Вторник, 14.05.2024, 16:05
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 7 » КОСА ҚУЁШИНИНГ ПОРЛАШИ
14:02
КОСА ҚУЁШИНИНГ ПОРЛАШИ

КОСА ҚУЁШИНИНГ ПОРЛАШИ

images

Ашрақат мин акси шамсил каъса анворул ҳудо,

“Ёр аксин майда кўр” деб, жомдин чиқти садо.

 

Ғайр нақшидин кўнгул жомида бўлса занги ғам,

Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

 

Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синған сафол,

Жом ўлур гетийнамо, Жамшид ани ичкан гадо.

 

Жому май гар буйладур, ул жом учун қилмоқ бўлур,

Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо.

 

Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача,

Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо.

 

Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар

Чеҳраи мақсуд, маҳв ўлғай ҳам ул дам моадо.

 

Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,

Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.

 

Сен гумон қилғандин ўзга жому май мавжуд эрур.

Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

 

Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин

“Ишрабу, ё айюҳал-атшон” келур ҳар дам нидо.

 

Мазкур ғазал Алишер Навоий ҳазратларининг “Хазойин ул-маоний” куллиётининг бошланишига жойлаштирилган. Биз куллиётга кирувчи тўрт девоннинг дебочасини кузатганимизда ушбу ғазал руҳини акс эттирган бошқа шеърни кўрмаймиз, балки ҳар бир девон Аллоҳ таолонинг ҳамд ва мақтови билан очилади. Лекин юқоридаги ғазалда ҳамд руҳи у қадар устувор эмас. Демак, биз ушбу ғазални “Хазойин ул-маоний”нинг эшиги, жоиз бўлса, ундаги барча шеърларни таҳлил ва талқин этиш калити деб тушунсак, хато бўлмайди.

Устоз навоийшунос олимлар Алибек Рустамий, Нажмиддин Комилов, Аъзам Қозихўжаев, Каромат Муллахўжаевалар мазкур ғазални атрофлича таҳлил қилиб берганлар, уларнинг шарҳлари биз учун ҳазрат Навоийни тушуниш ва ҳис этишда ёрдам бериши баробарида намуна вазифасини ўтамоқда. Бунинг учун улардан чексиз миннатдормиз. Бироқ чинакам бадиий асарнинг кучи унга нисбатан билдирилган талқинларнинг кўплиги ва хилма-хиллигида дейилади. Шундай экан, ҳазрат Навоийнинг биргина ғазали хусусида бир неча талқинлар билдирилиб, ўзаро мусоҳаба бўлиб туриши табиий. Бизда ҳам “Ашрақат…” ғазали билан танишиб, уни ўқиш, уқиш, ёд олиш, унга билдирилган фикр ва талқинлар билан атрофлича танишиш жараёнида баъзи мулоҳазалар пайдо бўлдики, уларни тартиб билан, умумлаштириб баён этиш истаги туғилди. “Ашрақат…” шарҳига бағишланган ушба мақола ана шу истак ҳосиласи ўлароқ юзага келди.

 

Ашрақат мин акси шамсил каъса анворул ҳудо,

“Ёр аксин майда кўр” деб, жомдин чиқти садо.

 

Байтдаги арабий жумла маъносини чиқариш хусусида турлича қарашларнинг гувоҳи бўлдик. Устоз Нажмиддин Комилов: “Қуёш косасининг аксидан ҳидоят (йўл кўрсатувчи, раҳнамолик қилувчи) нурлари порлаб чиқди”, – деб талқин қилади. Бироқ жумла ўзбек тилига сўзма сўз ўгирилса, ушбудан фарқлироқ мазмунни кўрамиз:

 

Ашрақат (اشرقتْ) – ёришди;

Мин акси (من عكسِ)  – аксидан;

Шамсил каъса (شمسٍ الكأسَ) – косанинг қуёши;

Анворул ҳудо (انوارُ الهدا) – ҳидоят нурлари.

reWalls.com-10108

Демак, “Ашрақат мин акси шамсил каъса анворул ҳудо”  (اشرقتْ من عكسِ شمسٍ الكأسَ انوارُ الهدا ) жумласи таржимасини “Коса қуёши аксидан ҳидоят нурлари ёришди (ёки порлаб чиқди)”тарзида ифодалашга тўғри келмоқда. Савол туғилиши табиий: “Нега косанинг қуёши? Косада қуёш нима қилади? Ундан кўра “қуёш косаси” деб қўйган маъқул эмасми? Шунда қуёшни косага истиора тарзида олиш қулай бўларди”. Лекин, минг афсуски, сўзлар ва уларнинг маъноси бизнинг ўйловларимизга бўйсунавермайди. “Шамсил каъса”(شمسٍ الكأسَ)ни  “каъса ал-шамс” (كأسَ الشمس) дейишга ҳеч қайси биримизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз йўқ. Демак, биз жумлани шундайлигича олиб, унинг маъносини чақишимизга тўғри келади.

Бизнингча, ғазал тариқатга кирган соликнинг устоз – пири муршидга нисбатан бўлган ҳурмати, муҳаббати ва ундан олган сабоқларининг ифодасига бағишланган. Арабий жумланинг маъносини тушуниш учун иккинчи мисрага юзланамиз: “Ёр аксин майда кўр” деб, жомдин чиқти садо”. Демак, “Жомдан: “Ёрнинг аксини майда кўр”, – деб садо чиқди”. Тасаввуфий истилоҳда жом ориф инсоннинг қалби, ёр Аллоҳ таолони (ёки Унинг жамолини), май эса илоҳий ишқ маъносини англатиши маълум. Буни кўплаб олимлар, хусусан, устоз Нажмиддин Комилов ҳам таъкидлайди. Агар  шу истилоҳга суянсак, мисрада шундай маъно мужассам экан:

Ориф қалб эгаси бўлган устоз айтдики: “Аллоҳ таоло жамолига илоҳий ишқ туфайлигина етишмоғинг мумкин”.

Энди арабий жумла маъносини ушбу мазмун билан боғлиқ жиҳатларини топишга ҳаракат қилсак. Модомики, орифнинг қалби илоҳий ишқ майи тўлган жомга қиёс қилинар экан, унда Аллоҳ таолонинг назари (ёки жамоли) акс этар экан, “косанинг қуёши” (شمسٍ الكأسَ) деган бирикмада ҳеч қандай номантиқийлик қолмайди: илоҳий ишқ майи тўлган қалб(коса)да Аллоҳнинг жамоли (қуёш) акс этиши табиий-ку. Албатта, бу коса(қалб)да порлаб турган қуёш (Аллоҳнинг назари) аксидан ҳидоят нурлари порлашига шубҳа йўқ.

Байт маъноларини яхлит ҳолатда ифодаласак, қуйидаги манзара намоён бўлади:

 

Илоҳий ишқ тўлган қалб косасида Аллоҳнинг назари қуёш каби порлаб, ҳидоят нурларини намоён этди,

Ориф қалб эгаси бўлган устоз айтдики: “Аллоҳ таоло жамолига илоҳий ишқ туфайлигина етишмоғинг мумкин”.

 

Ғайр нақшидин кўнгул жомида бўлса занги ғам,

Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

 

Байтни таҳлил қилишдан аввал тушунилиши қийин бўлган сўзларнинг маъносига диққат қаратсак:

 

Ғайр – бегона

Ваҳдат – бирлик, ягоналик

Масаллик – каби

Ғамзудо – ғамни кетказувчи

 

Демак:

“Бегона нақшдан кўнгил жомида ғам занги пайдо бўлса,

Эй соқий, бу ғамни бирлик майи каби кетказадиган нарса йўқ”.

 

Тариқатга кирган солик учун дунё бегонадир. У мол-давлат, обрў ва мавқеъ орттириш ҳаваси, истагидан воз кечади. Ўзини фақат Аллоҳ зикрига бағишлайди. Бу мажбурият сабабли эмас, албатта. Чунки у махлуқларнинг (яратилганларнинг) қиймати Холиқнинг (Яратганнинг) муҳаббати олдида пистанинг пўчоғи каби ҳам эмаслигини яхши англайди.

Алишер Навоий “Ғайр нақши” деганда ақлни олгувчи, иймон ва инсоф чегараларини бузишга сабаб бўлгувчи дунёнинг жилваларини, ўткинчи гўзалликларини назарда тутади. Агар солик қалби тариқатга кирдим деганда ҳам, дунёдан кўнгил узолмаётган экан ёки дунё аҳлининг озорларига рўпара келаётган экан, демак, бу унинг учун катта ғам. Чунки у ақлан англаган ҳақиқатини қалб билан туя олмабди. Ғамдан эса фақат “майи ваҳдат”, яъни Аллоҳ таоло васли, Аллоҳнинг муҳаббати, яъни илоҳий ишқ қутқара олади. “Эй соқий” ундалмаси бевосита дўстга, ҳамдам, ҳамфикр кишига нисбатан қаратилган.

Эътибор берилса, матлаъда илоҳий ишқ ҳақида гап боради, иккинчи байтда эса илоҳий ишқнинг сифати (яъни, ғамдан қутқариши) таъкидланяпти. Учинчи байтда эса маъно ўта кучаяди, илоҳий ишқ майининг моҳияти ёрқин акс этади:

 

Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синған сафол,

Жом ўлур гетийнамо, Жамшид ани ичкан гадо.

 

Тушунилиши қийин сўзлар:

 

Зарф – идиш

Сафол – сопол

Гетийнамо – оламни кўрсатувчи

 

Демак:

Эй, бу шундай яхши майки, унга синган сопол идиш бўлса,

Ўша ўша сопол (жом) оламни кўрсатувчи кўзгуга, уни ичган гадо эса Жамшид каби подшоҳга айланади”.

 

“Синғон сафол” (синган сопол) деганда шикаста кўнгилни, гуноҳлардан қорайган, аслига қайтишга зор бўлган қалбни тушунишимиз мумкин. Агар ана шундай қалбга Аллоҳнинг лутфи билан ҳидоят, илоҳий ишқ насиб этса, у кўнгил дунё сирларидан огоҳ бўлади (“…жом ўлур гетийнамо…”), юксакка кўтарилади, натижада унга бойлик ва ҳашамат аҳамият касб этмайди, чунки у қадимги Эроннинг энг қудратли шоҳларидан бири бўлган Жамшид каби улуғлик мақомида бўлади (“…Жамшид ани ичган гадо…”).

Савол туғилиши мумкин: нега айнан Жамшид? Ривоятларда айтилишича, қадимий Эрон ҳукмдори Жамшид ўта қудратли бўлиб, унда бутун дунёни акс эттириб турувчи кўзгу (гетийнамо) бўлган экан. Ўзбек халқ оғзаки ижодида бу кўзга “Оинайи жаҳоннома” деб аталади. Алишер Навоий Жамшид образидан илоҳий ишқ ва ҳидоят йўлининг қанчалик улуғворлигини ёритиш учун бир восита (бу талмеҳ санъати дейилади) сифатида фойдаланади.

Тўртинчи байтда эса юқоридагиларида акс этган тасвир яна ҳам аниқлашади:

 

Жому май гар буйладур, ул жом учун қилмоқ бўлур,

Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо.

 

Тушунилиши қийин сўзлар:

 

Буйла – каби

Нисор қилмоқ– ҳадя қилмоқ, бағишламоқ

 

Демак:

Жом ва май шундай экан, у жом учун ҳар нафасда юз жаҳонни нисор қилса бўлади, у май учун эса ҳар нафасда минг жонни фидо этса бўлади”.

 

Алишер Навоий ҳазратлари ориф инсон қалби, ундаги ҳидоят, Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг мақоми учун кишида юз жаҳон, минг жон бўлса, барчасини бағишлаши кераклигини таъкидлар экан, бу билан чинакам устозга, пири комилга эргашган соликдан катта фидойилик, ихлос, мардлик талаб этилишига ишора қилади.

Кейинги байтда Алишер Навоий ўзининг илоҳий муҳаббатга ташна эканлигини баён этади:

 

Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача,

Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо.

 

Тушунилиши қийин бўлган сўзлар:

 

Дайр – 1) дунё; 2) зардуштийлар ибодатхонаси

Ҳуш аҳли – эс-ҳуши жойида бўлган одамлар

Муғбача – оташпарастлар ибодатхонасидаги шогирд бола

Ибтидо қилмоқ – бошламоқ

 

Демак:

“Бу дунёда ақли жойида бўлган одамларни эсидан айириб, телба қилмоқчи бўлиб май тутадиган бўлсанг, эй муғбача, бу ишни мендан бошла!”

 

Абдураҳмон Жомийнинг “Лавомеъ” асарида май ва ишқнинг ўхшаш жиҳатлари солиштирилади ва хусусан, май ҳам, ишқ ҳам маст қилади, иккисидан ҳам баҳраманд инсоннинг дунё билан иши бўлмай қолади, иккисидан насиба олган одам бошқалар наздида телба кўринади, аммо май ичишнинг охири хорлик, илоҳий ишқнинг охири мангу саодат деган мазмунда фикр билдирилади. Алишер Навоий “муғбача” дея устоз – пири муршиднинг йўл-йўриқларини муридларга етказувчи халифага мурожаат қилар экан, ўзига ундан кўпроқ насиҳат олишни истайди, устознинг ўгитлари, йўл-йўриқларини олиб, тезроқ Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни, Унга қурбат ҳосил қилишни, ҳолга етишишни орзу қилади, бу йўлда маст бўлишга ўзида чексиз хоҳиш сезади, шунинг учун ҳам: “…Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо…”– дея астойдил ёлворади. Бу билан тасаввуфдаги мақом ва ҳолнинг қанчалик юксак эканлигин ойдиналашади.

 

Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар

Чеҳраи мақсуд, маҳв ўлғай ҳам ул дам моадо.

 

Тушунилиши қийин бўлган сўзлар:

 

Жилвагар – жилва қилувчи

Чеҳраи мақсуд – мақсад қилинган чеҳра (Илоҳий жамол)

Маҳв ўлмоқ – йўқ бўлмоқ

Моадо – моддият олами

 

Демак:

Токи илоҳий ишқ майидан кўнгил жомида Илоҳий жамол жилва қилса, Сен учун моддият олами ўша дам йўқ бўлади”.

 

Алишер Навоий мазкур ўринда солик инсонда юз берадиган жазба ҳолатининг тасвирини чизади: зикр, устоз сабоғи билан мақомларга эришга муридда ҳол юз беради, у жазбага тушиб, Аллоҳнинг қудратини, жамолини руҳоний юксакликда, ботинан ҳис этади. Ана шу жараёнда унинг учун бутун дунё йўқликка юз тутади.

 

Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,

Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.

 

Демак:

“Май ва жом ичида ваҳдат ҳолати (бирлашиш) юз берадики, “жом” ва “май” сўзларини айтган одам буни бир исм билан адо қилади (амалга оширади)”.

 

Аллоҳнининг қудрати ва Унинг қиёси йўқ муҳаббатини мушоҳада этишга, руҳан, қалбан туйишга орзуманд солик. У ваҳдатга, Ҳақ билан бирлашишга муяссар бўлишни истайди. Бу қандай амалга ошади? Албатта, бу май била жом ичра беради. Яъни у пири муршид буйруқ, кўрсатмаларига бўйин сунади, унинг ўгитларини ҳаётига татбиқ этади – бу унинг жомга (яъни ориф инсонга) бўлган боғлиқ томонидир – натижада, қалбида ишқ майининг жилваланиши билан мақсад ҳосил бўла бошлайди. Демак, аён бўляптики, ваҳдат – бирлашиш жом ва май билан юз беради.

Аммо бу йўлда солик ўзини қандай тутади? Қайси амалларни адо этади? Буни “Жому май лафзин деган”  – жом ва май сўзларини айтган солик бир Исм билан адо қила олади – “бир исм ила қилғай адо”. Бу қайси Исм? Кимнинг ёки ниманинг исми? Бизнингча, бу исм жаноби Ҳақнинг гўзал исмидир. Уни ихлос ва муҳаббат билан ҳар нафасида зикр қилган одам – бир Исм ила – шубҳасиз Илоҳий иноятга сазовор бўлади.

Демак, байтдаги мазмунни яхлит ҳолда шундай изоҳлаш мумкин:Аллоҳ билан қурбат ҳосил қилишни истаган инсон учун пири муршид сабоғи зарур, пири муршид сабоғини олган мурид эса Аллоҳни тинимсиз зикр қилиш билан ўз мақсадиг етиша олади.

 

Сен гумон қилғандин ўзга жому май мавжуд эрур.

Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

 

Тушунилиши қийин бўлган сўзлар:

Нафй этмоқ – рад этмоқ, танқид қилмоқ

Зоҳид – охиратда жаннатга эришиш истагида дунёдан воз кечган инсон

 

Демак:

“Эй зоҳид, сен гумон қилган маст этувчи жом ва майдан бошқа жому май ҳам бор, сен буни билмай туриб, бу майхона аҳлини танқид қилма”.

 

Сўфийлик тарихида зоҳидлар ва орифлар ўртасида ўзига хос зиддият бўлганлиги қайд этилади. Унга кўра, зоҳидлар охиратда Аллоҳ ваъда қилган жаннатга эришиш истагида дунё неъматларидан воз кечадилар, сўққабош бўлиб яшайдилар ҳамда фақат ибодат билан машғул бўладилар. Орифлар эса жамият, одамлар билан биргаликда умр кечирадилар, инсонларга маърифат улашадилар, аммо қалбларида Аллоҳга бўлган муҳаббат лиммо-лим тўлиб, ибодатларини ҳам асло кечиктирмайдилар, балки юксак ихлос билан адо этадилар. Орифлар илоҳий ишқ асрорларини бегоналар, уларни тушунишга қийналадиган инсонлар кўзидан пана қилиш учун май, жом, майхона каби истилоҳларни қўллайдилар. Буни тушунмаган зоҳид эса маърифатдан бебаҳра қолганлиги учун орифларни тинимсиз танқид қилади, уларни адашган деб ҳисоблайди. Алишер Навоий ана шу ҳолатдан келиб чиқиб зоҳидга мурожаат қилар экан, у ўйлаётган, ёмон гумонга бораётган май ва жомдан бўлак жому май борлигини алоҳида таъкидлайди.

 

Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин

“Ишрабу, ё айюҳал-атшон” келур ҳар дам нидо.

 

Демак:

Навоий, лабинг ташна бўлмасин, чунки ҳар лаҳзада Азал Соқийси (Оламларни Яратувчиси)дан: “Ичинг, эй ташналар!” – деган нидо келади”.

 

Азал Соқийси (Аллоҳ табарок ва таоло) ҳар лаҳза: “Ичинг, эй ташналар!” – дея нимага ишора қиляпти? Бу, албатта, қуръоний мазмун билан боғлиқдир. Ғошия сурасининг 17–20-оятларида қуйидаги маъно акс этади: “Улар назар солмасми: туянинг қандай яратилганига? Ва осмоннинг қандоқ кўтарилганига? Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига? Ва ернинг қандоқ текислаб қўйилганига?”

Бутун оламда Яратганнинг қудрати, тасаввуф “тили” билан айтганда, жилваси акс этади. Буни англаган одам Аллоҳга имон келтиради, мўжизаларга назар солиб, унинг Яратувчисини кўришни истайди. Бу ўринда Аллоҳнинг яратиқлари, улардаги ҳикматни бир май тушунсак, шу ҳақда тафаккур қилиш эса уни ичиш демакдир. Бунга эришган банда эса аста-секин Ҳақ йўлига қадам босади. Аммо бундан ҳамма ҳам насиба олавермас экан.

Шунингдек, Азал Соқийси деганда Алишер Навоий ишқ ва муҳаббат Аллоҳ таолодан эканлигига ишора қилади. Чунки Аллоҳ тақдир қилмаса инсон қалбига ҳидоят нурлари етиб бормайди. Яратганга чинакам муҳаббат билан интилган мўмин инсонга эса ихлосига яраша мукофот ваъда қилинган. Аммо мукофотларнинг энг гўзали бу Аллоҳнинг жамолидир.Аллоҳ таоло “Қиёмат” сурасининг 22–23-оятларида марҳамат қилади: “У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар”.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Албатта, сизлар ўз Роббингизни худди мана шу ойни кўраётгандек аён кўрасизлар”, – деганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расули акрам (с.а.в.): “Бас, ҳижоб очилур, уларга Роббилари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч нарса берилмагандир”, – деб лутф этадилар.

Демак, ҳазрат Навоий байтнинг мақтаъсида Аллоҳнинг ишқида ташна бўлганларга унинг жамолидан насиба бўлишини: “Ичинг, эй ташналар!” – арабий жумласи билан ифода этмоқда. Бу фоний дунёда ташналикни Аллоҳнинг коинотда, борлиқда акс этган қудратига назар солиш, мушоҳада этиш билан қондирмоқ мумкин. Охиратда эса Унинг лутфи ўзгача бўлади.

Ушбу “Ишрабу, ё аййуҳал атшон” арабий жумласи Қуръон оятлари ёки ҳадисларга таалуқли эмаслигини ҳисобга олсак, уни шоирнинг ўз қаламига мансуб деган тўхтамга келиш мумкин.

Ғазал тузилиш жиҳатдан силсила ғазаллар турига мансубдир. Чунки матлаъда бошланган фикр байтма-байт ривожлантирилиб, мақтаъда асосий ғоя ўз аксини топади. Мақтаъдан олдинга байтда эса шоир ишқ ҳақиқати хусусидаги қарашларини зоҳидга нисбатан айтган сўзлари орқали ифодалайди. Буни “бегона байт” деб атамаган бўлардик, чунки шоирнинг бу байтдаги фикрлари бевосита ғазалнинг умумий мазмунига алоқадор ҳисобланади. Демак, биз бу байтни ўзига хос тарздаги “лирик чекиниш” деб аташимиз мумкин.

Шу ўринда ғазалнинг ички тузилишини байтма байт содда шаклда кўриб чиқсак: ишқ майи тўлган қалб жомида ҳидоят нурлари порлайди; агар дунё занги қалб жомига илашса, уни фақат Ваҳдат майи кетказа олади; шундай жомки, уни олган одамга дунё сирлари намоён бўлади ва шундай майки, уни ичган одам Жамшид каби шоҳга айланади; агар жом ва майда шундай сифат бўлса, бу иккаласига борлиғингни берсанг ҳам кам; ишқ йўлига кириш имкони туғилса, бу йўлга пешқадамлардан бўлиб интилиш лозим; илоҳий ишққа пир ўгитлари ва Ҳақ зикри билан эришмоқ мумкин; буни тушунмаганлар эса маломат қилмасинлар; ҳақ йўлга ташна бўлганлар оламда акс этган Аллоҳнинг қудратини тафаккур қилсинлар.

Хулоса қилиб айтганда, ҳазрат Алишер Навоийнинг мазкур ғазали “Хазойин ул-маоний” куллиёти “калити” бўлиб, унда тасаввуфга кирган соликнинг мақомга, ҳолга эришиш йўллари, шартлари рамзий тимсоллар ёрдамида юксак бадиий маҳорат билан акс эттирилган.

Акром МАЛИК

Просмотров: 813 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz