Понедельник, 29.04.2024, 05:36
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » “Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё...”
16:33
“Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё...”

“Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё...”

  •  
  •  
  •  
 

  

      Манбаларда келтирилишича, Ҳазрати Сулаймоннинг ягона узуги бўлган. Унда ёзилган фикрни толеида бахт насими уфурган лаҳзаларда ўқиса, хафа бўлар, уқубатли онларда ўқиб эса кайфияти кўтариларкан. "Ҳаммаси ўтиб кетади”. Унда шу калом битилган экан. Кунларнинг бирида ҳазратнинг бошига шундай бир мусибат тушадики, у қўлидаги узукни улоқтириб ташлайди. Узук айланиб-айланиб анча нарига бориб тўхтайди. Сулаймон қўлига олса, унинг ички қисмида "Буниси ҳам ўтиб кетади”, деган жумла муҳрланган экан.

 

    Бу ривоятни бесабаб келтирмадик. Чиндан ҳам, ҳамма нарса, умр ҳам ўткинчи. Гап шу ўткинчи умрни қандай ва қай тарзда ўтказишда. Шубҳасиз, кўнгил амри билан қалам тебратган ва уйғоқ қалб билан яшаб ўтган ҳассос шоир Садриддин Салим Бухорий қолдирган бой маънавий-маърифий мерос умрбоқийлик касб этади. Шоирнинг гўзал ва дилбар мисралари аллақачон кўнгиллардан кўнгилларга кўчиб, ҳам титратиб, ҳам ажиб кўтаринки руҳ бағишлаб ўтаётгани қувонарли.

 

 

 

Куртаклар дарахтнинг ўйлари,

Дарахтнинг ўйлари гуллайди.

Куртаклар дарахтнинг куйлари,

Куйлари иқболдан сўзлайди.

 

 

 

       Куртаклар шоир наздида – бахтли болалик. Ёшликнинг гўзал оҳанрабоси. У инсоннингулғайиши учун бир йўл, дилкаш лаҳзалар. Жомий таъбири билан айтганда, "тупроғи гавҳарга тенг” улуғ заминда таваллуд топган шоир шеъриятининг маъюс, бироқ оромбахш оҳангинимана шундай бир дарахтда олдин куртак, сўнг гул бўлиб, кейинчалик эса куй ва иқбол бўлиб кўринган йўлни босиб ўтган бир тақдирнинг ғолибона тантанаси демоқ жоиз. Лирик қаҳрамон фикрини давом эттириб, шундай дейди:

 

 

 

Куртаклар дарахтнинг кулгуси,

Кулгилар жаранглаб берар сас.

Куртаклар дарахтнинг орзуси,

Орзулар ушалар басма-бас.

 

 

 

  

       Орзулар, албатта, ушалади. Шоир шундай дея, ўзини, атрофдагиларини ишонтиргиси келади. Қалбида орзу-умидлар тўлқин урган, пок виждон ва иймони измига итоат этгучи қаҳрамон ҳаёти давомида ижод дунёсининг ширин ташвиш-ўйлари билан яшади. У ҳар лаҳза инсон дарди, ички ва ташқи оламини ҳис қилди, мисраларида уларни ёниб куйлади.

 

 

       Ижод – гўзалликдан баҳраманд бўлиб, унинг таъсирида нимадир яратиш. Ана шу яратувчанлик меваси ўлароқ шоир лирикасини ташкил этган ошиқона  ғазаллар, мухаммаслар, қолаверса, ибратли фикрлар ижодкорнинг нақадар кенг дунёқараш ва теран нигоҳ эгаси эканлигини кўрсатади. Ўқигани бор : ҳақиқий ижодкор ҳар бир мисрасида ўзини ифода эта олиши лозим. Демак, ижодкорнинг ҳар бир сўз ва жумласи ўзининг оппоқ қоғозга тушган акси. Уларга ижодкор ўз виждони кўзи билан қараган.

 

     Садриддин Салим Бухорий шеърлари берилган умримизда токи ер бизларни мангу бағрига олгунга қадар вақтдан самарали фойдаланишимиз лозимлигини, Аллоҳ барҳаёт қалбимизда яшаши ва қилинган ҳар бир ишда виждон, деган адолатли тарозибон мезон бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Шоир асарларининг барчаси ўқувчининг маънавий дунёсини бойитишга воситадек кўринади.

 

 

Сен замондин ношукрлик айлама,

Ҳар ёмондин ношукрлик айлама.

Ҳар замону ҳар ёмон ўткинчидир,

Ҳар не ондин ношукрлик айлама.

 

 

     Куюнчак шоир умрининг охиригача Ватан озодлиги, ҳурлигини куйлади, турғунлик даврида унинг озодлик шамолини хаммадан кўп истади, қўмсади, шу йўлда ҳаракат қилди. Бухородаги ҳар бир иморатнинг гарди ўзи учун азизлигини ҳар бир нафасида билдириб турди. Шеърларида ўзлигича қолди. Инсонларда учраб турадиган алдов, ҳасад, ичқораликлар ҳақида оғринибсўзлади:

 

 

Кўкка талпинган сари пастлашмоқда одамзод,

Пастлигини унутиб,баҳслашмоқда одамзод.

Бу омонат умрининг омонатлигин билмай,

Ҳақни унутиб ким-ла қасдлашмоқда одамзод.

 

 

 

Ёки :

 

 

Банда билиб, билмасдан, э воҳ,

Гуноҳ қилиб қўяди ногоҳ.

"Мен бегуноҳ”, демоқлик асли,

Банда учун энг оғир гуноҳ.

 

 

     "Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”- дейди С.Бухорий ва ҳақ гапни айтади. Ҳикматдир дунё! Йўқ, аслида дунё ҳикмат эмас, ундан ҳикмат излаган инсон учунгина ҳикматдир. Иллат излаганга эса шоир эътироф этганидек, "иллатдир дунё”.

 

       Шоирнинг"Шамол йиртди тун кўйлагини, Осмон юзи қизарди, Булбулгинам, қани куйлагин!”ёки бўлмаса, "Турғунликни бузмоғим керак”,каби мисраларини ўқиган киши қалбидаги ҳайрат маънавий дунёсига кўчади.

У яна бир шеърида:

 

Онамдан меҳр ҳиди таралган каби,

Шоирдан шеър ҳиди таралган каби,

Анқисин шеъримдан ўзимнинг ҳидим,

Деҳқондан ер ҳиди таралган каби,

 

 

– дейди. Ҳа, шоирнинг шеърларидан анқиган хушбўй ифор – Бухоро осмонининг, наинки Бухоро , балки ҳаёт нафаси уфуриб турган жамики инсоният оламининг ҳиди келаётгандек. Ахир юзлаб манбаларни ўрганиб, Бухоро алломалари, азиз авлиёлари ҳақида бир қанча китоблар қолдиргани, таржимон сифатида Гётенинг "Ғарбу Шарқ девони”ни олмон тилидан, Хожа Ориф Ревгарийнинг "Орифнома”, Муҳаммад Боқирнинг "Мақомот Шоҳи Нақшбанд”, Хожа Шаҳобиддиннинг "Мақомоти Саййид Мир Кулол” китобларини форс-тожик тилидан ўзбек тилига ўгирган алломанинг хизматлари таҳсинга лойиқдир. Қолаверса, шоир шеърларининг олмон, инглиз, рус, тожик, украин, болгар тилларига қилинган таржималари ҳам ижодкор шеъриятининг ўзига хос латофатидан далолат беради. Йиллар давомида дунё юзини кўрган ўттиздан ортиқ китоби ўқувчилар маънавий-руҳий оламига шукуҳ бахш этаётгани ҳам аён ҳақиқат.

 

 

        Шоир шеърдаги образларда ўз фикрини шунчалик равшан ифода этганки, лирик қаҳрамони фикрини қандай тушунган бўлса, ўқувчи ҳам мутолаа жараёнида шу фикрни тўла англайди. Мана, қаранг:

 

 

Ҳар бир ғунча аввал менинг юрагимда гуллайди,

Ҳар бир япроқ аввал бўлар юрагимда заъфарон.

Тонгда қуёш аввал менинг юрагимда сўйлайди,

Мен шоирман, онажон!

 

 

       Шоир атрофида яшаётган нокас кимсалар дастидан азият чекади. Бундай каслар ичида яшаб қийналади. У ўзини, ўзлигини йўқотган инсонларга қарата шундай деса:

 

 

 

Ҳайратланма,нечун дўст билмадилар,

Ҳурмат айлаб эъзоз ҳам қилмадилар.

Биз ҳеч кимни назарга илмагандик,

Оҳ, бизни ҳам назарга илмадилар,

 

 

яна бир ­шеърида шундай кишиларга бўлган нафратини очиқ-ошкора изҳорэтади. Ўз осмонида эркин уча олмаётган, нафас етмаётган қушдек бонг уради. Одамларни уйғоқликка, ҳалолликка даъват этиш истаги ич-ичдан туғён уради.

 

        Ҳа, умр, дунёнинг бевафолигию ўткинчилиги ҳақида кўп гапирамиз, эшитамиз. Бахтли лаҳзалардан тотинамиз, кайғули дамларда эса Яратгандан мадад сўраймиз.Хом сут эмган бандалигимиз боисми, гоҳ яқинларимизни унутиб, қўл етмас сарҳадларни орзу қиламиз. Бировнинг ризқига кўз тикиб, оёғимиз остидаги насибамизқадрига етмаймиз. Шоир бу иллат ва фазилатларни имкони борича қаламга олди. "Дамғанимат – бу дам сўнгги дам балки, Ғам ғанимат– буғам сўнгги ғам балки. Гуноҳларни ювгувчи кўздаги нам, Нам ғанимат – бу нам сўнгги нам балки,дея инсонларни эртанги кунга умид билан қарашга, ёниб яшашга, ёндириб яшашга ундайди.

 

 

        Ҳаётлик пайтида давраларнинг бир чеккасида камсуқумгина бўлиб ўтирадиган шоирнинг ўзи каби байтлари ҳам камсуқумгина шеърият давраларини кезиб юрибди. Унинг уйғоқ байтлари ҳамиша бизнинг қалбимизда. "Олтин, дурдан қимматбаҳо умр эди. Биз умрни едик, умр бизни еди,деганида ҳам гарчи шоир умрининг энг сўнгги лаҳзаларини ўтказаётган бўлса-да, олтиндан-да қиммат вақтнинг қард-қиммати ҳақида сўз айтишга чоғланганди. Бугун шоир асарлари умри билан яшамоқда. Бу барҳаёт умр йўли давомида яратилган битиклар ҳамиша қалбларга мунавварлик бағишлайди.

 

Гулчеҳра АШУРОВА

Просмотров: 909 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz