Понедельник, 29.04.2024, 09:47
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 26 » ҚИЗ УЗАТДИК ЭПЛИ (СЕПЛИ)ГИНА
10:33
ҚИЗ УЗАТДИК ЭПЛИ (СЕПЛИ)ГИНА

ҚИЗ УЗАТДИК ЭПЛИ (СЕПЛИ)ГИНА

 

Қиз болани ота-она кўнглининг гавҳари, дейишади. Шунданмикан, қиз фарзанди бор оилада файз-тароват, дастурхонда барака бор. Қиз боланинг қадами етган жойда гўзаллик, саранжом-саришталик ҳоким. Қизларига меҳри пайваст оталар уларни "она қизим”, "уйимнинг фариштаси”, "азиз меҳмон қизим”, - деб эркалашларида олам-жаҳон ҳикмат мужассам. Айниқса, оталар қизларининг кўнгилларини ранжитмасликка интилишади, авайлаб-асрашади. Кўнгил гавҳари, дейишларининг боиси ҳам шундадир, балки.
- Қизларим – меҳмонларим, - дердилар раҳматлик отам, - меҳмон эса отамдай азиз, - деб қўшиб қўярдилар.
Онам эса бир гапни кўп такрорлардилар:
- Қиз боланинг кўнгли ярим бўлади, қиз болани ранжитиш – ота-онанинг дилини оғритишдай гап, - дея ўғиллари зиммасига масъулият юклардилар.
"Кўнгил гавҳари”, "она қизим”, "уйимнинг азиз меҳмони”, деб таъриф берилган, ота-она томонидан беқиёс меҳр билан сийлангувчи қизжонларимизни бир куни улғайтириб, қадди-бўйини, хулқ-атворини безаб, ўзга бир хонадонга узатиб юборамиз. Энди у оиламиз учун янаям азиз меҳмонга айланади. Балки ўз онасига нисбат бериб, "онажон қизим”, деб эркалаб ўстирган оталар шунинг учун ҳам қиз фарзандларига меҳрлари бўлакчадир. Ўзга хонадонга узатилиб кетаётган "меҳмон қизи”нинг кўнглини синирмаслик учун ота-онанинг жони ҳалак. Қизининг балоғатга етганидан қувониб, бўй етган қизини эплигина-сеплигина, қилиб узатиш тараддудига тушишади. Ҳар гал дуога қўл очганларида: "Қизимга яхши жойлардан ато эт, худойим”, - дея илтижо қилишади.
... Қиз узатдик, Талабаликдаги дугонам Тожихон Ғазалкентдан Бекобод шаҳрига Асал қизини узатди. Жонажон дўстлардан бир-иккитамиз тўйга бордик. 2011 йилнинг кузида бўлган бу тўйнинг келиннинг сепларини жўнатиш маросимида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган бир ҳолат мени ҳаяжонлантириб юборди. Келиннинг сеплари юкланган юк машинаси ортидан битта "Дамас” автомобили ҳам йўлга туша бошлади. Разм солсам, машина ичи тўла китоб. Шу кўчадан ўтаётган биронта тадбиркорнинг юкидир, деган хаёлда эътибор қилмадим. Лекин ичкаридан "ҳай-ҳай”лаганча чиқиб келган келиннинг холаси: "Энциклопедияларини ҳам юклашсин”, - деса ҳамма қотиб қолди, гўё.
- Буларни неча йилдан бери йиғаман, - изоҳ берди дугонам. – Миллий Энциклопедиянинг ҳар бир чиққан томини олиб қўявердим. "Уй-рўзғор энциклопедияси”, "Тиббиёт энциклопедияси” "Ислом энциклопедияси” – барча энциклопедик адабиётлар менинг совғам. Дадаси эса жаҳон классик адабиёти намояндаларининг тўлиқ асарлари тўпламини ҳадя қилдилар. Асал жуда китобсевар.
Биров: "қизингиз борган жойида китоб ўқиб ўтираркан-да”, - деб кесатди. Биров Тожихоннинг бу ишини маъқуллади. Яна кимдир: "шунча китобнинг пулига фалон давлатда ишлаб чиқарилган мебелни олиш мумкин”, - деди. Яна кимдир: "китобни безак учун олишади, ўзини ўқимишли кўрсатиб”, - дея кулди. Лекин биз билган Тожихоннинг қизи Асал учун китоб ҳар қандай бойликдан-да устун эканлигини ич-ичимдан ҳис этиб турганим учун:
- Тожихоннинг қизига қилган сепининг энг аълоси ҳам шу бўлди, - дедим собиқ курсдошларга.
Худди шунга ўхшаш воқеа ҳақида яқинда телевидение орқали берилган кўрсатувга ҳам гувоҳ бўлиб, қалбим нурга ғарқ бўлди гўё.
Самарқандда қиз узатилди. Келиннинг сепини куёвникига олиб келиб туширишаётганларида бир сандиқнинг оғирлигидан ҳамма ҳайратландилар. Келиннинг сандиғи одатда бунчалик оғир бўлмасди, бемалол икки киши кўтариб кетаверишарди. Лекин бу сандиқни икки киши ўрнидан зўрға жилдиришди.
- Бу келинга тегишли эмас, сандиқлар адаштириб юборилган, - деган фараз билан ортга қайтармоқчи бўлишди. Лекин "сандиқ келинники”, деганларидан сўнг зил-замбил бу юк куёвнинг уйига олиб кирилди. Маълум бўлишича сандиқ тўла китоб экан...
Кўп бора қиз узатдик: қўшни қизни, қариндош қизни, маҳалладош, овулдош қизларни... узатдик. Қайсики қиз узатиш тўйига борсак-да, келин қизнинг сепидан сўз очилди:
- Соф хитой чинниларидан фалон жамланма қилдим, қизимга.
- Тилла занжирнинг ундоғидан қилдим. Сирға-узугини жуфт қилиб бердим, мебелнинг энг яхшисини танлаб олдим...
Хуллас, келиннинг сепи анвойи, кўриб лол қолиш даражасида. Нархлари осмондан. Лекин ҳеч бир ота-она қизимни фалон ўқишда ўқитдим ёки унга фалондай ҳунарларни ўрганиши учун шароит яратдим, деб мақтанмайди. Мақтана олмайди. Чунки ота-оналари эркалатиб ўстирган кўпчилик "она қизлар”имиз кўйлагининг этагини тикдириш учун ҳам чеварга югуришади. Нон ёпиш, ҳар хил пишириқлар тайёрлаш, меҳмон кутиш тугул оддий хамир қоришнинг уддасидан чиқолмайдиган қизларимиз ҳам бор, афсус.
- Китоб – инсонни ҳар томонлама тарбиялайди, - дейди Манғит шаҳрининг "Бешгужум” даҳасида яшовчи ҳожи она Қурбонбека эна. – Ўқиган, касб-ҳунар ўрганган, китобга ошно бўлган қизпошшаларимизнинг барчаси эплигина бўлишади, атрофдагилар билан қандай муомала қилишни яхши билишади. Билсанг, қизим, келиннинг энг катта, қимматбаҳо сепи унинг гўзал хулқ-атвори, эплилиги. Яхши ота-она қизини "онажоним, гавҳарим”, деб эркалатишдан аввал ана шу қизалоқнинг кўнгил мулкини бойитиши керак. Кўнгилдаги мулк – чиройли хулқ-атвор, касб-ҳунаргина қизпошшаларимизга бахт олиб келади.
Хизмат сафарида эканлигимда Манғит шаҳридаги бир оилада бўлдим. Бизни тушликка таклиф қилган хонадон соҳибаси шинам, безатилган уйга бошлаб кирди:
- Келинимнинг уйи, - деди секингина. – Бир ярим йил бўлди, ота-онасиникида яшаяпти.
Ичкари-ташқарили, икки хонали уй кичикроқ музейни эслатади. Қим-матбаҳо мебеллар жамланмаси, компьютер, сўнгги русумдаги телевизор, жимжимадор стол-курсилар, театрлардагидай башанг пардалар, бир бурчакда болалар манежи. Ҳатто сервантнинг бир токчаси тўла китоблар. Йигирма-ўттизтача қалин-қалин китобларга разм солдим. Барчаси ислом дини тарихига оид илмий-назарий, ҳадис илмига оид адабиётлар, ҳатто Ат-Термизий ва имом Бухорий ҳазратларининг ҳадисларидан намуналар ҳам жам эди бу ерда.
- Келинингиз ўқитувчими? – Қизиқдим.
Қайнонанинг ҳафсаласи пир бўлди.
- Қаёқда, дейсиз, ўқимаган. Китобларни безак учун олиб беришган ота-онаси. Уйда китоб турса, обрўси ошармиш. Китоби кўп одамга бошқалар яхши муносабатда бўлармиш... Ишонсангиз, келиним яхшилаб салом беришниям билмайди. "Ссам”, деб салом берса, отасининг олдида уялиб кетаман.
Ана холос. Қизининг "борган жойида тошдай қотиши”ни истаган ота-онанинг тутган йўлини қаранг: "уйда китоб турса, обрў” эмиш. Унда қимматбаҳо адабиётларни жавонга териб қўйиб, эрталаб қайнота-қайнонасига "Ссам”, деб салом бергувчи келинпошшанинг обрўси қаерда қолди? Хонадон соҳибасининг айтишича, арзимаган баҳона билан бир ярим йилдан бери ота-онасиникига кетиб ўтирган келинпошша китобларни умуман ўқимас, бошқаларга ҳам бермас экан. Бу хонадонга оқиб кираётган маънавият чашмасининг йўлини ёпишми ёки келинпошшанинг худбинлигими? Ёки қизининг сепига нодир адабиётларни саралаб, тахлаб қўшган ота-онанинг фаросатсизлигими бу?
Тўғриси, бу башанг, лекин эгасиз уйда мен инсон учун азиз бўлган ҳеч нарсани топмадим. Бу ерда ҳаловат ҳам, меҳр-оқибат ҳам, инсонни ўзига тортувчи гўзаллик ҳам йўқ эди назаримда.
- Ўқишдаги қизимга пальто олиб берганим учун жанжаллашиб кетиб қолди, - дейди қайнопа.
Бу оилавий келишмовчилик – алоҳида мавзу. Лекин шу ерда мен ўз кўнглимдан кечганини яшира олмайман. Азизлар, агар ўша келинпошша обрў, шон учун ота-онаси тахлаб берган ноёб китоблардан ҳеч бўлмаганда биттасини – ҳадисларни варақлаб кўрганида эди, талаба қайнсинглисига пальто олиб беришгани учун жанжал чиқармаган, балки бу пальтони олиб беришларига ўзи бош-қош бўлган бўларди.
Илмни бекитиш, илмдан баҳра олишга интилувчиларга ёрдам бермаслик – динимизда қаттиқ қораланади. Жавонларни тўлдириб нодир китобларни териб қўйсанг-у ундан на ўзинг, на ўзгалар баҳра олмаса, бу – бориб турган гумроҳлик, худбинлик. Афсуски, орамизда китобни шунчаки хўжакўрсинга йиғиб, "муқоваси чиройли, қимматбаҳо китобларни жавонга териб қўйишни мода”, деб тушунгувчилар ҳам йўқ эмас. Лекин китобни ўзига дўст-у қадрдон, энг яқин маслаҳатгўй деб билган инсонлар ҳам борки, уларнинг хонадонларида маънавиятнинг теран илдизларидан сув ичган соғлом ҳаёт нафаси барқ уриб туради. Бундай инсонлар қизларининг қадд-у бўйини ҳам, хулқ-атворини, ҳатто уйларини ҳам ана шу ҳаёт нафасидан ранг олган гўзалликлар билан безайдилар. Бундай оилада камол топган қиз ота-онаси бера олмайдиган қалб уйи безакларини китобдан олади, ўз кўнгил мулкини яратади: гўзал муомалали, рўзғор таълимида бурро, она бўлганида, фарзанд тарбиясида оқила ва фаросатли, меҳрибон рафиқа сифатида шаклланади. Ҳаётга тез аралашиб, янги оилада ўз обрўсига эга бўлади, келинлик мавқеини мустаҳкамлайди. Бу ота-она кўнгил гавҳарлари – қиз боланинг узукка кўз бўлгани, борган жойида илдиз отгани. Шунинг учун ҳам қайноналар бир-бирларига:
- Эпли келин керакми ё сепли?! – дея ҳазиллашадилар.
"Қиз боланинг эпи – тилидан, қайнонанинг феъли – юзидан билинади”, - деб бежиз айтишмаган. Қизларимиз ота-онасиникида нимаики ўрганган бўлса, яхши қайнона – унинг ўрганганларига "ўзидан қўшади”, билмаганини ўргатади. Рўзғор юмушларининг уддасидан чиқолмаган эпсиз келиннинг уй тўла анвойи сепидан не наф? Яхши қиз ўзига сеп йиғишдан олдин аёл киши учун рўзғор тебратишда зарур бўлган энг яхши фазилатлар билан ўз хулқини безаса, касб-корли бўлса, ана шудир унинг сепи. Сеп деганда фақат моддий нарсалар (мебель, чинни, гилам, маиший-анжомлар)ни тушуниш ҳам маънавиятсизликнинг бир кўриниши, аслида. Раҳматлик онажоним айтардилар: "... Юсуф Эшон бобо ҳазратларига яқин дўсти қизини узатмоқчи эканлигини айтганида у зот сўраган эканлар:
- Қизингнинг сепи дурустми?
Дўсти қизига қилган кўрпа-тўшак, қошиқ-товоқ, ...ларни санай бошлабди.
Шунда Эшон бобо уни гапдан тўхтатиб:
- Сеп деганда мен қизингнинг эпини сўрадим”, - деган эканлар.
- Уй тўла қақир-қуқурингдан фойда йўқ, болам. Хулқинг чиройли, эпинг бўлмаса, обрў топмайсан - дердилар доим онам.
Демак, қиз узатиш – қизимизнинг тилаган нарсасини муҳайё қилиб, ўзга уйга кўчириб юбориш эмас, балки унинг қалб уйини маънавий гўзаллик билан бойитиб, гўзал хулқ-атворли, чевар ва пазанда, меҳр-оқибатли инсон сифатида янги ҳаёт остонасига кузатмоғимиз керак. Қизимизнинг энг катта сепи – маънавий баркамоллиги. Маънавий баркамолликка элтувчи йўл эса фақат ва фақат илм-ҳунардир. Илм чироғи ёниқ қалбларнинг ҳаёти тинч, фаровон ва ҳамиша обод бўлади. Ушбу мулоҳазаларни шарҳ этишдан мақсад эса эзгу - илоҳим, қизларимизга яхши ерлардан ато этсин-у уларнинг сепини маънавий бойликлар билан тўлдирайлик. Одоб-ахлоқ, ҳаёт сабоқларидан таълим бергувчи нафис китобларни севиб, ардоқлаб улғайган қизларимизнинг тушган хонадонлари уларнинг қалб мулкидан, эпчиллигидан яшнаб кетсин. Ўғилларимизнинг ёнидаги жуфтлари қадам қўйган остонамиз меҳр-муҳаббатга, яхшиликка чулғансин.
Тўйга, азизлар! Ота уйни тарк этиб, қиз узатилаётир. Қадрдон уйи остонасидан ҳатлаган заҳоти келин номини олиб, ота уйдан меҳмондай кузатилаётган қизгинанинг ўзидан олдин сепи йўлга чиқди. Оламжаҳон сеп – бир уйга сиғмайдиган моддий бойлик қалашиб кетди куёвникида. Лекин бу бойликлар қолиб, уларнинг ичида кичик бир сандиқ барчанинг диққатини тортди: Навоий, Бобур асарлари ихлос билан тахлаб қўйилган сандиқ уйнинг энг тўрига қўйилди. Келин келди. Келин саломидан, ибо-ю ҳаёсидан, эгнидаги гўзал либосидан барчанинг кўнгли тўлди. Худдики бу хонадонга ҳазрат Навоийнинг Лайли-ю Ширини кириб келгандай, дилларда ҳавас уйғонди. Оналар кўнглини бир ширин орзу қучди:
- Киройи келининг шундай бўлса, - дедилар.
- Эплигина қиз экан-а, - ҳавасланишди.
- Қаердан билдингиз?
- Сепига китоб қўшганидан, салом беришларидан, ўзини тутишидан!
- Келиннинг сепи – илми, ақл-фаросати, одоб-икроми, - дея алқадилар.
Қиз узатдик, эплигина,
Ўзга элга ботсин, деб.
Кўнгил уйи сеплигина,
Қотса, тошдай қотсин деб.
Сепига гўзал таълим –
Гул қўшдик, гулоб қўшдик.
Ҳаёт ўзи муаллим –
Ўқи, деб китоб қўшдик.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

Просмотров: 991 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
avatar
0
1 albine • 07:59, 31.03.2015
Қиз узатдик, эплигина,
Ўзга элга ботсин, деб.
Кўнгил уйи сеплигина,
Қотса, тошдай қотсин деб.
Сепига гўзал таълим –
Гул қўшдик, гулоб қўшдик.
Ҳаёт ўзи муаллим –
Ўқи, деб китоб қўшдик.
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz