Вторник, 14.05.2024, 23:06
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 5 » Гадонинг душмани гадо бўлади
15:27
Гадонинг душмани гадо бўлади

БИРОВЛАР ҚЎШИҒИ БИЛАН ОЛҚИШ ОЛМОҚЧИ БЎЛГАН
ХОНАНДАГА Ш.ЖЎРАЕВНИНГ 1986 ЙИЛДАГИ ҲОФИЗЛАРЧА ЧИРОЙЛИ
ЖАВОБИ

Бу воқеа тошкентлик хонанда Ғуломжон Ёқубов билан боғлиқдир. Аввал у ҳақда
Ўзбек Миллий Энциклопедиясида ёзилган мақолани келтириб ўтайлик.
“Ёқубов Ғуломиддин Тошпўлатович (1950.1.3, Тошкент) – хонанда, Ўзбекистон
(1987) ва Қорақалпоғистон (1991) халқ артисти. Тошкент театр ва рассомлик
санъати институтини тугатган (1973). Жиззах мусиқали драма театрида (1973-74),
Ўзбек давлат филармонияси (1967-68 ва 1974 йилдан) да яккахон хонанда. Кучли,
жарангдор ва ёқимли овозга эга. Ижрочилик услуби эмоционал кўтаринки руҳи
билан ажралиб туради. Репертуари муҳаббат, гўзаллик, Ватан мавзуидаги,
шунингдек, рақсбоп қўшиқ ва ашулалардан иборат. Созанда ва бастакор А
(Абдулҳошим) Исмоилов (1952.9.6, Фарғона вилояти, Қува тумани, А.Ш.) билан
ҳамкорликда яратган қўшиқлари оммавийлашган: “Зилола”, “Сен ўзинг”,
“Қарайсан”, “Ошиқнома” ва бошқа. Репертуаридан турли халқлар (озарбайжон,
эрон, турк, ҳинд, уйғур ва бошқа) қўшиқлари, шунингдек, “Сегоҳ”, “Дугоҳ”,
“Гулзорим”, “Феруз-1-2” каби ўзбек мумтоз ашулалар ўрин олган.
1990-йиллардан бошлаб композитор А.Расулов билан ҳамкорликда замонавий
эстрада қўшиқчилиги услубида ижод этмоқда: “Дилором”, “Бегойим”, “Қомат”,
“Кетолмайсан”, “Элим деб”, “Хуш келдинг муборак сарварим Наврўз” ва
бошқалар. Баъзи қўшиқлар куйларини Ёқубов ўзи яратган: “Муҳаббат”,
“Унутилмасин”, “Мажнунтол”, “Ўйласам”, “Сенинг кулишларинг”, “Парвардигор
асрасин”, “Бир қарасам” ва бошқалар.
“Мажнунтол” грампластинкаси “Мелодия” грамёзув фирмасининг “Олтин диск”
мукофотига сазовор бўлган (1985). “Дўстлик” (1996), “Эл-юрт ҳурмати” (1999)
орденлари билан мукофотланган.” [5, 3-ж., 505-б.]
Эслатиб ўтамиз: Ғ.Ёқубов ўз ижоди давомида Совет Иттифоқи компартияси ва
унинг раҳбарларини мақтаб, мадҳ этиб кўпгина қўшиқлар айтган. Шунинг учун
унга 1980-йиллар бошидаёқ Ўзбекистонда хизмат кўрасатган артист унвони
берилган эди.
Камина адашмаса, 1986 йил баҳорида Ўзбекистон телевидениесининг биринчи
каналида тошкентлик хонанда Ғуломжон Ёқубовнинг видеокассетага олинган
қўшиқлари кўрсатилди. У ўзининг бир неча қўшиқларидан ташқари ўша пайтда
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар бўлмиш Ортиқ Отажоновнинг ўз устози,
машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовга бағишланган “Умр ўтар, вақт ўтар” ва
Шерали Жўраевнинг “Наргиз” қўшиғини айтди. Камина эсида қолгани шу
бўлдики, у «Наргиз» қўшиғини Тошкент марказида, “Мовий гумбазлар” чойхонаси
яқинида чиройли қилиб устма-уст тахланган тошлар, яъни тошли тепаликча устига
чиқиб, қўлларини у ёққа, бу ёққа ёйиб айтганди.
Шу ерда раҳматли Шароф Рашидович Рашидов қаламига тегишли «Наргиз»
шеърини келтириб ўтсак.
Офтоб,
Офтоб,
Қайдасан, офтоб?
Қани Наргиз,
Қани у моҳтоб?
Қани ўзинг ёйган поёндоз?
Офтоб,
Офтоб,
Ахир, бeр жавоб!
Азобимга тeзроқ чора қил,
Ёвузларнинг юзин қора қил!
Наргизимни кўрсат;
Авайла,
Булутларни пора-пора қил!
Наргиз,
Наргиз,
Сeвгим йўлдоши!
Ҳаётимнинг аввали, боши!
Овоз бeргил,
овоз!
Қайдасан?
Наргиз,
Наргиз,
Бахтим қуёши! [44, 31-б.]
Айрим кишилар айтишлари мумкин: “Ёш хонандалар машҳур устоз ҳофизлар
қўшиқларини айтиб элга таниладилар. Ўша Шерали Жўраев ҳам, бошқалари ҳам
ўз вақтида Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов қўшиқларини айтган”.
Каминага бундай гапни 2008 йил 17 феврал куни Тошкентдаги Янгиобод бозорида
15 йилдан бери ўзбек ҳофизлари ва хонандалари қўшиқлари ёзилган
аудиокассеталар ва дискларини сотаётган, ўзбек қўшиқчилик тарихи, ҳофизлар
ҳамда хонандалар ҳақида кўп маълумотларга эга бўлган, болаликдан кўзи ожиз
Тошпўлат қори Эрматов (1959) айтди.
Бу борада Ш.Жўраевнинг бундай фикри бор.
“Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Барно Исоқова, Таваккал Қодиров –
бундай буюк санъаткорларни тан олмасликнинг иложи йўқ. Уларсиз қўшиқчи
бўлмасдик ҳам. Шундай устозларнинг қўшиғини ўз вақтида куйлаганман.
Фахриддин Умаров, Камолиддин Рахимов ... бу ёғига ўртоқлар бошланади
(кулади)”. [11]
Эътибор беринг: бу ерда гап ёш хонандаларнинг машҳур ҳофизлар қўшиқларини
айтиши борасида бормоқда. Бу тўғри фикрдир. Лекин Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган артист унвонига эга бўлган хонанда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
артистлар қўшиқларини шу қўшиқ муаллифларидан рухсат олмай айтиши
муаллифлик ҳуқуқига ҳам, ахлоқ-одоб талабларига ҳам зиддир.
Аслида Ғуломжон Ёқубов О.Отажоновнинг “Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғини
дастлаб 1983 йил охирида, тeлeвидeниеда намойиш этилган “Янги йил базми”да
айтган эди. Ғ.Ёқубовнинг бундай нотўғри ишига ТошДУ журналистика факультeти
5-курс талабаси Дилором Ҳалимова “Совeт Ўзбeкистони санъати” журналининг
1984 йил 5-сонида чоп этилган «Кўнгил қўшиқлари керак» мақоласида жумладан
бундай ёзган.
“… Ғуломжон Ёқубов “Янги йил базми”да айтган яна бир қўшиқнинг саёзлиги
юқоригисидан қолишмайди.
Ортиқ Отажонов шоир Омон Матжоннинг “Умр ўтар” дeб бошланувчи шeърини
ажойиб қўшиқ қилди ва бу тингловчилар қалбини забт этди, “ўзиники” бўлиб
қолди. Худди ана шу қўшиқни Ғуломжон Ёқубов ижросида ҳам эшитдик. Бир марта
айтилган қўшиқни қайта талқин этаётган хонанда олдида қуйидаги вазифалар
туради:
1. Ўзидан олдинги маҳоратли қўшиқчидан ўза билиши;
2. Унинг камчиликларига барҳам бeриш.
Хўш, Ғ.Ёқубов бу талабларга жавоб бeра оладими? Қатъий қилиб “Йўқ!” дeйиш
кeрак. Чунки “Умр ўтар …” – ўтган тотли хотира, ҳозир армон бўлиб қолган бахт
ҳақидаги шeър. Вазминлик, маъюслик, ёруғ ҳасрат Ортиқ Отажонов талқинида
қўшиқни янада жозибали қилган. Аммо, Ғ.Ёқубов талқинидаги музика ва овоз бу
қўшиққа мос эмас.
Шeърнинг “ичига” қулоқ сола билган О.Отажонов “ўша кeлишларинг, ўша
кулишларинг” сатрига тўғри урғу бeради. Аммо Ғ.Ёқубов «Ёдимдан, ёдимдан!
Ёдимдан!!!» дeя қайта-қайта такрорласада, кўзлаган ниятига етолмаган …
Шeрали Жўраевни “копировка” қилувчиларни ҳам хоҳлаганча топиш мумкин.
Ахир бу ишнинг номи кўчирмачилик дeб айтилмайдими?!
Адабиётда кўчирмачиликни уят дeб биламиз, наҳотки, санъатда бу иш рўй бeрса,
биз қараб туришимиз кeрак! Аввало шоирда инсоф бўлсин. Кeйин бастакору,
қўшиқчида кўз, фаросат …”
Ғ.Ёқубов ўзининг кўп йиллик ижоди давомида Совет Иттифоқи компартияси ва
унинг раҳбарларини мақтаб, мадҳ этиб қўшиқлар айтгани учун 1987 йилда унга
Ўзбекистон халқ артисти унвонини беришган эди. У ҳозиргача – 2008 йил
февралида ҳам юртбошини мақтаб, мадҳ этиб қўшиқлар куйламоқда.
Яқинда – 2008 йил 16 феврал (шанба) куни муаллиф Тошкентдаги Янгиобод
бозорига, Тошпўлат қори Эрматов олдига борди. Шунда ёши 65-ларда бўлган,
Ғ.Ёқубов қўшиқлари мухлиси унинг дискини суриштирди. Т.Эрматов дискни
харидор қўлига берар экан: “Бу дискда Ғуломжон Ёқубовнинг 154 та қўшиғи бор.
“Партия, юртбоши” деб айтган қўшиқларини чиқариб ташлаганмиз” деди. Шу
гапдан кейин ўша мухлис 3000 сўм тўлаб, Ғ.Ёқубов қўшиқлари ёзилган дискни
сотиб олди.
1986 йил воқеаларига қайтайлик.
Ғ.Ёқубов телевизорда айтган қўшиқ сабаб бўлдими, ҳар ҳолда 1986 йил кузида
Ш.Жўраевнинг янги аудиокассетаси халқ ичида тарқала бошлади. Унда бировлар
қўшиғи билан олқиш олмоқчи бўлган хонандага Ш.Жўраев чиройли қўшиқ
ёрдамида ҳофизларча жавоб берганди. Бу аудиокассета ҳозиргача бозорларда
мусиқа шинавандаларига сотилмоқда.
Ушбу жавобни камина ўз архивида бўлган аудиокассетадан тўлиқ келтириб
ўтмоқда. Ундаги тўртликларнинг айримлари шоир Абдулла Орипов қаламига
мансуб, айримлари Шерали ака тўртликларидир. Уларнинг манбасини камина
кўрсатиб ўтмоқда. А.Орипов тўртликларидаги баъзи бир сўзларни Ш.Жўраев
бошқа сўз билан алмаштириб айтган. Лекин бу билан тўртлик янада чиройлироқ,
кучлироқ жаранглаган.
“Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга асал, кимга қанд берган.
Саркаш деб, эй дўстим, койима мени,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган. [13, 1-ж., 312-б., 1977 йил]
Тингланг, бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккиси бир-бирини тугатгунча, то
Ўртада бу дунё адо бўлади. [13, 1-ж., 252-б., 1975 йил]
Ғийбатчининг миш-мишидан ранжиманг асло,
Нима бўлса асли наслида бўлган.
Онасин қорнидан ўзи ҳам ҳатто,
Турли миш-миш билан дунёга келган. [13, 1-ж., 275-б., 1977 йил]
Дунё сену мендан қолмоғи аён,
Биздан сўнг бошқалар бўлмоғи аён.
Танамиз тупроққа қўйилгач шу он,
Яна дунё номини олмоғи аён.
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди сўз ҳам маъно.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган кимсани аммо. [13, 1-ж., 231-б., 1973 йил]
Ғалати тузилган асли бу дунё,
Унинг бундайлигин ким ҳам билибди.
Ҳайвонот боғида, қаранг, бир инсон
Маймунни масхара қилиб турибди.
Насаби паст номардга ўргатсанг агар,
Ўргатганингдан сўнг кўзингни ўяр.
Сидқидилдан хизматни қилсанг мабодо,
Сени нодон деб устингдан кулар.
Бунчалар разиллик қилмаса ҳам у,
Яхшилаб остингга совуқ сув қуяр.
Бебурд биров қилган яхшиликни “мен қилдим” дейди.
Нокас нуқул мардни рисқини ейди.
Санъаткор бўлсачи агар у бебурд,
Биров қилган қўшиқни “меники” дейди.
Мана шу айтаётган тўрт қаторлик сўзим мани шогирдларимга тегишли эмас. Ман
шогирдларимни мани йўлимдан бориб, мани қўшиқларимни айтиб бахтли, омадли,
яхши хонанда бўлиб етишишини хоҳлайман. Ҳозир айтаётган тўрт қаторлигим
бошқа одамларга тегишли. Уни сизлар яхши биласизлар.
Санъаткорларда бор ажиб бир нақл,
Не бўлса ҳам ўзингникин айтганинг маъқул.
Бировлар қўшиғи билан олқиш олгунча,
Ботқоқда қурбақа бўлиб сайраган маъқул. [7, 37-б., 1986 йил]
Қирқ йилда бир йигит келар дунёга,
Йигит юзин ерга қаратма, фалак!
Ер чизиб қолмасин халқи қошида,
Бўлар-бўлмас ишга қилмағил ҳалак. [7, 37-б., 1986 йил]
Номард туғилганда ғамдан йиғлайди,
Мард туғилганда нима қилади?
Эй ўғил, ҳаддингда тур! Отанг сени сотганда ҳам.
Инчунун, мушфиқ онангни сўзлари ботганда ҳам.
Отага тик боқма, иймонинг сақла,
Фарзандсан, сен доим бурчингни оқла.
Отага чўп отсанг кун ўтиб бир кун,
Фарзандинг сенга тош отмоғи мумкин.
Кимки ота ҳам онани урса,
Ухласин-у, кўзи юмуқ уйғонсин.
Кимки урф-одати, санъатин севмаса,
Эл ичинда тулки, шоқол номини олсин.”
Ушбу жавоб сабаб бўлдими, ёки бошқа сабаб туфайлими, Ғуломжон Ёқубов 1986
йилдан бери Ш.Жўраевнинг «Наргиз» қўшиғини ҳам, бошқа қўшиқларини ҳам
айтган эмас. Лекин Ғ.Ёқубов Ортиқ Отажонов биринчилардан бири бўлиб айтган
“Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғини ҳамон, яъни 2008 йилда ҳам радио тўлқинлари
орқали ижро этиб келмоқда …
Шу ерда муаллиф махсус хизмат органларининг иш услубларидан бири ҳақида
тўхталиб ўтишни ўринли, деб ҳисоблайди. Одатда махсус хизмат органлари,
жумладан Совет Иттифоқи даврида Давлат хавфсизлиги қўмитаси бирор ҳур
фикрли инсоннинг шахсий ҳаётини муаммолар гирдобига олиб кириш учун
қуйидаги усулни қўлларди. “Сопини ўзидан чиқариш”, “Гадонинг душмани гадо
бўлади” деган нақлга амал қилиб, махсус хизмат органлари хонанда билан хонанда,
шоир билан шоир, ёзувчи билан ёзувчи, олим билан олим, қўшни билан қўшни,
ҳатто ака билан ука, ота билан бола ва ҳоказолар ўртасида тортишув, можаро
чиқариш ва можарони иложи борича авж олдириб, йиллар давомида чўзишга
ҳаракат қиларди. Шу ҳолда ўша ҳур фикрли зиёлининг мавжуд сиёсий режим
раҳбарияти ва қонунбузувчи амалдорларига қарши фаолиятини жиддий
камайтириш, ҳатто бутунлай барҳам топтириш имконияти пайдо бўлади.
Ҳақиқий ҳур фикрли фуқаро бундай провокация ортида кўпинча кучишлатар
органлар, айниқса махсус хизмат органлари турганлигини англамоғи, билмоғи
керак. Акс ҳолда бу кичик жанжал йиллар давомида чўзилиб, судма-суд бўлиши,
кўпгина пул сарфланиши, шунингдек асабларга зиён бўлиб, соғликка каттагина
зарар етказиши турган гап. Шунинг учун ҳур фикрли фуқаро буни тушуниб, англаб,
жанжални иложи борича тезроқ тўхтатиш, ҳеч бўлмаганда ўзини сал четга олиш, ва
шундай йўллар билан келишмовчилик оловининг ловуллаб ёнишига йўл
қўймасликка ҳаракат қилмоғи керак. Бу масалада ҳофиз Ш.Жўраевнинг юқорида
баён қилинган чиройли ечими ватандошларимизга мисол ва ўрнак бўлиши мумкин.
Кучишлатар органлар бундай ноқонуний услубларни яширинча бугунги кунда ҳам
қўллашмоқда. Мисол тариқасида машҳур аёл хонандамиз, юлдузимиз Юлдуз
Усмонова ва бир хонанда аёл ўртасида турли тортишув, можаролар чиқаришга
ҳаракат қилишаётганини эслатиб ўтиш етарлидир. Бу тазйиқнинг давоми сифатида
Юлдуз Усмонова қўшиқларини телевизор орқали кўрсатиш кескин камайтирилди.
Айрим ўқувчиларимиз савол беришлари мумкин: “Бу усул нима учун
Ю.Усмоновага қарши қўлланилмоқда?” Бунинг сабабларидан бири шундаки,
Ўзбекистон халқ артисти Ю.Усмонова бир неча йил илгари Ўзбекистондаги мавжуд
режим билан алоқаларни камайтирди, турли оммавий байрам концертларида
режим раҳбарларига хуш келадиган қўшиқларни айтмай қўйди …
Шу ерда шоир Абдулла Ориповнинг Юлдуз Усмоновага бағишлаб ёзган “Жаннат
қуши” номли саккиз қаторли шеърини келтириб ўтиш ўринлидир.
Жаннатга етишган банда яйрабди,
Оҳанг эшитилмиш даставвал унга.
Бугун боғимизда булбул сайрабди,
Тегмангиз лоақал сиз шунга …
Майли, у тўйганча таратсин оҳанг,
Тегмангиз, мухлислар, тегманг, дарғалар!
Ахир қулоқларни қилганда батанг
Қағиллайверишиб қарғалар … [45, 66-б.]
Шундай қилиб, ҳофиз ва шоир Ш.Жўраев махсус хизмат органларининг қора
ишларига чиройли жавоб бера олиш мумкинлигини амалда исботлаган ҳофиздир,
деб ҳисоблайди камина.

Просмотров: 1729 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz