Вторник, 14.05.2024, 19:51
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 5 » ҚАЙТАР ДУНЁ
22:10
ҚАЙТАР ДУНЁ

— Онам билан дадам ажрашганида, мен 8, синглим 6 ёшда эдик. Ўша кун ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ойим бизга туни билан роса гап ўргатиб чиқди. Эртаси куни судда ойим ёд олдирган ёлғон сўзларни айтдик. Дадамнинг ойим­ни аёвсиз уриши, уйга бегона аёлларни бошлаб келишлари... хуллас, ҳаммани алдадик. Ва биз ойимиз билан яшашимизни таъкидладик. Ўшанда дадамнинг ҳайрат билан катта-катта очилган кўзларига қарай олмаганман. Кўнглимдаги гапларни айтишга, дадамнинг бағрига отилишга ойимдан қўрққанман.

Ниҳоят, суд уларни ажратди. Уйимиз тўрт қисмга бўлиниб, бир бурчаги дадамга тегди. Лекин ўша куни отам елкасига костюмини ташлаб, бош эгганча уйимиздан чиқиб кетди. Кетаётиб, менинг елкаларимдан ушлаб, кўзларимга қаттиқ тикилди. “Ўғлим, сендан хафа эмасман. Ҳозир сен ҳеч нимани тушуна олмайсан. Илтимос, сени олиб кета­йин, бу ерда қолсанг, ўзингга жабр қиласан”, деди. Лекин мен дадамни қанчалар яхши кўрмайин, барибир қучоқларидан чиқишга уриниб, типирчиладим. Агар ўшанда ойимнинг қилмишларидан заррача хабардор бўлганимда, жон-жон деб дадам билан кетган бўлардим...

Орадан олти ойча ўтгач, уйимизга бегона бир киши келди. Ойимнинг қистови билан бизлар уни “дада” деб чақира бошладик. Синглим унга тез ўрганди. Аммо мен ўз дадамни унутолмасдим. Бировни дада деёлмасдим. Бунинг учун кўпинча ойимдан калтак ҳам ердим. Табиийки, мен ҳам янги дадамга ёқмадим. Ойим уйда бўлмаган пайтларда у мени турткилар, мазах қиларди. Кучим етмайдиган ишларни қилишга мажбурларди. Мен дадамнинг ёнига қочиб кетишга ҳаракат қилдим. Аммо у кишини тополмадим.

— Шу орада отангиз бирор марта сизларни йўқлаб келмадими?

— Келди, бир гал мева-чева, ки­йим-кечак кўтариб келувди, ойим  дарвозадан киритмади. Остонамизга қўйиб кетган нарсаларини эса қарғана-қарғана кўчага улоқтирди. Шу-шу дадам қайтиб келмади. Аста-секин улғайдик. Мен бошланғич синфларда яхши ўқидим. Аммо катта бўлганим сайин ўгай дадам мени мактабга юбормас, оғилхонага боғлаб қўйган мол-қўйларини боқишимни талаб қиларди. Энг ёмони, ойим унга эътироз билдирмас, менинг орзуларим ҳақида эшитишни ҳам истамасди. Шундай қилиб, мактабдаги ўқишларим пасайиб кетди. Ўртоқларим мактабни тугатиб, институтларга киришганида, мен қўрага ўралашиб қишлоқда қолиб кетдим.

Йиллар ўтиб, синглимни узатдик. Аммо у бир йил ўтмасданоқ қайтиб келди. У ойим ва ўгай дадамнинг қўлида эрка-тантиқ бўлиб ўсганди. Кейин шу орада мени ҳам уйлантирадиган бўлишди. Ойим бир дугонасининг қизини келин қиладиган бўлди. Қиз кўнглимга ўтирмаган бўлса-да, уйдагиларнинг дағдағалари, кейин бошимга ит кунини солишларидан қўрқиб, ноилож рози бўлдим. Йиллар ўтди. Икки ўғилли бўлдик. Хотиним Замира тилли-жағликкина эди. Ойим билан худонинг берган куни уришарди. Рўзғоримиздан барака йўқолганди. Бу вақтда ўгай дадам ҳам ишламай уйда ўтирар, аёлларнинг жанжалига қози эди. Мен-ку, мардикорчилик қилиб уч-тўрт сўм топишга уринардим.

Хотиним ойим билан муроса қилолмагач, охири қариндошлар аралашиб, ҳовлимиз ўртасидан девор тортилди. Шундан кейин қулоғим тинчир деб ўйловдим. Йўқ, қайда, аёлимнинг феъл-атвори баттар айниди. У энди менинг яхши пул топмаслигим, орзу-ҳаваслари поймол этилаётганини айтиб ёзғирарди. Икки ўғлим ҳаққи-ҳурмати учун тишимни-тишимга қўйиб, чидаб юрдим.

Бўлмади. Аёлим “ажрашаман”га тушиб қолди. Охирги пайтларда ўз дадам кўз ўнгимда тез-тез намоён бўла бошлаганди. Хотиним мени судга берди. Судда... ўғилларим, мени жонларидан ортиқ суядиган ўғилларим оналари билан яшашларини айтишди.

— Нима, сиз, бу билан “қайтар дунё” бўлди демоқчимисиз? Оилангизни тиклашга уринмадингизми?

— Фикри, нияти бузилган аёлга панд-насиҳат, ёлвориш кор қилармиди? Мен ўзимга эмас, ўғилларим тақдирига ачинаман. Сезяпсизми, менинг аянчли кечган қисматим бир кун келиб фарзандларим тақдирида давом этмаса, деб қўрқаяпман. Балки мен ўшанда дадам билан кетганимда, бугун бутунлай бошқача одам бўлармидим. Ҳаётда ўз ўрнимни топардим...

— ...жон, сизга нима деб таскин беришга ҳам ҳайронмиз. Балки маҳаллангиз фаоллари ўртага тушса, аёлингиз инсофга келиб қолар?

— Йўқ, кеча эшитдим, у мен билан ажрашган куннинг эртасигаёқ турмушга чиқибди...

Йигит билан кўп гаплашдик. У ҳозир қурилиш ташкилотига ишга киргани, ҳаётини бошқатдан бошламоқчи эканини айтди. Ҳарна, кўнглимизга ёруғлик инди. Унга фарзандлари тақдири ва тарбияси масаласида яна судга мурожаат этишни маслаҳат бердик. У бизга раҳмат айтиб, хайрлашди...

Шаҳло ТОШБЕКОВА 

Просмотров: 538 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz