Понедельник, 29.04.2024, 00:08
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Декабрь » 19 » Қайнона – қай она?
16:41
Қайнона – қай она?

Қайнона – қай она?
  “Аёл эрининг уйида бошлиқдир ва ўз қўл остидагиларга масъулдир”

 Аёлнинг оилада тутган ўрни, вазифа ва масъулиятлари  ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳаётида ўрин тутган энг муҳим лавозими – қайноналик мавзусини четлаб ўтиш мумкин эмас. Чунки, қизалоқнинг умр босқичлари ўтиб борар экан, Аллоҳ таоло насиб этган бўлса, у албатта, қайноналик шарафига ноил бўлади. Қайноналик аёлнинг қирқ ёшидан кейинги иззати, эл ичида обрўсини сақлаб туриши кўпинча ана шу босқичда давом этади.

Энди навбат қайноналар мавзусига келди. Бизнинг бу мавзудаги суҳбатимизда қайнонанинг фақатгина яхши томонлари, унинг нақадар керакли инсон экани ҳақида бўлади. Иншааллоҳ, ҳар куни эшитиб юрганимиз – қайнона энг ёмон аёл деган фикрни четлаб ўтган ҳолда қайнона шахси билан ижобий томондан танишамиз. Чунки, шундоғам уларнинг “нақадар ёмон бўлиши” ҳақида ғийбатлар кўпайгандан кўпайиб ётибди.

Аёллар йиғилган давраларга, унда гапирилаётган мавзуларга эътибор берганмисиз?  Агар шундай қилган бўлсангиз, аниқки, бугуннинг аёллари энг кўп тилга оладиган сўз – бу қайнона ёки келин атамаси бўлиб қолганини сезгансиз. Яна бу исмлар энг ёмон лафзлар, энг хунук таърифлар билан айтилади.  Қайнона келинидан, келин қайнонасидан нолийди. Тушунмайман, нега ҳамма ёқни ёмонлар босиб кетди?

Ахир қайнона бўлмиш бу аёл ҳамма қўшнилари билан иноқ, қариндошлари билан бир тану бир жондек яқин эдику? Нега шугина бировнинг боласига бунча азоб берадия? Ўтириб гаплашсангиз гапларига тўймайсиз, бир кўрсангиз яна кўргингиз келади. Наҳотки шундоқ аёлнинг билгани ичида, кўча хандон, уй зиндон бўлса? Йўқ, бунақа бўлиши мумкин эмас, ахир инсон шунча одам билан гўзал муносабатда бўла туриб, битта келинга – боласининг ортидан келган қизига шу қадар ноинсофлик қилиши мумкинмас.  Менимча, ҳамма гап – қайнонани албатта ёмон бўлади, деб тушуниб қолган, ўзидаги барча феномларни шунга кўра чиқариб, бош миясини ҳам ана шу хаста фикр асосида установка қилиб олган келинпошшада!

Хўш, аслида қайнона ким?

Қайнона биринчи навбатда ОНА! У ҳам токи келинпошшага топшириб тинчигунича ўғлини жонига қўйиб улғайтирган, боласининг суннат тўйидан бошлаб ўзича унга келин қидирган, қизларнинг энг сараларини кўз остига олиб, уларни кузатган, боласига энг яхши келинни раво кўрадиган аёл. У боласининг куёвлик сарполарида тасаввур қилганда юраги ҳапқирган, келинни ўз боласидек кўришни, ширин-шакар набираларниорзу қиладиган, нима кўзига чиройли кўринса ўзига эмас, қизига эмас, келинига атаб олиб қўядиган, ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам бўлажак келинчакка илинадиган муштипар аёл.  У ҳам қалб эгаси, у ҳам эзгу ниятлар қилади. Энг яхши сарполарни қилиб, карнай-сурнай билан уйига олиб келган, остонадан зар поёндоз солиб, шеърлар, дуолар билан кутиб олган, боласи тенги қизалоққа йигирма саккиз йил кипригида асраб ўстирган сарлочинини топширган, бунинг эвазига фақатгина ҳурмат икромнигина умид қиладиган бағри кенг хоним у. Биз уни ана шу ҳолатда тасаввур қилиб, шу ҳолатда муомала қилсак, у албатта онамизга айланади, ҳақиқий ҳимоячимиз, суянчиққа айланади, иншааллоҳ.

Аммо келин унга бутунлай бошқа нигоҳ билан боқади. У болалигидан опалари, қўни-қошнисидан қайнонанинг ялмоғиз бўлиши, унинг мақсади битта – у ҳам бўлса, минг азобда йиғиб, емай-ичмай тўплаган пулига не-не умидлар билан  тушириб келган келинини ўғлидан ажратиш бўлган аёллар ҳақида эшитавериб қайнона ҳақида ана шундай салбий  фикрга келиб қолган. Унинг назарида худди мана шу қайнонаси келинчакнинг бахтли бўлишини истамайди. Ундан ўғлини қизғанадиган, ичида қарғаб, минг балога гирифтор этувчи ягона одам – бу ҚАЙНОНА!

Виждонан айтганда мен ҳам шу фикрда эдим. Ҳозир ҳам қайнона ҳақидаги баъзи фикрларим ўша туришда қолган бўлса-да, бемалол айта оламанки, қайнона биз ўйлаганчалик ваҳший, ялмоғиз эмас экан. Унинг ҳам бори яхши экан. Тўғри, қайнона ўғлини қизғанади, келинига ҳукм ўтказиш, унинг ўзига итоатли бўлишини хоҳлайди, аммо у ҳам аёл, унинг кўнглига йўл топиш керак экан. Қайнона ҳам қайсидир маънода она ҳисобланади. Кўпинча келинлардан: “Қайнона ҳеч қачон она бўлмайди, онам бўлмаганида биров мени дўхтирга олиб бормасди, яхшиям онам борлар”, деган гапларни эшитиб қоламан. Уларнинг кўпчилигига “Ўзиз қайнанага қизлик қиласизми?”, десам, бемалол ҳа, қизлари қилмаган хизматни қилиб ётибмизку, дейишади. Йўқ, гап хизматда эмас, гап – қайнонага қандай назар билан боқишда! Уни онам денг, демайман, чунки бу бўлмаган иш, она – ягона! Аммо қайнонага хола, жиллақурса энг яқин қўшни аёл сифатида қараб, муомала, ҳурмат-иззат, меҳрибонликни ҳам шунга кўра қилинг, натижани кўрасиз. Аслини олганда бу иш ҳам қийин, чунки биздаги кибр, нафсоният бунга йўл қўймайди. Биз нима қиламиз, биз қайнонага ҳақиқий ва энг хавфли душман сифатида қараймиз. Ҳар бир гапи, қилиғи, ҳатто кўз қарашларидан ҳам иллат қидирамиз. Биз ҳазрати Бобурнинг  “Иллат излаганга иллатдир дунё”, деган пурмаъно ўгитларини унутиб, уни ўзимизга душман қилиб оламиз.

Ахир бу бориб турган нодонликку аслида.

Инсоф билан айтганда, ҳар бир келин минг ёмон кўрмасин, қайнонасининг ноҳақ бўлмаган, ўзининг айби туфайли жаҳлини чиқарган ва шу сабаб ҳам гап эшитиб олганини ичида тан олади. Келинчак қайнонасидан хафа бўлиб, эшитган гапларини ўйлаб сиқилса-да, ўз виждони билан ёлғиз қолганда айбини ҳам тан олади, “шу гапни бекор айтдим”, деган фикр кўнглига келади.  Шундан кўра унга яхши гапириб қўйсам, ҳечқурса тилимни тийсам яхши эди, дейди.

Кузатишлар натижасида шу нарсани кўрдикки, ҳар қандай золим қайнона ҳам келинни орқасидан мақтайди, ҳеч бўлмаса ўлимидан олдин уни юзини ёруғ қилиб ўгил-қизига уни яхши эди, деб айтади.

Аслини олганда, айбни келиндан қидирган яхшироқ. Чунки, кўпинча келинлар ёмон қайнонага тушиб қолишса, унга хушомадни ҳаддан ошириб юборадилар, сал юмшоқроқ аёл бўлса, уни менсимай, барибир уришмайдиларку, деб бепарво бўлишади. Шундай қилиб биноийдек меҳрибон қайнона ҳам айнийди, нимага мен яхши бўлсам ҳурматсиз бўлишим керак, ундан кўра ёмон бўлай, лекин келиним муомаласини рисоладагидек қилсин, деб ўйлаб қолади. Доим шунақа. Туянинг юки енгил бўлса ётиб олади, деганларидек, ҳалим аёлнинг келинлари ҳам ўзларини анча эркин қўйиб юборадилар. Агар келин қайнонасига ҳар қандоқ шароитда ҳам исломда буюрилгандек – очиқ чеҳра, ширин сўз билан муомалада бўлса, юриш-туришини идора қилиб юрса, бунақа кўнгилсизликлар бўлмас эди.

Халқимизда “Қайноналик келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин”, деган пурмаъно нақл бор.  Қарқара – бу ўта гўзал, озода ва нодир қуш. Уни фақат эртаклардагина учратиш мумкин. Қайнонаси бўлганлар ҳар томонлама тарбияланиб, тартиб-интизомга ўрганади, ҳам ўзига қарайди ҳам рўзғорини эплайди.  Қайнонасиз келинчи? У боласига қараса рўзғори қолиб кетади, рўзғорга қарай деса боласи бир муаммони бошлаб ўтиради, ҳаммага гап, масхара бўлади. Оилани қайнонасиз тасаввур қилинг. Йўқ, сиз қайнонали келинсиз, буни тасаввур қилолмайсиз, қайнонадан тезроқ ажраб чиқишни орзу қилиб ўтирганингиз учун буни дунё фароғати деб ўйлашингиз табиий. Келинг, яхшиси буни бир мисол билан тасвирлаймиз:

Бир танишимни онаси чаллари қиладиган булди. Чалларига уч кун қолганда келиннинг юзига нимадираллергия бериб нарсалар тошиб кетди. Буни кўрган қайнона уни дарров косметологга юборади, ахир унинг келини ҳаммадан чиройли бўлиши керакку. Дўхтир ёзиб берган дорилар икки кунда ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, тери ўз ҳолига қайта бошлайди. Келин туширишдан олдин унинг чаллариси-ю, унда келинини қандай ясантириб, ярқиратиб олиб боришни ўйлаб юрган эътиборли қайнонаси унга келинлик одоби, ота уйига борганда ўзини қандоқ тутиш кераклигини обдооон тушинтиради. Ниҳоят, ўша кун келиб, келинчак маликадек бўлиб ота уйига кириб боради. У билан бирга амакисининг келини ҳам чорланган экан. Бу  келинчак қайнонаси билан алоҳида турар, бу нарса унинг туриши, кўринишида яққол сезилиб турар эди. Авваламбор, у маликалар каби бир неча аёл қуршовида эмас, ўзи куёв билан кириб келади. Онаси қилган шунча асл сепи қолиб, европача кийинган, сочлари ҳам шундоққина ташлаб қўйил

ган эди. Уни кўрганлар келин эканини билишмади. Токи уйнинг эгаси ҳай-ҳайлаб келиб унинг оёғига поёндоз ташлаб айланиб-ўргилиб кутиб олмагунча сўррайиб тураверди. Аёллар бир-бирига кулиб, бу киши ҳам ёш келин эканлар, дейишди. Унинг орқасидан ярим соатлаб ўтиб қайнонаси келади ва келинни кўриб уялиб кетади. Бу келин қайнонадан бемаслаҳат иш қилиб кулгуга қолган эди.

“Аёл эрининг уйида бошлиқдир ва ўз қўл остидагиларга масъулдир” , деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нақадар ҳақ эдилар.  Ҳа, аёл ўз қўл остидаги болалари, уй хизматчилари, келинларига масъулдир. Уларнинг тарбияси, бошқаруви ҳам айнан унинг назоратида бўлиши лозим. Бу жуда катта ва оғир масъулият, аммо, Аллоҳ таоло аёлларнинг бу вазифаларни уддалай оладиган қилиб яратган ва уларни тоқатларидан бошқа нарсага таклиф этмаган ҳолда ушбу вазифани зиммаларига юклади. Қайнона – аввало она, кейин бу уйнинг нозири, рўзғорнинг паст-баланд ишларига жавобгар шахсдир. Она ҳеч қачон фарзандларига ёмонликни раво кўрмайди, шунингдек, боласининг бахти, тақдирнинг изми билан уйига келган келинга ҳам фақат эзгуликни соғинади. У нима қилса ҳам оиланинг бирдамлиги, фарзандларининг якдиллигини кўзлайди. Сиз “Келинлар қўзғолони”ни бир эсланг. Гарчи бу тўқима образлар бўса-да, тагида албатта, ҳақиқат яширинган. Фармонбиби кетиб қолгач келинларнинг аҳволи не кечгани, ўғилларнинг сал бўлмаса юзкўрмас бўлиши мумкинлигига эътибор қилганмисиз? Ҳа, Фармонбиби ўғиллари-ю, келинларини ҳар доим тергар, бу билан уларни тарбиялар эди.

Ҳа, қайнона уйнинг тартибини сақлаб турувчи мезон, бир сўз билан айтганда рўзғор саҳнасининг режиссиёри, тинчлик посбонидир.

Азиз келинлар, инсофли бўлинг. Қайнонангизга онангиз сифатида қаранг. Йўқ, туққан онангиз эмас, ўзингиз суйган, сизни ҳақиқий бахт қасрига олиб кирган куёвтўранинг онаси, самимий орзулар оғушида босиб ўтганингиз – келинлик уйининг тамал тошини қўйишдан токи сиз кириб келгандаги гузал ҳолатга келтиришда беминнат меҳнат қилган фидокор аёл, ҳеч бўлмаганда, ўзингизнинг онангизга ўхшаб бир  келиннинг қайнонаси бўлган беозор аёл сифатида қаранг. Ўзингиз ҳам бир кун келиб ана шу мақомга етишингиз, келинингиздан ҳам худди ўзингиз қилгандек муносабат кўришингизни эслаб муомалада бўлинг. Ана шунда сиз кутилмаган натижага эришиб, бошқа келинлар ҳам  ҳавас қилгулик ҳаёт кечирасиз.
Зебунисо Қутбиддин қизи

Просмотров: 805 | Добавил: Abdu | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Декабрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz