Вторник, 14.05.2024, 21:38
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 13 » Анвар Обиджон. Шеърлар
20:39
Анвар Обиджон. Шеърлар

 

anvar_obidjon1

Ватанжон

Балодан асрай деб тумор бўламан,
Номинг улуғловчи шиор бўламан,
Ухлаб уйғонгунча хумор бўламан,
Ватанжон!

Сен ўзинг кулбамсан, сен ўзинг – олам,
Сен ўзинг отамсан, сен ўзинг – болам,
Ёшлигим – ўзинг, сен – бошда оқ толам,
Ватанжон!

Меҳрингни кўрпадек ёпиниб ўтгум,
Ҳар дарахт, тошингга топиниб ўтгум,
Бағрингда юриб ҳам соғиниб ўтгум,
Ватанжон!

Ўзимдан кўп сени ўйлайвераман,
Бўйингни жаҳонга бўйлайвераман…
Қабримда ҳам ҳуснинг куйлайвераман,
Ватанжон!

2011

Тинч кун

Бизлар қуравердик, бузаверди ёв
Қўрғону уйимиз, кўшку қасрни.
Шаънимизни депсиб эзаверди ёв,
Кўрмадик суронсиз бирон асрни.

Турон солномасин ўқир талаба,
Саҳифалар гувлар жангларга тўлиб.
Ҳар бир мағлубият, ҳар бир ғалаба
Из солмиш “Тарихий воқеа” бўлиб.

Фитнага бой эрур ҳар битта замон,
Жим турсанг-да чўзар қаттоллар бўйин.
Тутмоқликдан кўра найзага қалқон,
Тинчликни зоғ асрай билмоқлик қийин.

Бир ўйга чорлагай китоб якуни:
Ичикамиз ёзга фақат қиш фасли.
Бу юртнинг тинчгина ўтган ҳар куни
Мислсиз Тарихий Воқеа асли.

2011

Уччаноқлар

Юртим токи мустақил,
Халқим токи эмас қул,
Болам ёлғон шеър айтмас.
* * *
Тош буғланиб учмайди,
Қуёш қулаб тушмайди…
Тош бўла бил лоақал.

***
Бир суварак эмаклаб,
Ўйнашини етаклаб,
Кириб келди кўрпамга.
* * *
Бошин эгди, боқмади,
Бу  лолага ёқмади
Тамакимнинг тутуни.
* * *
Ёмғир тезлар ва тезлар,
Ажиб ёқимтой сўзлар –
Оқиб тушар тарновдан.
* * *
Ҳасад қилмас бўлакка,
Таянар пок тилакка,
Ўзбек кучли шу боис.

***

Оч ётганга емак бер…
Ҳеч бўлмаса кўмак бер –
Суяб элт бир Ҳотамга.
* * *
Тўмарис чанг, довулда,
Форс талаган овулда
Туғилди тунд, йиғламай…

2008

2008

***
Кўриб чиқиб рўйхатни,
Яна битта штатни
Қисқартирди Азроил.
* * *
Дер, жанжалдан бўғилса:
– Бўлмасмиди туғилсам
Хотинимдан кейинроқ?!
* * *
Қуруқ “шов-шув” кўп асар
Гўлнинг хуморин босар,
Бувак сўрган сўрғичдек.
* * *
Устоз тинмай гупурар,
Шогирд тинмай супурар
Туприкларни юзидан.

2009

Бир кеча

Юлдуз билмас ушбу тун
Ё сўнар, ё сўнмайди.
Бу янги ой мен учун
Ё тўлар, ё тўлмайди.

Боғ бағрида сой гувлар,
Тўлқинлари дард қувлар,
Бир бўсага ҳур сувлар
Ё кўнар, ё кўнмайди.

Айлаб титроқ нур барпо,
Дилда кезар то барно,
Хаёлимга мол-дунё
Ё қўнар, ё қўнмайди.

Чечак ҳидлар йўлчалар,
Раҳмим жўшар бунчалар?
Гулга ёш-ёш ғунчалар
Ё дўнар, ё дўнмайди.

Ел басталар укпар куй,
Ойни рақсга чорлар ўй,
Эрта ҳам бу олий тўй
Ё бўлар, ё бўлмайди.

Боқий Машраб ва ғазал,
Мен сўйларман бир амал,
Ҳар бир шеърим таваккал,
Ё ўлар, ё ўлмайди.

2009

Ғазал шаклидаги шеърлар

Бўлардик хонимдан ризо бизга вақтин ажратсалар,
Айлардик арзи ҳол баён рухсат бериб сўзлатсалар.

Тўлди сабрлар косаси, кутмоққа йўқ ҳолу мажол,
Қуллуқдамиз ошкора суҳбат онларин тезлатсалар.

Топмас эътибор ноламиз, ахтаргай боисин хаёл,
Қилган эсак билмай гуноҳ, тан олардик эслатсалар.

Талпиниб бир маҳал муштоқ, безиллар бир маҳал кўнгил,
Аросатдан айлаб халос зора бир йўл кўрсатсалар.

Магар мумкин эса юрмоқ муҳаббат дардидан фориғ,
Бўлардик шод шифо илмин бизга ҳам сал ўргатсалар.

Этмасми айб топса хабар бу ҳолдан аҳли Туркистон,
Туркийзабон бир шоирни сарсон қилиб бўзлатсалар.

2009

* * *

Учради қиз боқса биров лол қиладургон ёшида,
Ер юзини манглайига хол қиладургон ёшида.

Қошини тарлонга қанот, лабини гулнорага ранг,
Ўйноқи тулпорга сочин ёл қиладургон ёшида.

Ҳуснига мастона боқиб бегона кўзлар чақнаса,
Ор-у ҳаё ёноқларин ол қиладургон ёшида.

Йўқмиди ошиққа аёв, нега сайлга чиқадур
Жонни карахт, танни тугал шол қиладургон ёшида?

Аҳли такаббурни нечун таъзимга мойил этмасин,
Нози-ла шамшодни эгиб тол қиладургон ёшида.

Айлади оламни ширин, учради орзу қушидек,
Қўйса соқол шоир ўзин чол қиладургон ёшида.

2010

Ер

Бўшлиқда тиргаксиз ғилдираб,
Қанотсиз бўзлаган олам бу.
Гоҳ Ойдан, гоҳ Кундан нур тилаб,
Сарсон гиз-гизлаган олам бу.

Очилган баҳрими ўрмонлар,
Тўккан кўзёшими уммонлар?
Кўксида гар ўтли вулқонлар,
Бош-пути музлаган олам бу.

Кўз-кўзлаб тошқинда қудратин,
Тўфонга жо айлар шиддатин,
Кашф этиб тоғларнинг ҳайбатин,
Денгизни тузлаган олам бу.

Ҳокимдир қонунлар ўрнатиб,
Панд едик баъзан эс ўргатиб,
Минг аср ташвишин қўзғатиб,
Ҳикматлар сўзлаган олам бу.

Тулпорни қамчилаб қистармиз,
Фурсатдан ўзмоқни истармиз,
Пойгада лек кўпроқ музтармиз,
Биздан ҳам тезлаган олам бу.

Дунё кенг, дўстим, сен торланма,
Шаштига мос тушмай хорланма,
Бир зум тин бергил деб зорланма,
Ўзи тин излаган олам бу.

2008

Игнабарг шеърлар

Дўстим эдинг… Чакки қарз бердинг.
* * *
Хориждан жон сотиб олганмиш.
* * *
Бошинг ёрай, таёғингни бер.
* * *
Афсус, қорним калламдан катта.
* * *
Мўралади дарчадан хаёл.
* * *
Имонингни экспорт қилма!

2009

Мулк

Барчада – мулк,
Ўз товуғининг – бошқачароқ,
Четда ҳавас-ла боқаман ҳаммасига.
Ҳаттоки бу оламдаги ҳар чақалоқ
Мутлақ Эга эрур шахсий Маммасига.

Кимдир ўта мулкдор эса, менга не ғам,
Ундан кўра бахтлилигимни биламан.
Менга Худо берди Илож,
Берди Қалам,
Ҳимматига ҳар куни таъзим қиламан.

2009

Сулувим

Сулувлардан сулувдир ҳануз,
Ҳеч ўзгармас,
Шу туриш – туриш.
Юзидаги ажинлар нафис,
Қўлларига ярашар тириш.

Муҳаббатим вақтни олмас тан,
Фасл алмашмас,
Турланмас замон.
Эллик йилки шу сулув билан
Бир синфда ўқийман ҳамон.

2008

Турмуш

Аё, Кўнглим,
Азал бошда хато қилдинг.
Дўстим бўлиб
Ўз-ўзингни
Адо қилдинг.

Ёмон бўлди,
Сенга беҳад азоб бўлди.
Сен севган қиз
Менга тегиб
Хароб бўлди.

2009

Тегирмоннинг дўлидагилар

Дўлдан шув-шув оқар донлар
Тегирмоннинг тошига.
Бир-бировин туртиб-топтар,
Шошар офат қошига.

Дўстим, нечун ур-сур, ситам,
Наҳот йўл йўқ бошқача?
Асли бизнинг умримиз ҳам
Шу дўлдан шу тошгача.

2009

Одамлар ва бедана

Беданани қўймадилар ўз ҳолига,
Илож қанча,
Одамлар – хон, одамлар – зўр.
Тақсимлангач жой “қанотли аҳоли”га,
Бир уй тегди – таги қовоқ, тепаси тўр.

Тўрқовоққа тиқиб энди Беданани,
Бир хонали уй бердик, деб алдашади.
Лек одамлар ўзи
Бундай бошпанани
“Бир кишилик камера” деб аташади.

2009

Жайдари теорема

Гапларинг чинми ё ҳазилми дема,
Ногаҳон хитланди кўнглинг, чамаси.
Бундай вазиятда қўл келар яна
Аккашнинг жайдари теоремаси.

Қувончу ғам уйқаш ҳар тоифада,
Одамзотнинг ўзи қоришма ҳилқат.
Жиддий сўз портлар гоҳ мутойибада,
Ҳазилда жон сақлар гоҳо ҳақиқат.

2009

Бузуқ микрафон ҳангомаси

Дамо-дам юрт кезиб, кўп йиғин кўриб,
Бўлибдур бир тилак кўнгилда пайдо.
Шоирларни нобоп танқидчидан-у,
Носоз микрофондан асрасин худо.

Нобоп танқидчидек носоз микрофон
Сен аштдан гапирсанг, даштдан келади.
“Салом!” десанг, ундан таралар “Шолғом!”,
Мезбон тезда шолғом шўрва қилади.

“Эшик”ни “эшак” дер, “алла”ни “ялла”,
“Қадаҳ” десанг, товуқ бўлиб “қақағ” дер.
Сен ўпич сўрасанг, чўмич сўрар у,
“Асов”ни “масов” деб, “аҳ” десанг, “бахт” дер.

Шоир бастакор-у, микрофон гўё
Саҳнага маст бўлиб чиққан ижрочи.
Гоҳида “виждон”дан ясайди “иштон”,
Гоҳ майхўр “Тожи”ни қилворар “ҳожи”.

Қисқаси, шоирга танқидчидан-да
Хирароқ ғанимдир бузуқ микрофон.
Кўпдан у лойиқмас лавозимига,
Аммо ўз ўрнини бўшатмас осон.

2008

Қора жавон

Чорлар чексиз хаёллардек чексиз макон,
Йўлга чиққим келар, кўнглим қушдек ҳалак.
Қамаб ҳадик жавонига,
Зарра имкон
Бермас менга хаста жигар, беҳол юрак.

Чорлар олис умидлардек олис сафар,
Шаштим буйруқ кутар аскар фўрмасида.
Қўзғалсам бас,
Беҳол юрак, хаста жигар
Қолиб кетар қора жавон тортмасида.

2009

Игнабарг шеърлар

Савол берма милтиқли зотга.
* * *
Ёвлик қилиб, дўстлик кутар у.
* * *
Қирол қани? Кимни мақтайин?!
* * *
Заҳар яса…  Кейин ичиб кўр.
* * *
Шеърхон сотиб олди бир шоир.
* * *
Ошингни еб бердим, ҳақин чўз!
* * *
Кўнгли кенг-у, чўнтаги торроқ.
* * *
Кўз ухлар, шеър ўқир кўзойнак.
* * *
Тулкилигин билмас тулкича.

2009

* * *

Булбулга зарни мақтаманг,
кетмайди хуш бўйдан нари,
Қандай татир бегона кўшк
юрсанг ота уйдан нари.
Ихлос кутиб мадҳ айламанг
чарх “модерн-шоир”ларин,
Найлай, кетолмам барибир
Саккокий, Лутфийдан нари.

2009

Ибодат

Юртимга қут ёғдир, қодир худойим,
Халқимнинг дардига ўзинг қўй малҳам.
Дўстларим давлатманд бўлсинлар доим,
Рўзғорин тебратсин душманларим ҳам.

Сойим сувга, далам буғдойга тўлсин,
Уйлардан тўй, юртдан кетмасин байрам.
Дўстларим бир умр бахтиёр бўлсин,
Ғам-алам кўрмасин душманларим ҳам.

Муҳтожлик ўлимдан даҳшатлидир гоҳ,
Камхаржлик айлагай мардларни мулзам.
Мени ҳатто дўстга зор этма, Оллоҳ,
Менга зор бўлмасин душманларим ҳам.

Бус-бутун миллатим ортимда қолсин,
Доғини кўрмайин кўзларимда нам.
Кўммайин дўстимни ўртаниб, маҳзун,
Кўмсин мени дўстлар, душманларим ҳам.

Яхшиликдан, тангрим, инъом эт шараф,
Ёмонликдан асра кўнглимни ҳар дам.
Номимни эсласин дўстларим яшнаб,
Таънадор бўлмасин душманларим ҳам.
2000

Ғазал шаклидаги шеърлар

Юлдузчагинам, чеҳрангга зуҳрони яширма,
Дуррангда тўсиб кўздаги ҳиллони яширма.

Олча дудоғингда асир, олма — юзингда,
Қизғанибон кўксингга хурмони яширма.

Суратга дўнар турфа чечаклар либосингда,
Мавжин қотириб сочингга дарёни яширма.

Бағринг боғида зора ҳаловат топақолсам,
Куйдирги бўлиб жонима саҳрони яширма.

Шунча тароват ила тор ўлди бу олам,
Дунёйим ўзинг, васлингга дунёни яширма.

Гар севги сени айлади сўз заргари, шоир,
Шеърингга сира қалбаки тиллони яширма.

2003

* * *
Лаъл ўзин нарху навосин ё билар, ё билмагай,
Бу санам ҳуснин баҳосин ё билар, ё билмагай.

Бор гўзаллар шоҳидурки ўзи ондин бехабар,
Кўйида мендек гадосин ё билар, ё билмагай.

Нега рангим заъфарондир кўрганида англамас,
Бошима солган жафосин ё билар, ё билмагай.

Бир боқиб жону жигимга солди ўтли эҳтирос,
Ўзи у ишқ эҳтиросин ё билар, ё билмагай.

Эс-ҳушимдин айрилиб оввора юрсам кулмангиз,
Ки Жунун қилган хатосин ё билар, ё билмагай.

Гар шифо излаб келибсан хастадил э шоиро,
Бу табиб дардинг давосин ё билар, ё билмагай.

2004

Макон

Қуш эмаски қўнса дуч келган толга,
Макон йўқ жонга шу бадандан бўлак.
Лолман
Юртин савдо қилган даллолга,
Илинжли жой қайда Ватандан бўлак?!

2008

Просмотров: 4614 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz