Понедельник, 29.04.2024, 10:58
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » Муносиб рафиқа
17:00
Муносиб рафиқа

Муносиб рафиқа
Барча махлуқотларни жуфт қилиб яратган ва инсонни никоҳ билан шарафлантирган ва ўз каломида “Сизлар таскин топишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўрталарингизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир.” деб марҳамат қилган Аллоҳга беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, “Никоҳланиш менинг суннатимдир  кимки суннатимдан юз ўгирса, биздан эмас”, ва “Никоҳланинглар, кўпаясизлар. Албатта, мен қиёмат кунида ўтган умматларга нисбатан сизлар (яъни умматимнинг кўплиги) билан фахрланаман деб шаръий оила қуришга ва кўпайишга чақирган ҳақ пайғамбар бўлмиш ҳазрати Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли оилалари ва ақроболарига Аллоҳнинг беҳисоб салоту саломлари бўлсин.

“Дуррул Мухтор” номли фиқҳ китобининг “Никоҳ фасли” шу сатрлар билан бошланади: “Одамзот учун никоҳ ва иймондан бошқа жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир гўшаки, ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома ҳам маълум муддатдан сўнг ўз ниҳоясига етади, аммо бир-бирларидан мамнун ва рози  бўлган умр йўлдошларнинг муносабати эса ўлим билан ҳам тугамайди”.

Ўзимизга умр йўлдош танлар эканмиз, янги ҳаёт бошлаб, биргаликда умргузаронлик қилиш, бола-чақа ортириш ниятидагина эмас балки, жаннатда ҳам бирга бўлиш орзусида бу хайрли ишга қўл урмоғимиз лозим. Шунинг учун муносиб умр йўлдош танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим, балки ҳаёт-мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл-насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг таълим-тарбияси, ахлоқ-одоби, соғлик-саломатлиги, ҳатто қариндош-уруғ, ака-сингил ва дўст-биродарлар билан бўладиган алоқа, яқинлик, борди-келдининг рисоладагидай сақланиб қолиши ҳам бевосита бўлажак умр йўлдошга боғлиқ. Зеро, уйланаётган киши турмуш ўртоғи билан ҳаётининг асосий қисмини ўтказади, шубҳасиз, маънавий камолот ва моддий фаровонликка эришишда аҳли аёлнинг ўрни ва аҳамияти жуда каттадир. Бу ишга шу даражада диққат билан ёндошиш керакки, келиннинг аслу наслида, ҳатто қариндош уруғларида мавжуд бўлган иқтидор, қизиқиш, хулқ, қиёфа, феъл-атвор ва бошқа ўзига хос ижобий ва салбий хусусиятлар бўлажак фарзандларга ирсият орқали ўтиши, таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ота-боболаримиз етти аждодини, қариндош-уруғини сўраб-суриштириб, маъқул топсалар, кейин совчи қўйганлар. Энг ачинарлиси шундаки ҳозирги замонда бундай қадриятлар ўрнини диний ва миллий ғуруримизга ёт бўлган айрим бемаъни одатлар эгалламоқдаки, бу ҳол ўзлигини билган ҳар бир кишини ташвишлантириши ва ўйга толдириши шубҳасиз. Мисол учун келиннинг бойлиги, обрўси, амали учун қуда бўлиш, қизнинг чиройига учиб уйланиш ёки касбига, ҳунарига қараб келин танлаш ва бошқаларни келтириш мумкин. Шубҳасиз, бу борада энг тўғри ечим қуръон, суннат ва фозил кишилар маслаҳатига амал қилмоқдир. Аввало Аллоҳ таоло Қуръони каримда уйланиш ҳақида берган кўрсатмасини келтириб ўтайлик.

“ Мушрика аёлларни, то иймон келтирмагунларича, никоҳингизга олманг! Зеро, ҳур мушрика аёлдан – кўра , иймонли чўри яхшироқдир, гарчи у (мушрика) сизларга манзур туюлса ҳам. Мушрик эркаклар ҳам, то иймон келтирмагунларича (мўмина қизларни) никоҳлаб бермангиз. Зеро, ҳур мушрикдан кўра  иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чорлайдилар. Аллоҳ(эса) ўз изни билан жаннатга ва мағфиратга чорлайди ва эслатма олишлари учун одамларга ўз оятларини баён этади.  (“Бақара” сураси, 221-оят).

Демак, Роббимиз бизларни аввало мўминаларга уйланишга буюрса, кейинги оятда иймон келтирмаган мушрикаларга уйланишдан қайтарди.  Бу биз учун жуда муҳим тавсиядир. Уйланмоқчи бўлган кишилар энг аввал ақлли, покдомон ва диндор аёлни танлашлари лозим. Зеро пайғамбаримиз с.а.в  Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинган ҳадисда:

“Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дийни учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур ”, деб айтдилар ”. Бешовлари ривоят қилганлар.

Яна  Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади:

“Ё Росулуллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир”, - дейилди. “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани”, - дедилар”.  “Сунан” эгалари ривоят қилганлар.

Чунки диндор ва яхши амаллар қилувчи аёл дунёнинг энг афзал бойликларидан бири ҳисобланади,бу борада ҳам пайғамбаримиз (сoллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Амр р.а дан ривоят қилинган ҳадисда: “Дунёнинг ҳаммаси матодир ва дунёнинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир”, деганлар.

 

Насаий ва Муслим ривоят қилганлар.

Дарҳақиқат, эр киши шундай аёл туфайли супир-сидир, пишир-куйдир, бичиш-тикиш каби рўзғор ташвишларидан озод бўлиб, илму маърифат ўрганишга, тоату ибодат билан машғул бўлишга вақт сарфлайди. Шу боисдан ҳам солиҳа ва гўзал ахлоқли аёл диний ва дунёвий ишларда ёрдамчи бўлади. Уйланаётган киши молу мулкда, иззату ҳурматда ўзидан пастроқ аёлни истасин, чунки бу жиҳатларда эркакнинг аёлдан устун бўлиши, уни фитна ва маломатлардан сақлайди. Шунингдек, харажати ва эҳтиёжи кам аёлга уйланиш яхшидир. Ҳадиси шарифда: “Эҳтиёжи кам, маҳри оз ва фарзанд кўриши осон бўлган аёл баракотли аёлдир”, дейилган. Ҳикоя қилинишича бир  Малика донишманддан  “Бир оилада уч ака-ука бор. Каттасининг сочи қора, ўртанчисининг сочи оқ-қора, кичкинасининг сочи оппоқ, сабаби нимада? ” деб сўради. Донишманд жавоб берди: “Каттасининг сочи қоралигига сабаб, унинг хотини одобли, ахлоқли ва эрига итоатли. Ўртанчасининг завжаси ўрта ҳол ва кенжасининг аёли одобсиз ва ахлоқсизлигидан далолат беради”. Дину диёнатда суст бўлган соҳибжамол аёлга уйланиш ҳам хайрли эмас. Келинни фақат бойлиги, обрўси ва ҳусну жамолига қараб танламаслик лозим. Эркак хотинни обрўсига учиб уйланса, хору зор бўлиши мумкин. Бойлиги ва чиройи учун турмуш қурса, бир кун улар кетиб фақиру муҳтож бўлади.

Ривоят қилишларича, ҳазрати Мусо алайҳиссалом қавмлари - бани Исроилдан бир киши: “То юз киши билан маслаҳат қилмагунимча уйланмайман”, деб аҳд қилди. Тўқсон тўққиз киши билан маслаҳатлашди ва: “Эрта тонгда йўлимда учраган биринчи кишининг маслаҳатига амал қиламан”, деб ўйлади. Эрталаб унга биринчи рўбарў бўлган одам – қамиш новдасини от қилиб миниб олган бир девона эди. Бу ҳолатдан у киши жуда хафа бўлди. Аммо тунда қилган аҳдига мувофиқ шу девонадан маслаҳат сўрамоқчи бўлиб, унга яқинлашди.

Девона эса миниб олган “от”ига ишора қилиб: “Ёнимга келма, отим тепади”, деди ва кетишга чоғланди. У киши: “Отингни тўхтат, менга сенинг маслаҳатинг керак, мен уйланмоқчиман”, деди. Девона бироз ўйланиб туриб деди: “Билки, аёллар уч тоифа бўлади: Биринчиси сенинг фойдангга, иккинчиси сенинг зарарингга, учинчиси эса ё сенинг фойдангга ё зараринггадир”, дея “от”ининг бошини буриб, кета бошлади. У киши девонани яна тўхтатиб: “Айтганларингни маъно ва ҳикматларини менга шарҳлаб бер” деди. Девона унга шундай жавоб қайтарди: “Биринчи тоифа деганим, бу бокира қиздир. Чунки никоҳдан сўнг унинг қалби ва меҳру муҳаббати фақат сенга боғланади. Зеро, у сендан бошқа билан улфат ва дўст бўлмагандир. Иккинчи тоифа деганим, болали бева аёлдир. У сенинг молингни ейди, аммо аввалги эрини деб кўз ёш тўкади. Учинчиси, ё фойданг ё зарарингга деганим, бу аввалги эридан фарзанди бўлмаган жувондир. Агар сен аввалги эридан яхшироқ бўлсанг, сени дўст тутади, мабодо ёмонроқ бўлсанг, у ҳолда сенга душман бўлиши мумкин”.

Девонанинг жавобидан ҳайратда қолган у киши сўрабди: “Сўзларинг ҳакимона, аммо нима учун қилиқларинг девонавор?”. Девона жавоб бердики: “Эй биродар! Мени масъулиятли, охиратда эса жавоби қаттиқ ва оғир бўлган қозилик мансабига тайин қилмоқчи эдилар. Мен бу хатарли лавозимни қабул қилмаслик учун ўзимни девоналикка солдим ва ундан қутилиб қолдим”. Зеро биринчи тоифа аёл ҳақида  Жобир р.а  пайғамбар с.а.в га: “Уйландим дедилар. Шунда Росулуллоҳ (сoллаллоҳу алайҳи васаллам) у кишига: “Қандайига уйландинг?” дедилар.“Жувонга ”, дедилар. “Бокира қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?” деб айтдилар”. Ҳукамолар айтадилар: уйланувчининг бўлажак қаллиғи ўзидан тўрт жиҳатда: ёшда, бўю-бастда, бойликда, ҳасабда (обрў ва эътиборда) паст бўлиши ҳамда тўрт жиҳатда: ҳусну жамолда, одобда, ахлоқда ва тақводорликда устун бўлмоғи керак. Шунингдек, никоҳдан олдин келин-куёвнинг бир бора учрашишлари суннатдандир. Зеро, никоҳдан олдин вакиллар ҳузурида бир-бирларини кўрмоқлари тўйдан сўнг ўзаро меҳру-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки муносиб рафиқа танлаш киши ҳаётида муҳим ўрин тутадиган катта қадамлардан бири эканлиги, ва аёл унга ҳаётида шерик ўзининг бир бўлаги фарзандларининг онаси уйининг бекаси бўлишини унутмаслиги ҳамда бу борадаги ишларни ўта диққатлик ва нозиклик билан амалга оширишни унутмаслиги лозим. Зеро инсон ёлғизликда ҳеч қандай бахт топган эмас. Эркакнинг саодати солиҳа аёл билан, аёлнинг чин бахти эса Аллоҳ таолодан қўрқувчи эркак билан тўлиқ бўлади. Шундай экан яратгандан бахтимизни тўлиқ ва бекаму – кўст болишини сўраб қоламиз.

 

Собит Жамол

Просмотров: 630 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz