ўғил-қизларига тарбия бериш, ҳалол ўстириш, одоб-ахлоқда намуна бўлиш ва ҳоказо), уларга амал қилиш айни саодатга элтади. Аммо ота ҳам, фарзанд ҳам бундай фазилатлардан мутлақо йироқ, қўрс-қўпол бўлишса-чи? Бундай ҳолда улар Раҳмоннинг эмас, шайтоннинг этагидан тутишлари турган гап.

Бобомурод ҳам Раҳмоннинг эмас, шайтоннинг этагидан тутиб, унинг измига юриб, падаркуш деган тавқи лаънатга қолди. 2014 йил 23 январь куни у синфдошлари билан спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда ота-онасининг уйига боради. Бу пайтда отаси Рус­там Шоимов ҳам ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражада маст эди. Илгари бир неча маротаба танбеҳ эшитгани туфайли отасига нисбатан кўнглида адоват сақлаб юрган Б.Шоимов бирдан отаси билан тортишиб қолиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида бир учи синиб, ўткир предмет шаклига келиб қолган гайка бурагич билан отасининг бошига зарб билан урди. Отаси олган оғир тан жароҳати натижасида вафот этди.

Инсон ҳаёти қил устида тургандай омонат.

Бобомуроднинг қилган жиноятини тан олиши ҳам осон кечмади. У судда ўз айбига иқрорлик билдирмасдан, 2014 йил 23 январь куни  синфдошлари билан спиртли ичимлик ичишганлигини, кеч соат 21:00 ларда уйида ҳеч ким йўқлиги сабабли ота-онасининг уйига борса, айвонда отаси Р.Шоимов йиқилиб ётганини кўрганлигини, уйда чироқ йўқлиги туфайли унинг нима учун ётганлигини билмаганлиги ҳақида кўрсатув беради.

Бобомуроднинг онаси, мар­ҳум Р.Шоимовнинг турмуш ўртоғи Бибисора Поёнова "Эримни мен ўлдирганман", деб тергов жараёнида кўрсатма берди. Тергов-суриштирув идоралари ходимларининг синчковлик билан олиб борган тезкор тергов ҳаракатлари туфайлигина ҳақиқий жиноятчи ким эканлиги аниқланди...

Мазкур қотиллик юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича вилоят суди очиқ суд мажлисида кўрилиб, Бобомурод Шоимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 16 (ўн олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми ўқилиб, "падаркуш" деган тавқи лаънатни олган ўғил қилмишига яраша жазосини олибди-ку, яна мақолани давом эттириш  шарт­миди, дейишингиз мумкин, азиз газетхон!

Қилмишига яраша жазо олиб, панжара ортида ўтирган ўғилнинг хаёлидан нималар кечаётган экан? Орадан йиллар ўтар, у жазо муддатини ўтаб, ўз оиласи бағрига қайтар, аммо қўлларидаги падари қони доғини ҳеч нарса билан ювиб бўлмаслигини билармикан? Ҳаётининг сўнг­ги кунига қадар виждон азобида яшашини-чи? Ҳар қа­дам, ҳар сонияда одамларнинг "падаркуш" деган нигоҳ билан қарашларига у қандай бардош бера оларкин?! Мана, сизга ичкиликбозликнинг оқибати ва аччиқ изтироблари!

Инсон дунёга нега келади-ю, нима учун уни тарк этиб кетади? Яшашдан мақсад нима? Фақат бир марта бериладиган умрни қандай ўтказиш керак? Маънавияти бой одамлар кўпроқ ана шу саволларга жавоб излайдилар. Бу изланиш кашфиётларга, ихтироларга, инсон ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилувчи янгилик яратишга олиб боради.

 Бобомуродга ўхшаб ичкиликбозликка берилган, ўзининг тор шахсий манфаатларига ўралашиб қолган кимсалар эса тамоман бошқача фикрлайдилар. Инсоният тақдири улар учун бамисоли сариқ чақа. Бундай одамлар худбин ва жоҳил бўлиб қолаётганларини сезмайдилар. Натижада уларнинг қилмишидан оила, фарзандлар, атрофдаги кишилар, бир сўз билан айтганда, жамият зарар кўради.

Юқорида биз Бобомурод қилган жиноятни унинг онаси Бибисора Поёнова тан олганини таъкидлаб ўтган эдик. Тўғри, она боласи учун ҳамма нарсага тайёр бўлиши ҳаётда исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ҳар қандай шароитда ҳам, ҳатто дўзах лабига келиб қолганда ҳам она қалбидаги сўнгги меҳр томчиларини боласига атайди. Бироқ шу ўринда она тўғри йўл тутдими? Бизнингча йўқ. Ота ва ўғил ўртасида даҳанаки жанг бўлаётганда, ўғил отага қараб хезланган  пайтларда она қандай йўл тутган, деб ўйлайсиз? Ахир, оналар оилада ота билан фарзандлар ўртасида кўприк, энг яқин сирдош, тарбияда отага кўмакдош бўлишлари сир эмас-ку! Нега у ота билан болани муросага келтиришда кўприк вазифасини ўтамади? Наҳот, уларни тўғри йўлга сололмади? Бири кўтарилганда, бирини ҳовуридан туширишга уринса бўларди-ку!

 Нега у ота ва ўғил ўртасидаги адоватга барҳам бериш чорасини кўрмади, рўзғорининг тинчлиги йўлида сув келса симириб, ўт келса кемирмади? Аслида аёл ўн ақлидан тўққизтасини рўзғори тинчлиги йўлида ишлатиши керак-ку, ахир.

Ҳа, ота ҳар қанча жоҳил бўлмасин, она оқилона йўл тутса, фарзанднинг отага нисбатан ҳурмати бошқача шакл­ланади. Машҳур ҳинд киноактёри Раж Капур бош ролни ижро этган "Дайди" фильмини ёдга олайлик. Отаси ўғрилик туфайли қамалиб чиқиб, кейинчалик ичкиликка ружу қўяди, уйдаги бор-будини сотиб юборгани етмагандай яна онасини хўрлаётганига чидай олмаган ўғилнинг жаҳл устида "Бундай отанинг боридан йўғи яхши", деган ҳайқириғига онаси тарсаки билан жавоб беради. Бундан мақсад у одам ким бўлишидан қатъи назар, ота эканлигини, энг муҳими, эри, оиласи устуни эканлигини ғофил ўғ­лига уқтириб қўйиш эди.

Юқорида баён этилган фожеа сабабларини ўйлаб, хаёлимдан бир фикр ўтди. Қачондан бошлаб отага тик боқишга ҳаддимиз сиғадиган бўлиб қолди? Ёки ота қайси гуноҳи учун белидан қувват кетганда ўғлидан танбеҳ эшитиши керак? Ривоят қилишларича, бир отахоннинг ақлли, одобли ва меҳнаткаш уч ўғли бор экан. Қаҳратон қишда қор кўп ёғиб, томлар ҳам кўринмай қолибди. Шунда отахон ўғилларига эринмасдан қор тўхтагунча уйларнинг томини кураб туринглар, — дебди.

 — Хўп, бўлади, отажон, — дейишибди ўғиллар. Улар бош­қа уйларнинг томини курашибди-ю, отаси ўтирган уй томининг қорини курамабдилар. Тонг отиб, отахон таҳорат олиш учун ташқарига чиқибди. Шунда уч ўғил шоша-пиша отаси ўтирган уйнинг томига чиқиб, қорни курабдилар.

Ота ўғилларидан бунинг сабабини сўрабди. Шунда улар:

— Отажон, сиз ўтирган уйнинг томига чиқишимиз, бу сиздек табаррук зотнинг бошингизга оёқ қўйиш билан баробар-ку, дейишибди. Бу жавобни эшитгач, отахоннинг юзида табассум пайдо бўлибди, оқил фарзандлари шаънига дуо қилибди.

Қиссадан ҳисса шуки, ота-она фарзанд учун дунёдаги энг табаррук, энг азиз ва муҳтарам инсонлардир. Уларни ҳурмат қилиш, ҳамиша асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир. Бу авлоддан-авлодга ўтиб, қон-қонимизга сингиб кетган қадрият. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак. Буни Бобомурод ҳам, унинг онаси Бибисора Поёнова ҳам билишлари керак эди.

 Шоимовлар оиласи нотинч оилалар сирасига киришидан уларнинг қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, қолаверса, "Бадахшон" маҳалла фуқаролар йиғинидагилар бехабар бўлишмаса керак?! Агар хабардор бўлишса, нега бу хонадонда юзага келган зиддият, носоғлом муҳит уларни безовта қилмади? Қолаверса, "Бир болага етти қўшни ота-она", деган нақл ҳам бор-ку! Ушбу жиноятнинг содир этилишида уларнинг "Менга нима?" қабилида иш тутганликлари ҳам сабаб бўлгани равшан, албатта. Агар улар бу хонадондаги жанжалу адоватни ўз вақтида бартараф этишга киришганларида эди, бундай оғир жиноят содир этилиб, бир инсон навқиронлик даврининг асосийқисмини панжара ортида ўтказмас ва у оқпадар деган тавқи лаънатга қолмас эди.

Одамлар орасида одамийлик фазилатининг гултожи бўлган меҳр-оқибат йўқолганми, дея ўйга толасан, киши. Бир-биримизнинг ҳолимизни сўрамасак, яхши-ёмон кунларимизда бир-биримизга елка тутиб, ҳамдард бўлмасак, ахир биз нима учун яшаяпмиз?

Рустам НОРЧАЕВ

Просмотров: 916 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz