Вторник, 14.05.2024, 05:02
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 4 » ДЎСТНИНГ ДУШМАНЛИГИ
21:13
ДЎСТНИНГ ДУШМАНЛИГИ

ДЎСТНИНГ ДУШМАНЛИГИ

«Ёмонга қайрилма, яхшидан айрилма» дейишади, кўпни кўрган кексалар. Аммо ёмоннинг ўзи сизга қайрилиб, айрилмаса нима қила оласиз? Қора-қора, оқ-оқ. Қозонга яқинлашсанг қораси юқади, ёмонга яқинлашсанг балоси, деган мақолни нақадар топиб айтишган. Қоракуяни ювиб кетказиш мумкин, бироқ ёмон кўнгилда қолдирган доғни сув ҳам, совун ҳам кеткизолмайди. Уни фақатгина вақт, сабр рангсизлантириши мумкин.

Нонкўр Ойсара тутинган синглиси Жайронанинг кўксида қолдирган чуқурлик ўрни битиб кетган бўлса-да, Жайронага бот-бот соддалигини, дўст билан душманнинг фарқига бормай қаттиқ адашганини, оқибатда жондан азиз кишисини ноҳақ туҳматга дуч қилиб қўйиб, дилини оғритганини эслатиб туради.

* * *

Бир ҳафта олдин гап-сўзсиз, сувга чўккан тошдек йўқолган Ойсара эшикдан шаҳд билан кирди-ю, ахлат яшигига айланиб қолган жавондаги сумкасини олиб, тита бошлади. Ундаги варақлари узилиб ётган ён дафтарчасини очиб қаради-да, «Ўзи кўнглим сезган эди-я, ўғирлатишимни билардим» деб қўйди.

 

Ойсаранинг нима ҳақида фол очаётганини тушунмаган эр-хотин қотиб қолишди.

 

— Нимани ахтараяпсиз, опа, балки бошқа... — Жайронанинг гапи оғзида қолди.

 

— Нимани эмиш, тилла занжирим йўқ!— зарда билан жавонни тепди Ойсара.

 

— Ўзи қаерга қўйгандингиз, яхшилаб қаранг-чи? — деди Жайрона ранги-қути учиб.

 

— Кетаётганимда аниқ шу жойга, мановининг ичига солиб кетгандим, — Ойсара ён дафтарчасини деразадан пастга ирғитди.

 

— Опа, ўша куни ўзим сизни кузатиб қўйгандим, занжирингизни тақиб кетгандингиз-ку, балки уйингизда қолгандир? — деди ноқулай аҳволда қолган Муҳриддин.

 

— Менинг эс-ҳушим жойида, нимани қаерга қўйганимни яхши биламан. Бир куни йўқолишини билардим, шундай қимматбаҳо нарсани ўғирламай бўладими? — Ойсара мана шу гапини қайта-қайта такрорлади.

 

— Наҳотки биздан гумон қилаяпсиз, Оллоҳ асрасин-э, Рамазон ойида-я, туҳмат балоси ёмон, опажон! — Жайрона дир-дир титрарди.

 

Оғироёқ аёлининг бирор балога йўлиқишидан қўрққан Муҳриддин уни тинчлантиришга ҳаракат қилар, юзсиз Ойсара бўлса, бепарволик билан:

 

— Сизлардан кўрганим йўқ, зиқ бўлманглар, аниқ шу ерга қўйганимни биламанку-я, — дея кирланиб, авра-астари айрилиб кетган кўрпачаларини эшик олдига ташишда давом этди.

 

Бу кўрнамак, суюқоёқдан тезроқ қутилишни истаган Муҳриддин юкларни кўча бошидаги машинага жойлади. Ўзидан ўтганини ўзи билиб, Жайронанинг ёнига шошилди. Кўнгли пахтадан ҳам юмшоқ рафиқасининг эзилишини кўриб, чидолмади.

 

— Оллоҳ ҳаммасини кўриб турибди. Кимнинг қанақалигини Яратган эгам яхши билади. Ҳар бир оғиз гапнинг, ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бор. Бўлди, йиҚламанг, бир томчи кўз ёшингизга арзимайди у маҳлуқ. Унгаям атагани бордир? — Бисотидан кўрнамак тутинган опага лойиқ сўз топа олмади.

 

Жайрона бўлса, ҳамон тинчимас, худо қайси гуноҳи учун жазолаяпти, ҳар намозида «ўт балоси, туҳмат балоси, сув балосидан ўзинг асра» деган каломини наҳотки Яратган эгам қабул қилмаган бўлса, дея ҳўнграб йиҚларди.

 

Кучли сиқилиш натижасида аҳволи оғирлашган Жайронани тезда шифохонага ётқизишди.

 

* * *

 

Оёқ-қўли беўхшов, гавдаси қўпол, сочи эркакларникидай калта қирқилган, кўм-кўк кўзлари совуқ боқадиган қиз йигирма бешга кирганда ҳам бирор йигитнинг назарига тушмади. Синфдошлари тугул, қишлоқнинг безорилари ҳам ундан бир чақирим наридан ўтишарди. Ақл-фаросат, муомала, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат, инсоф-диёнат, ибо, ҳаё деганлари унга бегона эди. Уй ишларида уқувсизлиги-ю, тухумдан бошқа овқатни пишира олмаслигини айтмаса ҳам бўлади. Шу ҳолига яраша дағаллиги, қўрс ва шубҳачилиги одамларни ўзидан итарар, шу боис на мактабда, на институтда дўст орттиролмаган. Ойсаранинг тузоғига кўнгли бўш Жайрона осонгина илинди. Ҳаммани ўзидек оқкўнгил деб ўйлайдиган Жайрона ўзидан икки курс юқорида ўқийдиган, курсдошлари яккалаб қўйган «шоира опа»нинг ширин сўзларига лаққа тушди. Факультетнинг «Чашма» деб номланувчи ижодий клубининг йиғилишида яхшилаб пўстаги қоқилган Ойсара клуб аъзоларини ичиқораликда, кўролмасликда айблади. Жайронани ҳам клубдан айириб олди. Бирорта дугонаси йўқ. «Жабрдийда» Жайронадан ўзини ёлғиз қолдирмасликни ўтиниб сўрар, отаси, онаси, ака-ю опалари ўтказган ситамлар, жабру зулмлар ҳақида «эзилиб» гапирар, бу дунёда ишонгани ҳам, суйгани ҳам у эканлигини айтар, яхшиликларини қайтаришга қасамлар ичарди.

 

Жайрона бу «беозор», «бегуноҳ» қизнинг тезроқ бахти очилиб, бир кўнгилга, бир хонадонга бека бўлишини истар, унинг ниятига етишини сўраб, Яратганга нола қиларди.

 

Тўртинчи курсда ўқиб юрган кезлари, ўзидан беш ёш катта курсдоши турмуш қуришни таклиф қилди. Уям бўлса Жайронанинг саъй-ҳаракатлари, бол аралаш мақтовлари сабаб.

 

— Фу-фу, энди шу чолга тегаманми? Кошки унинг уйланиб ажрашганини эшитмаган бўлсам, кўрпангга қараб оёқ узат, қари тўнка. Ўзи обрўли жойга ишга кирди-ю, аммо менинг тенгим эмас-да. Жайрона, унга сиз тегсангиз-чи, ўзи тошкентлик, бир ўғил, фақат ажрашгани-ю, камбағаллигини айтмаса, сизга жуда муносиб куёв. — Ўзидан анча ёш тутинган синглисининг кўнглини оғритди Ойсара. Ваҳоланки, у яхши биларди, муомалада, одоб-ахлоқда, юриш-туришда, ўқишда, чиройда тенгсиз Жайронанинг ошиқлари сочидан ҳам бисёрлигини. Ичидаги ҳасад чўғи алангаланиб, қизгинага заҳарли нишларини санчиб олди дили қора «дўст».

 

— Дилшод ака ориятли, соф кўнгил, ҳалол инсон. Юрагимни бошқа бир кўнгил асир этмаганида бу таклифингизни албатта ўйлаб кўрардим, — деди Жайрона самимийлик билан. — Опа, ўзингиз кўп айтасиз-ку, «Мен тенгилар аллақачон уч-тўрт болали бўлган, энди мени йигит олармиди» деб.

 

— Ҳали қараб туринг, мен шундай зўр одамга тегаман! У бадавлат, уй-жойи қаср, машинаси хорижники, ёғли жойда ишлайдиган, келишган, маданиятли, дид билан кийинадиган ўта ширинсўз одам бўлади.

 

Ўттиз-ўттиз беш ёшлилар қарилар сафига қўшилди-ю, эллик-олтмишни қоралаган пулдорлар йигит бўлиб кўринди.

 

— Сингилжон, билсангиз, мен ҳалиям Эркин акани севаман. Уни яна беш йил кутаман, кейин бир бало қилиб бола орттириб олиб, тегиб оламан. Мансабидан айрилишидан қўрққанидан ҳам менга уйланади, — деди бир куни машҳур инсоннинг номини тилга олиб.

 

— Товба денг-э, аёлининг, болаларининг уволидан қўрқмайсизми?

 

— Ҳай содда сингилчам-а, ҳозирги замонда увол-савоб деган нарса қоптими? Яшаш учун кураш бу. Мениям бахтли бўлишга ҳаққим бор-ку. Биттагина болам бўлса бўлса, эр номигагина бўлса бўлди-да. Эркин аканинг мендан бошқа маъшуқалариям тиқилиб ётибди...

 

Ойсара нимани ният қилган бўлса, ўша бўлди. Янга-ю жиянларини чўқийверишидан безор бўлган акалар бадфеъл сингилларини узатиш пайига тушишди. Қўшниларининг узоқ қариндошларидан совчи келганда ўйлаб ҳам ўтиришмай розилик бериб юборишди.

 

Ойсарани эрини, ўзи орзу қилганидек уйи, машинаси, бойлиги, ҳаттоки фирмаси бор. Бироқ унга бешинчи хотин бўлиш тушига ҳам кирмаганди. Бойликка ўчлиги бу «арзимас» жиҳатларни йўққа чиқарди. Егани олдида, емагани ортида, эгнида қимматбаҳо пўстин-у, хориждан келтирилган этиклар. Энди янгалари куйиб ўлсин. Тўйдан бир ҳафта ўтиб, эри уни Москвага олиб кетди. Чунки Бахтиёр ёшлигида оғир жиноят қилиб, қамалиб, қамоқдан чиққач, бир мафия бошлиғининг ёрдами билан Россиядан қўним топиб, қинғир йўллар билан анча-мунча бойлик орттирганди. Тўрт марта уйланди, уч қиз, бир ўғил кўрди. Онасининг қатъий талаби билан Ойсарага уйланди, чунки Мунира хола ўғлининг мусурмон аёлига уйланиб, бола кўришини истади. Шундай қилсам, келиним ўғлимни авраб, туғилган маконига қайтариб келади деб ўйлади.

 

Ойсара аэропортнинг ўзидаёқ чув тушганини англади. Бахтиёрни охирги хотини Мария ва қизлари кутиб олишди. Бахтиёр Ойсарадан баттар ахлоқсиз, молпараст, зиқна, хиёнаткор, бадфеъл чиқди. Аммо у мардлик қилди. Ойсарага бир хонали квартира сотиб олиб берди. Эрининг бепарволиги, хиёнатлари, хурмача қилиқларидан безор бўлган Ойсара унга қарши чиқа бошлади. Ҳар кунги жанжаллар Бахтиёрнинг хуморидан чиқиб уриб-сўкишлари билан якунланарди. Ойсара баъзида калтаклардан ҳушидан ҳам кетиб қоларди. Хотинининг ҳомиладорлиги Бахтиёрни баттар тутақтирарди, ундан тезроқ қутилиш йўлларини ахтарарди. Ойсара боладан воз кечмаслигини айтгач, зуғумларини икки ҳиссага оширди. Ойсара ўн ойгина шоҳона ҳаёт кечирди. Сўнг кундоши ва эри уни қувиб юборишди. Бир ойлик чақалоқ қўлида, лаш-лушлар билан тўлдирилган сумка ёнида. Ойсара ҳар қанча ялинмасин, қизи туғилмасдан бир ой олдин қонуний никоҳдан ўтганларини пеш қилмасин, бари бефойда эди, чунки у эрининг кўнглидан чиқолмаган, очкўзлиги, бефаросатлиги билан уй ва ошхонани кераксиз нарсаларга тўлдириб ташлаган, тозаликдан анча йироқлиги боис ўзига бало сотиб олганди. Бошқача муҳитда яшаган Бахтиёр рус бўлса ҳам, дини, тили бошқа бўлса ҳам Мария ва қизлари билан яшашни афзал билди.

 

— Сенда имконият кўп эди, — деди у Ойсарага, — аммо ундан ақл билан фойдалана олмадинг. Сендай бефаросат, ифлос билан умримни беҳуда ўтказмоқчи эмасман. Болаларимни вояга етказаман, ўқитаман, бурчларимни бажараман.

 

— Гулсара ҳам болангиз-ку!— деди Ойсара чинқириб.

 

— У меники эмаслигини ўзинг ҳам яхши биласан!

 

Ойсаранинг аламдан тишлари ғижирлаб кетди. Тўйнинг эртаси куни Бахтиёр уни қувиб солмоқчи бўлгандаги ялиниб-ёлворганларини, эри унга раҳми келгани учун эмас, касалманд онасини ўйлаб, Ойсарани ўзи билан олиб кетганини эслаб, тилини тишлади. Гулсаранинг юз-кўзлари Бахтиёрники бўлса-да, онасининг хатоси сабаб шафқатсиз ҳукмга дуч келди.

 

— Боланинг уволига қолмаслик учун қонуний хотиним Мария билан ажрашиб, сен билан никоҳдан ўтганимни англатишнинг кераги йўқдир? Онамнинг сўнгги истагини ерда қолдирмаслик учун сен тўнкага йўлиққанимни яхши биласан. Энди яхшиликча уйингга жўна. Чипта олиб берганимга жон де!

 

* * *

 

Хўрлашлар, калтагу тепкилар таъсирида эси кирди-чиқди бўлиб қолган Ойсарани оиладагилари хушламайгина қарши олишди. Чилласи чиқмаган чақалоқнинг ташвишлари, ҳеч ким билан чиқиша олмайдиган қизининг тантиқликлари Майсара холани янада қаритди.

 

Ёлғиз эркакларни «овлаш»га киришган қизининг тузоҚига ҳеч ўлжа тушмади. Энди у оилали эркакларга ҳам қармоқ ташлай бошлади. Икки йил ичида шаҳардаги ташкилотларнинг бир нечтасига ишга кириб чиқди. Калтафаҳмлиги боис ҳеч қаерга сиғмади. Кимга бўлса дардини дастурхон қилиб, эрини, сепларини қайтариб бермаган қайнонасини, собиқ ҳамкасбларини ёмонлар, нопок йўлга кирганини яшаш учун курашаяпман деб ўзини оқларди. Оҳ-воҳларига қарамай, қариндош-уруғ, ака-опалар ҳам ундан юз ўгиришди. Амма-ю янгаларининг ҳаммаси билан сан-манга бориб, жанжаллашиб чиқди. Улар Ойсарани ғийбат қилиб, келаётган совчиларни айнитишаётган эмиш. Хуллас, ҳамма қора, Ойсара оқ. Уни шундай бебош қилиб ўстиргани учун ота ўзини кечиролмади. Қизини ўз поччаси билан гап бўлганини эшитиб, уни оқ қилди. Қарғишлардан бети қотиб кетган Ойсарага барибир эди, куни ўтса бўлди. У иш топса, дарров кўчиб келиб, икки-уч ой ўтиб ишдан ҳайдалиб, шаҳар-у қишлоқ орасидаги овораликдан чарчамади.

 

Бир куни унинг қилмишларидан бехабар тутинган синглисига арзи ҳол қилиб қолди.

 

— Энди шаҳарда яшамасам бўлмайди. Уйда ҳар куни жанжал. Шўрлик қизим иккимизниям чўғилашгани-чўғилашган. Бунинг устига йўл кира ҳам қимматлашиб бораяпти. Тушлигимгаям пулни онамдан олаяпман. Бахил укаларим шунга ҳам тихирлик қилишаяпти. Аксига олиб, Шойим аканинг хотини унинг ҳар бир қадамини кузатаётганмиш. Шаҳарда учрашсак яхшироқ.

 

— Ие, у кишининг хотини ўлган, менга совчи қўяяпти, деган эдингиз-ку!

 

Ойсара тилини тишлади.

 

— Ҳа, ҳалиги... Онаси опасининг қизини ҳеч кимдан сўрамай унаштириб қўйган экан, мажбурдан уйланибди. Энди ажрашолмай юрибди.

 

— Хотини бўлса сиз билан учрашиб нима қилади?

 

— Севмагандан кейин яшашдан маъно йўқ-да.

 

— Вой, элликдан ошганда, қариб қуйилмаган одам экан-да, Шойим акангиз ҳам! Сиз-чи, сиз ҳам уни севасизми?

 

— Менга унинг ўзи эмас, пуллари керак. Мен пулни севаман.

 

— Менга қолса ўнтанинг ёри бўлгандан биттанинг вафодор хотини бўлганингиз яхши. Бировларнинг оиласига, болаларига жабр қилманг. Мазлумаларнинг қарғиши ёмон бўлади, яна уволига қолманг.

 

— Майли, гапларингни ўйлаб кўраман. То бир бошпана топгунимча сизлар билан турсам дегандим. Биласиз, бева хотинга бошқача қарашлардан тўйиб кетганман.

 

Жайрона ўзлари ижарада туришса-да, кўнгли бўшлиги учун йўқ дея олмади.

 

— Фақат уларни (ўйнашларингизни дея олмади) бу ерга олиб келмайсиз. Муҳриддин акам унақа ишларни ёқтирмайдилар.

 

* * *

 

Кўзи ўйнаган Ойсаранинг кўчиб келиши Муҳриддинга ёқмаса-да, суюкли хотинининг райъига қарши боролмади.

 

Ойсара бир дунё лаш-луш, кийим-кечак билан Жайронанинг уйларини ивирситиб ташлади. Нарсаларнинг жойи йўқолди. Қизиям ўзидан баттар тарбиясизлиги боис бўлар-бўлмасга ариллар, айтган нарсасини топиб беришмаса овозининг борича чинқирар, полни тепиб, дуч келган жойга ағанаб кетаверарди. Уларни деб Жайрона қўни-қўшнилар билан яхши-ёмон бўлиб ҳам олди.

 

Ойсара ҳар сафар қишлоғига кетганда ҳар хил машинада қайтар, Жайронанинг саволига «акамнинг қайноғаси, шаҳарда иши бор экан, ташлаб кетди, тунов кунгиси поччам эди, қариндошларимиз жуда меҳр-оқибатли-да» деб ўзини оқламоқчи бўларди.

 

Аста-секин «қариндошлар» ҳам меҳр-оқибат ришталарини узишди. Энди Ойсара очиқчасига ёлғизланиб қолганидан, пулсизликдан қийналаётганидан тез-тез шикоят қила бошлади.

 

— Синглим, бир яхшилик қилинг, манави рақамга қўнғироқ қилиб, Шойим акани чақириб беринг. Мабодо гўшакни хотини кўтарса менинг овозимни таниб қолади, — ҳисобчи қиздан илтимос қилди эҳтиёткор бўлиб қолган маъшуқа.

 

Нариги томондан эркак кишининг овози эшитилди.

 

— Ало, бу мен, Қимматингизман, нима бало, ўлиб қолдингизми, ўзим ахтармасам, эсламайсиз ҳам, — деди Ойсара Шойим акаси тантиқлиги учун қўйган лақабидан ғурурланиб.

 

— ...

 

— Нима? Пахтада бало борми? Ўқитувчиларингизга тайинланг-у, йиғилишга кетаяпман, деб бу ёққа келинг!

 

— ...

 

— Ҳеч иложи йўқ, менга бугун кераксиз.

 

— Ҳа, ёлғончи, эшитдим, яқинда укангиз пул жўнатибди, банкда ишлайдиган дугонам айтди-ку, нима қиласиз яшириб? Ў вилоят халқ таълимигами, хотинчангизгами, арз қилишимни истаяпсизми? Бир соат вақтингиз бор. — Ойсара хушторининг муҳим жойини тутгандек, гўшакни шарақлатиб қўйди-ю, ҳисобчи қизга қараб «бопладимми» дегандек мамнун илжайди.

 

Маъмура бошини чайқаганча ишида давом этди.

 

Ойсара бошлиҚидан қизимнинг тоби йўқ эди, боғчадан эртароқ олмасам бўлма йди, деб жавоб сўради-ю, кўчага отланди.

 

— Қари тулки ҳалиям келмабди-ку! — Ойсара сумкасидан ойнани олиб, сепкил босган юзи-ю, катта-катта кўзларини томоша қила бошлади. Нега мени онам чиройли қилиб туғмаган экан-а, дея хўрсиниб, ойнани жойига солди.

 

Бир соат ўтиб, шўр пешона «ўлжа» оғир танасини аранг кўтарганча белгиланган жойга етиб келди.

 

Унинг ёқаси кир бўлиб кетган кўйлагига, ғижим костюмига, чанг босган сочларига, қийшайиб ётган туфлисига қараб Ойсаранинг кўнгли озди. Айниқса, унинг бўш қўлларини кўриб, ижирғаниб қўйди.

 

— Нима бало, пахта ортилган техника босиб кетдими ё пахтангизни энг охирида торттирдингизми?

 

— Йўғ-а, Қимматхон, мавсум авжида, ну кундузи, на кечаси тиним йўқ. Хизматчилик шу. Шу касбнинг орқасидан йигирма йилдан бери нон еймиз.

 

— Етарли, индамасам бутун таржимаи ҳолингизни айтиб берасиз, шекилли. Бугун қоласизми?

 

— Қизиқсиз-а, ўзингиз бировнинг ижара уйида турсангиз, яна у ерга мени етаклаб борсангиз, дугонангиз, унинг эри нима дейди?

 

— Вой қўй юрак-ей, Муҳриддин маданиятли, тушунган йигит. Қишлоқдаги собиқ ҳамкасбим дейман. Жайрона эрига тўғрисини айтолмайди, қўрқади. Қола қолинг, ё мени соғинмадингизми? У ёғини ўзим тўғрилайман.

 

Ойсара унинг ноқулай аҳволига қарамай, такси тўхтатишга киришди.

 

Бир зумда боғчага етиб келишди. Уйқусираб чиққан Гулсара «хасис» амакига ўқрайиб қаради, чунки аввалгилари унга шоколад, музқаймоқ, қўғирчоқлар олиб келарди. Буниси эса сўппайиб келибди. Қизча эндигина тўртга қадам қўйган бўлса-да, ойисидек очкўз бўлиб қолган, анча-мунча нарсага ақли етиб, тушунадиган бўлиб қолганди.

 

— Сизга ойимни берсам, менга шоколад берасизми? — деди у бир амаки билан бўлган суҳбатни эслаб.

 

— Нима дединг, яна бир қайтар-чи? — унинг гапини англаб-англамай сўради Шойим.

 

— Сенга маҳмадоналик қилмагин дегандим-а, — Ойсара қизининг қўлидан силтаб, юришга чоғланди. Гулсара амакига ёвқараш қилди.

 

— Ана кўрдингизми, ҳозир икки қўлингиз бўш келмаганида қизим сизга салом берарди. Кўнгли тўлиб, меҳр қўярмиди? Боринг, бозорлик қилиб келинг. Сизни у ерга қандай қуруқ қўл билан олиб бораман? Нариги кўчанинг бошидаги ўн бешинчи уй, тўртинчи хонадон. Бозорга бориб, кейин келарсиз?

 

Ойсара «ошиғи»нинг жавобини ҳам кутмасдан боласини етаклаб йўлга тушди.

 

Калавасининг учини йўқотган Шойим шу арзанда аёлга йўлиққан кунига минг лаънатлар ўқиб, пештоқига «бозор» деб ёзилган маршруткага қўл кўтарди.

 

* * *

 

Ишдаш ҳолсизланиб қайтган Жайрона остонадаги бегона оёқ кийимини кўриб, қўрқиб кетди. «Ким бўлиши мумкин? Менинг ака-укам бўлмаса, дадам бунақа туфли киймайди-ку!» Муҳриддин акаси шу чоққача бирорта ўртоғини ижара уйига бошлаб келмаган. Наҳотки Ойсара ваъдасини бузган бўлса?

 

— Чарчамай келдингизми, роса ҳориган кўринасиз? Энди туғруқ таътилига чиқсангиз ҳам бўларди. Эрингизнинг ишлагани етар.

 

— Биласиз-ку, бекорчиликни ёмон кўраман. Бу ҳолимда кўп юриш ўзимга фойда.

 

— Майли, тезда ечиниб чиқинг. Азиз меҳмонимиз бор, собиқ бошлиғим, Шойим...

 

— Бошлиғингизми, ё... — Жайронанинг лаби пирпираб, бўғзига нимадир тиқилди.

 

— Айтгандим-ку, икковларингга бир зўр ифторлик қилиб бераман деб, — вазиятни юмшатмоқчи бўлиб баттар чигаллаштирди Ойсара. — Шойим акам ўз қўллари билан ош дамлаяпти. Бўйни узундан ҳам олиб келган.

 

Жайрона ҳаётида илк марта тутинган опасига қаттиқ-қаттиқ гапирди. «Мен ҳаром аралашган луқмадан ейишим мумкин эмас» деб кўчага чиқиб кетди.

 

Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам, деганларидек, Ойсара Шойим акаси билан кўнгилдагидек овқатланди.

 

Ҳар куни Жайрона ва Муҳриддиннинг ўзи ҳақида иғво қилаяптиларми-йўқми, деб шубҳаланиб, ярим тунгача қулоғини уларнинг эшигидан узмайдиган Ойсара, Муҳриддин ишдан қайтмасидан «чарчади».

 

Бахтига бугун Муҳриддин ўртоғиникига ифторликка бориб, кечроқ келди.

 

Уйдаги вазиятни кўриб, тишлари ғичирлади, мушти тугилди, аммо хотинининг илтимослари сабаб ўзини босди, бироқ тонггача ухлолмади. Гўё ҳамма қўлини бигиз қилиб «қўшмачиларни қаранглар, ҳе рўза тутмай ўл, бу кунингдан, шундай улуғ ойда нопокларни уйингда сақлаб, гуноҳга ботдиларинг-ку« дейишаётгандай бўлаверди.

 

Охири тонг отарда чидолмай ўрнидан туриб кетди. Қараса «ошиқ» аллақачон жуфтакни ростлаган экан. Жайронанинг илтимоси билан яна Ойсарани ҳайдай олмади, бир-икки оҚиз насиҳат қилиш учун нариги хона эшигини чертди.

 

— Тақиллатмасдан ҳам киравермайсизми, ўз уйингиз...

 

— Мабодо битта-яримтаси борми деб, — ўсмоқчилади Муҳриддин.

 

— Нонушта қилаётгандик, қари дастурхонга яқинроқ ўтиринглар. — Ойсара эпчиллик билан кеча Шойим акаси олиб келган шоколаднинг қутисини очиб, ўртага қўйди.

 

— Қани олинглар, бирам мазали.

 

Муҳриддиннинг рўзадорлиги эсига тушиб, ўнғайсизланди, Жайронанинг кечаги гапларидан кейин унга ёмон гапиролмади.

 

Муҳриддин она-боланинг нонуштаси заҳар бўлмасин деб кутиб турди. Унинг ўқдек нигоҳидан кўзини олиб қочаётган Ойсара:

 

— Шойим аканинг келгани яхши бўлди-да, ҳарна рўзғорга ёрдам, — деди лабини ялаб.

 

Муҳриддиннинг тепа сочи тикка бўлди.

 

— Бу гапингизни иккинчи гапирманг! Очингиздан ўлаётганмидингиз? Одамнинг қорни оч бўлса ҳам кўзи тўқ бўлсин! Борига қаноат қилишни қачон ўрганасиз? Шундай дейишга уялмайсизми? Жайронани қаранг, шу пайтгача бирор марта нолиганини эшитганим йўқ. Биз ҳалол еб, яшаймиз. Юзингизга парда тортиб, шу гапларни қандай айтаяпсиз? Яна бировнинг эри билан фахрланаётганингизга ўлайинми? Сиз бахт ўғрисисиз! Билмадим, шу чоққача нечта оила ошига заҳар солиб ургургансиз? Қадам олишингизни сезмайди деб ўйладингизми? Енгил оёқлигингиз билан сизга уйидан жой берган синглингизниям ҳаётига чанг солмоқчи бўлдингиз-а? — Муҳриддин Ойсаранаинг Жайрона йўқ пайтида айтган «илмоқли таклиф»ларига шама қилди.

 

Ойсаранинг ранги оқариб, кечирим сўрашга ўтди.

 

— Кўз ёшларингизни кўриб, бечора кун кўрмаган экан-да, деб раҳмимиз келганди. Аслида ҳаммасига ўзингиз айбдор экансиз. Бунақа касбингиз борлигини хотиним айтмаганди. Шу кетишингизда кўчаларда хор-у зор бўлиб ўлиб кетасиз.

 

— Укажон, мени тўғри тушунинг, сизнинг хотинингиз, Жайронанинг сиздек меҳрибон ёстиқдоши бор. Менинг суянадиган дардкашим йўқ. Меҳр-эътиборга зорман, — дея ҳиққилади Ойсара. — Ажрашиб, айбдорманми?

 

— Ажрашган бир сиз эмас. Аммо бошқаларда инсоф, диёнат, виждон бор. Сизга ўхшаган бир-иккита ноинсофлар уларнинг барисини ёмонотлиққа чиқарасизлар.

 

Муҳриддин пинаги бузилмаган Ойсарага, келиб-келиб сендек тўнкага гапираяпманми, дегандек қўл силтаганча чиқиб кетди.

 

Ойсара ўзича аразлаб қишлоғига жўнади. Яна қайтиб келди. Онаси билан опаси уни «суюқоёқ» деб ғийбат қилаётганини эшитиб қолиб, изига қайтганмиш. Кўнгли ёмон оҚриганмиш. Ўзича кечқурун Муҳриддинга арз қилди. Эри индамагач, Жайрона тилга кирди.

 

— Ҳамма айб ўзингизда-ку! Такрор айтаман,ўзингизда! Бошқаларнинг тинчини бузгунча, қари онангизга ёрдамлашиб, бирор мактабда ишласангиз ҳам бўларди-ку, кўчама-кўча эшик санамай. Эссиз диплом, эссиз беш йиллик умр! Нега шу чоққач аслида қанақалигингизни билмаган эканман-а?

 

— Э, бўлди, гапирманг, насиҳат-у маслаҳатларингиздан тўйганман, — Ойсара тап тортмай гапирди.

 

Жайрона асабини бузмаслик учун ошхонага чиқиб кетди.

 

— Муҳриддинжон, шу гап орамизда қолсин-у, шу хотинингизнинг овози ёқмай бораяпти-да, хоналарни алмаштирайлик. Уни камроқ кўрай, — деди четдаги хонага ишора қилиб.

 

— Сиз умуман яхшиликни, одамгарчиликни билмас экансиз. У сизга ёқмаса, менга, яқинларига сув ва ҳаводек зарур, қадрли. Хўш, ўзингиз кимга ёқасиз? Саргардонлигингиз эсингиздан чиқдида-а энди. Нонкўрлик ҳам эви билан-да! Ўзи мен аҳмоқман, Жайронадек покиза аёлни сиз билан дугона қилиб! Аллақачон думингизни тугишим керак эди. Ҳе, садқаи одам кет-э!

 

Ойсаранинг кўксида ўч алангаланди. Яхшилаб ясаниб, йўлга тушди. Ўйнашлари олб берган тақинчоқларини кўз-кўз қилишидан Муҳриддин ижирғаниб қўйди.

 

Ойсара у билан илиққина хайрлашди.

 

* * *

 

Бир ҳафтадан кейин кўчини олиб келиш учун такси олиб келди. Юзсизларча қилган туҳмати билан икки дилни синдириб кетди. «Занжир кимда бўлсаям ёмон кунга ишлатсин, боласининг ўлиги устида ўтирсин» деди тап тортмай. Ноҳақ қарғиши жондан азиз боласига урди. Ўша занжирни трактор тагида мажақланиб кетган қизчасининг мурдасини ювган ғассолга беришди.

 

Бахт, тинчлик, меҳр ўғриси қилмишига яраша жазонинг одиллигидан титраб, қизининг жонсиз танасини у ёқдан бу ёққа судраб, ўзини қарғарди.Ойсаранинг туҳмати сабаб қаттиқ асабийлашган Жайронани муддатидан олдин кўзи ёриди. Қуйиб қўйгандек эрига ўхшайдиган ўғилча туғди. Бироқ болакай эртароқ туғилгани учун нимжон эди.

 

— Қизим, эрингиз жуда меҳрибон экан. Қайнона-қайнотангиз ҳам сизни ўз қизларидек кўришар экан. Бунчалик асабийлашишингизга сабаб нима? — сўради врач.

 

Жайрона тутинган опаси томонидан туҳматга қолганини айтиб берди. Шифокор ҳаётда бундай воқеалар учраб туришини, ҳақ бўлган одам кўнглига оғир олмаслигини маслаҳат берди.

* * *

Ўғлининг:

— Ойижон, тиланчи аёл садақа сўраяпти. Лекин тентакка ўхшайди, эҳтиёт бўлинг, — дегани эшитилди.

Жайрона ул-бул егулик олиб, эшик томон юрди.

— Гуля шу ерга келмадими? — Тиланчи Жайронанинг қўлидан егуликларни олаётиб, унга қаттиқ тикилди ва бирдан жазавага тушди. — Қизимни сен тракторнинг тагига бостирдинг. Занжиримни у келин бўлса тақади дегандим, опам ғассолга бериб юборибди. Гулямни топиб бер, Шойимнинг хотинини ўлдираман!

Жайрона қўрқиб кетди. У Ойсарана таниди, лекин унинг бу аҳволга тушганидан бехабар эди.

Дилрабо КАМОЛОВА.

Просмотров: 836 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 1.5/2
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz