Вторник, 14.05.2024, 12:39
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 8 » ЁШЛАР ИЖОДИ
09:49
ЁШЛАР ИЖОДИ

Феруза Бекмуродова. Табассум қил, борлиқ ғамни унутсин!

(Шеърлар)
1997 йил 5 январда Сирдарё вилояти Гулистон туманида

туғилган. Гулистон туман Бешбулоқ маиший хизмат

касб-ҳунар коллежида таҳсил олади. Шеърлари вақтли

матбуотда эълон қилиб турилади.

 ТАКЛИФ

Кел, яшайлик унутиб ғамни!
Ёлғизлик хўп қийнади ёмон.
Бу дунёнинг бахтлиси бўлиб,
Интилайлик бахтлилар томон.

Гуллаб кетсин қадамлар қўйсак,
Ҳар саҳро-ю биёбонлар ҳам.
Олислардан соямиз тушса
Кутиб турсин хиёбонлар ҳам.

Кел, яшайлик ҳаётни севиб!
Унут бўлсин биз кулмаган тун.
Гулдасталар саралаб турсин
Эрта бизни қаршиловчи кун…

 ЎЗГАЧАСАН

Баҳорлар бошланар
Тиниқ юзингдан,
Меҳрим куч олади
Ёниқ кўзингдан.
Тилим лол,
қордайин юмшоқ сўзингдан,
Сен ўзинг ўзгача,
Тамом бошқача.

Кундузим қуёшли,
Кечам юлдузли.
Осмоним аксида
Ўзинг нур юзли.
Аҳдига вафодор,
Содиқ, бир сўзли,
Сен ўзинг ўзгача,
Тамом бошқача.

Дунё яралибди
Турфача тақдир.
Кимга ёр бўлганлар
Кимга дўст татир.
Эътироф этмоқлик
Тушун, шарт, ахир.
Сен ўзинг ўзгача,
Тамом бошқача…

 ТАБАССУМ ҚИЛ…

Сен бахтлисан, мовий самога
Сачратиб юр кулгунинг рангин.
Шавкат Раҳмон.

Сукут тўла тунда чўзилган йўллар,
Оромин бузасан бўлса-да ғамгин.
Сен кулавер, токи ҳаёт аслида
Табассуминг сабаб товланар рангин.

Мудом уйғоқ қалбинг бирам беғубор,
Мунгли чеҳраларга бахш этасан нур.
Шудрингларга чайиб ёниқ ҳисларинг,
Ўзинг ўз ишингдан қиласан ҳузур.

Табассум қил, борлиқ ғамни унутсин,
Олам ҳам яшнасин сиғмай ўзига.
Сени тушкун ҳолат интиқиб кутсин,
Уни юпатолгин боқиб кўзига.

Кутарлар пойингга сочмоқ бўлиб гул,
Сенга талпинади ғуссали юрак.
Масрур нигоҳингда чин самимият,
Бу дардли дунёга сендайлар керак…
КАТТА ЙЎЛЛАР…

Чирсиллаган олов ёнар сўзимда,
Ўзбекман-да, нур ўйнайди юзимда.
Ҳатто баҳор кулиб турар кузимда,
Катта йўллар бугун бахтга элтади.

Шарафларнинг боши бору сўнгги йўқ,
Ёмон тушим тескаридир, ўнги йўқ,
Қўрқоқликнинг туни бору тонги йўқ,
Катта йўллар бугун бахтга элтади.

Табаррук деб Юрт тупроғин қучоқлаб,
Ҳар синовда Ватан ишончин оқлаб,
Она халқим, сени Худо ҳам ёқлаб,
Катта йўллар бугун бахтга элтади.

ТУНГИ ҲОЛАТ

Энг узун тун.
Бедорликка тутилдим.
Кимдир ором олиб ётар, мен уйғоқ.
Шуълаларнинг шарпасин сезган юрак
Нотинч уриб қўяр, сесканиб гоҳ-гоҳ.

Энг узун тун.
Хаёлларим ҳам саркаш.
Туйғулар сўз бўлиб қалбга ўт ёқар.
Қувлашмачоқ ўйнаб юрар ҳисларим…
Кўнглим дарёсида вужудим оқар…

Энг узун тун.
Тонгдан бўлмади дарак.
Ҳали-ҳамон уйқу йўқ кўзларимда.
Майли, ёришмаса, ёришмас осмон,
Нурлар порлаб турса бас, сўзларимда…

ДЎСТИМГА

Ўйламадик зинҳор сўнгини,
Дўстман, дедик, дўст бўлолмадик.
Яхши кунда қувонч борича
Чин юракдан биз кулолмадик.

Йўллар олис, орамиз узоқ,
Дунё дардин елкага ортдик.
Дўст бўлдигу иғволар сабаб
Ўзимизни орқага тортдик.

Бирда туҳмат, миш-миш, бўҳтонлар,
Синов бўлди бизларга ҳар дам.
Тушкунликка дош беролмасдан
Билмай қолдик қўймоқни қадам.

Бу кун юрак йиғламоқ истар,
Таскин бера олмайсиз нега?
Сиз шодонсиз қувончга ошно,
Ғамғусорлик, дилгирлик менга…
* * *

Бахт борича ёғилар бошдан,
Қайноқ қалби кучли қуёшдан.
Айни шунда бардоши тошдан —
Ўн еттига кирмаган ким бор?..

Лайли қизлар, ойдайин юзлар,
Қадди расо, мақтовда улар.
Бир гапириб ўн чандон кулар,
Ўн еттига кирмаган ким бор?..

Ҳаёт завқин тотар юраклар,
Шижоатга тўла билаклар,
Шер йигитга тоза тилаклар,
Ўн еттига кирмаган ким бор?..

Орзулари қалби қатида,
Қўлин чўзса, юлдуз кафтида…
Шу ёшида дунё сафида,
Ўн еттига кирмаган ким бор?

Давру даврон сурмаган ким бор?..

 ОРЗУЛАР БЕКАТИ

Орзулар бекати томон боряпман,
Йўл узоқ, ундан-да оғир машаққат.
Барчасин енгишга етар бардошим,
Астойдил интилсам, етарман албат.

Умидим йўлида Хаёл бекати,
Олдинда поёнсиз сарҳадлар ётар.
Мен Орзу атаган манзилга қадар
Билмадим, неча кун, неча тонг отар?

Дийдорнинг онлари шунчалар яқин,
Тақдирда бормикан унга етмоқлик.
Қатъият жиловин қўлда тутолсам,
Бир зум ўйлай олмас мендан кетмоқлик.

Оллоҳим йўлимни айласин ёруғ,
Парвозда омадим бошимни силар.
Нурларга бурканган ҳаёт йўлимда
Қанот бахш этажак менга орзулар.

Просмотров: 553 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz