Воскресенье, 28.04.2024, 22:05
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » Компьютер авлоди
20:07
Компьютер авлоди
 
 

Ҳозир яшаб турган асримиз компьютер даври, ахборот асри деб аталмоқда. Компьютер ҳаётимизни эгаллаган сайин ҳаёт ва абадият, макон ва замон, одоб ва ахлоқ, ёвузлик ва эзгулик, ҳалоллик ва жўванмардлик ҳақидаги тааввурларимиз “компьютер авлоди”нинг қарашлари билан унчалик чиқишмаяпти. Бу тушунча ва қадриятлар уларга халақит бераётганга, шиддат ва шитобни тўсаётганга ўхшайди. Демак, бизнинг азалий қараш ва дидимиз ҳам ўзгариш арафасида турибди. Ҳали ҳеч қачон дид ва дидсизлик, бошқача айтганда, маданият ва маданиятсизлик ўртасидаги кураш бу даражада ҳаёт-мамот тусини олмаган. Умуман, маданиятнинг намунаси нима ва у қандай бўлади? Нимага қараб, қандай асосларга таяниб, биз “маданиятли” ва “маданиятсиз” деган баҳоларни берамиз? Юксак дид ва дидсизлик нима?
Бизнинг дидимиз фақат бизники эмас. Бу дидни Одам Атодан бошлаб сайқал бера бошланган ва минг йиллар, асрлар оша бугунги дидимиз даражасига етган. Шундай экан, бизнинг маданият ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларимиз ҳам фақат бизники эмас, унга бизгача бўлган аждодлар ишлов берган, пойдеворини қурган, асослаган. Улар бизга дидсизлик ва маданиятсизликдан ўзимизни асраш йўлларини кўрсатишди, ана шундай муҳташам бино – дид ва маданият деган бинони қолдиришди. Аммо бу бинога эртага ҳам эгалик қила оламизми?
Биз ўз ботинимиздаги “мен” биносини қайси мато ё буюмдан қурганимизга қараб, қай даражада маданиятли ёки маданиятсиз эканимизни билиб олишимиз мумкин. Инсонийлик маданиятнинг энг муҳташам кўринишидир. Хушмуомалалик, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, самимият, ҳурмат-эътибор, камтарлик ва бағрикенглик, ҳалоллик маданиятнинг энг буюк ютуқларидир. Қайси миллатда бу фазилатлар камёб бўлса, гарчи тараққиётнинг юксак босқичида турган бўлса ҳам, у миллат маданиятли эмас. Айнан шу фазилатлар ҳаёт тарзимизга айланиши учун минг-минг йиллар керак бўлди, бу фазилатларни асрдан-асрга мисқоллаб йиғдик ва инсонийликнинг кўрки қилиб кўтардик. Энди уни вайрон қилишга ва бой беришга ҳаққимиз борми?
Бир илғор мамлакатга борган танишим менга: “У ерда ҳамма нарса бор. Лекин қўшни қўшнига ёт, бегона. Ҳамма ўзи учун яшайди. Бир-бирига жуда совуқ. У ерда одамларни эмас, одам қиёфасидаги қандайдир “робот”ларни кўргандай бўлдим. Баъзида бу совуқликдан одамнинг эти жунжукиб кетади”, деганида бизнинг ҳам инсонийлик ҳақидаги тушунчаларимиз асл ҳолича сақланиб қолаяптими, дея ўйланиб қолдим.
XXI асрга келиб, ботинимизни “мен” эмас, қайсидир даражада истеъмолчи эканимиз белгиламоқда, бизда шахс бўлишдан кўра замон шиддатини қамраб олган устамон бўлиш талаб қилинаяпти. Шахс бўлиш ҳеч кимга керак бўлмаяпти. Биз ана шу нуқтада маданиятли ва маданиятсизга ажралиб борамиз. Дунё, ҳаёт ва Яратган ҳақидаги тасаввур ва ҳайратимиз ҳам ўзгараяпти. Эртага эса яна кескинлашади. Истеъдодга қараб эмас, устамонлик ва қанчалик ахборотга эгалигимизга баҳо берилади, “ахборот билан тўйинмаган шахс”га ҳаётдан орқада қолгандек муносабатлар пайдо бўлади.
Ҳар қандай маданият дастлаб одамнинг ичида яралиб, кейин моддийлашади. Бизнинг фикр ва қарашларимиз, ўзимизни тутишимиз, ижтимоий фаолиятимиз, умуман, ўзимизни намоён қилишимиз – бу маданиятмизнинг амалда намоён бўлишидир. Биз қайси замонда яшамайлик, ичимизда аждодларимиз сайқаллаган “мен” бўлмас экан, бўш идишдан фарқимиз қолмайди. Шакл бор-у маъно йўқ идишмиз.
Ҳаётимиз шиддатли тус олди. Тезлик бизнинг ақлимизни шошириб қўйди. Шу пайтгача тўплаган билимларимиз бир пасда эскириб, кераксиз бўлиб қолаётгандек. Биз орқада қолмаслик учун тараққиёт изидан ҳаллослаб чопиб бораяпмиз. Салгина бошқа нарсага чалғиган одам кейин бу тезкор тараққиётни қувиб етолмай қолаяпти ва салгина чалғиш ҳам одамни қолоқ одамга айлантириб қўйяпти. Эртага эса бу шиддат янада тезлашади. Биз бугун ўзимиз билиб-билмаган ҳолда“компьютер” авлоди бўлишга кўр-кўрона интиляпмиз.
Бир ёш йигитни танийман. “Компьютер авлоди”га мансуб. У компьютерни сув қилиб ичган. Баъзан дунё тафаккурининг чўққилари бўлган машҳур файласуф ва адиблар ҳақида фикр билдириб қолади. Энг қизиғи, унинг билдирган фикрлари интернетдаги тайёр маълумотлар, холос. Асарнинг ўзини ўқимаган. У фақат асар ҳақидаги баҳс ва хабарларни ўқиган. Унга бу ҳақда гапирсам, бу асарларни ўқишга вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам йўқлиги, ана шу маълумотларнинг ўзи кифоя қилишини айтди. Бу “компьютер авлоди”га мансуб зиёли йигитнинг гапи. Унда ҳайрат ва завқ ҳозирдан ўлиб бўлган. У завқ, ҳайрат билан эмас, ўзини “ахборот билан тўйинтираяпти”. Унга асарнинг ўзи эмас, маълумотнинг ўзи кифоя қилади. Мен бу йигитни ахборотлар тўпланган дискка ўхшатаман. Одамга эмас. Шунинг учун адабиётга муносабат ҳам ўзгараяпти. Адабиёт ҳам “компьютер авлоди” – “диск” йигитимизга ўхшаб фақат ахборот олиш учун ўқишга ўтилса-чи?! “Навоийми? Биламиз. Унинг фалонча асари бор. Фалон асарида фалон ғояни кўтарган. Фалон муаммони ўртага ташлаган”. Мана шу. Адабиятни ўқиш ҳам тест саволларига жавоб топишга айланиб бораяпти. Асар руҳини ҳис этиш, қаҳрамонлар билан изтироб чекиш, қувониш, фикр қилиш, бир сўз билан айтганда, маънавий эврилиш, ҳузурланиш ортиқча бўлиб қолаяпти.
Компьютер авлоди”нинг билмаган ёки хабари бўлмаган соҳаси йўқ. Ҳамма соҳадан бир шингил. Аммо фақат хабардор. Худди тест имтиҳонига жавоб бераётгандай хабардор. Асарнинг ўзини ўқишга ҳафсаласи, ҳайрати етмаган, вақти бўлмаган бу йигитнинг ютуғи нимада? Фожеаси-чи? У нимани ютқизяпти? Қалбан маънавиятли бўлоладими? Бугун шу йигит каби ўйловчилар кўпайиб бораяпти. Эртага яна кўпайса-чи? Ҳа, ижодкорлик билан яратилган ҳар қандай нарса кишига ижодий қувват беради. Жумладан, адабиёт ҳам. Адабиёт юксак ва улуғ мавзулар билан шуғулланади. Адабиёт истеъдод маҳсули бўлгани учун ҳам мангулик тусини олади ва ўлмас бўлиб қолади. Чунки истеъдодлар бу ўткинчи дунёга мангулик ҳақида, мангу завқ ҳақида, мангу ҳайрат ҳақида хабар бериш ва қалбимизни мангулик нурлари билан чўмилтириш учун бу дунёга юборилган. Адабиёт миллат диди ва маданиятини тарғиб-ташвиқ қилувчи, уни маданиятнинг юксак чўққисига етакловчи энг улкан воситадир. Улар ичимизга кирса, ўзимизники бўлса, у бизни хотиржам қилади. Бизнинг ўзлигимизга айланса, у руҳий қувват беради. Ана шу қувват орқали ўзлигимизни мустаҳкамлаб олгачгина,компьютер бизни ўзига авлод қила олмайди, бу қувват бизга инсоний завқ ва ҳайрат, маданият ва дид бағишлаб туради. Бу қувват танамизда оқар экан, биз компьютерни ўзимизга “авлод” қилиб оламиз.
 
Назар Эшонқул
Просмотров: 608 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz