Ш. ЖЎРАЕВНИНГ УЛУҒ ҲОФИЗ БЎЛИШ СИРИ НИМАДА?
Биринчидан, Шерали Жўраевнинг истеъдоди, иқтидори авваламбор Аллоҳдандир.
Инсонга Аллоҳдан истеъдод берилсагина яхши санъаткор бўлиши мумкинлиги
ҳақида Шерали ака журналистларга берган интервьюларида таъкидлаган.
Шулардан бирини келтириб ўтайлик.
“Саволингизга келсак, жавобим шу: бу нарса аввало Оллоҳдан, қудрати Илоҳий.
Қолаверса, қўшиқчиликка фидойилигимдан бўлса керак. Менга Оллоҳ биттагина
қўшиқчиликдан юқтирган, холос. Менинг бошқа тирикчилигим ҳам, бизнесим ҳам,
дўконларим ҳам йўқ. Бировлар миш-миш қилгандек 200-300 та “Дамас”им
Андижонда юрган ҳам эмас. Мен фақат қўшиқчилик қиламан. Элга, юртга
яхшилик тилайман. Менга ёмонлик қилганларга ҳам Оллоҳдан яхшилик
сўрайман. Бу ёғини Оллоҳнинг ўзи бераверар экан.” [49, 4-5-б.]
Иккинчидан, Ш.Жўраев ўз устида жуда кўп меҳнат қилган, изланишда бўлган
ҳофизлардан биридир.
Шерали Жўраевнинг улуғ ҳофиз бўлиш сири шундаки, у Аллоҳдан берилган
истеъдод ва катта меҳнат натижасида кўпминг йиллик қўшиқчилик санъатимизда
ўз йўлини очган санъаткордир! Шу сабабли унинг қўшиқлари тарихимизда аввал
яшаб ўтган ва бугунги кунда ҳаёт бўлган ҳофизлар айтган ҳамда айтаётган
қўшиқлардан кескин ажралиб туради. Қўшиқчиликда ўз йўлини очган санъаткор
бўлганлигидан Шерали Жўраев олдинги қўшиқчилик йўллари билан басталанмай
келинаётган атоқли шоирларнинг баъзи машҳур шеърларини қўшиқ қила олди ва
мухлислар кўнглига аъло даражада етказа билди.
Ш.Жўраев ўзбек қўшиқчилигида алоҳида ўз йўлини очганлиги ҳақидаги фикрни
камина дастлаб 1999 йил июлида ўзининг чоп этилмаган “Турон йигитига”
китобининг 7.2.3 бандида ёзганди (бу ҳақда ушбу китобнинг биринчи нашрига
сўзбоши бандига қаранг). Камина фикрига ўхшаш фикр 2001 йилда нашрдан
чиққан [7]-китобнинг 3-бетида “Нашриётдан” деб ёзилган матнда қуйидаги гаплар
билан ёзилган.
“Шерали Жўраев ўзбек санъатида устоз санъаткорлар – Жўрахон Султонов,
Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзовлардан кейин, уларнинг муборак
анъаналарини давом эттирган ҳолда том маънода ўз қўшиғини ярата олган
куйчидир. Унинг йўлида қўшиқ айтаётган, унинг йўлини давом эттираётган юзлаб,
минглаб шогирдлари буни яна бир карра исботлаб турибди.” [7, 3-б.]
Яна битта ажойиб ва ҳайратланарли факт: шоир ва ҳофиз Шерали Жўраев санъат
соҳасида ўзининг 43 йиллик меҳнати давомида мингтадан зиёд қўшиқ яратган
ижодкордир!
Шу ерда Шерали Жўраев турли йилларда басталаган ва айтган айрим қўшиқларни
эслатиб ўтайлик: Алишер Навоийнинг (1441-1501) “Излангиз”, “Ўхшамас”, “Зебо
эмас”, “Айрилиқ” ғазаллари, Ҳофиз Шерозийнинг (1325-1389) “Шакарони
Мазондарон”, “Аё, соқий!” ғазаллари, Бобурнинг (1483-1530) “Баҳор айёми”,
“Топмадим” ғазаллари, Увайсийнинг (1779-1845) “Нозик” ғазали, Махтумқулининг
“Замон тўхтамас” ғазали, Расул Ҳамзатовнинг (1923-2003) “Ошиқлар сардори”,
Константин Симоновнинг (1915-1979) Ҳамид Олимжон (1909-1944) таржимасидаги
“Мени кутгил” шеъри, Ойбекнинг “Бир ўлкаки …” ғазали, Шароф Рашидовнинг
(1917.06.11-1983.30.10) “Кашмир қўшиғи” қиссасидаги “Наргиз” шеъри, Эркин
Воҳидовнинг (1936.18.12) “Ўзбегим” қасидаси, “Инсон қасидаси”, “Яхшидир аччиқ
ҳақиқат”, “Ватандин яхши ёр ўлмас” шеърлари, Ғафур Ғўломнинг (1903-1966)
“Йигитлар” шеъри, Абдулла Ориповнинг (1941.21.03) “Биринчи муҳаббатим”,
“Дунёни қизғанма”, “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари, Ҳалима
Худойбердиеванинг (1947.17.05) “Онагинам”, “Муқаддас аёл” шеъри, Усмон
Азимовнинг “Карвон” шеъри, Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим” ғазали,
Латифнинг “Анда жоним қолди менинг”, Омон Матжоннинг „Эшигингдан ўтарман
бир кун», «Эл билса бўлди» шеърлари, Холдор Вулқоннинг “Ватан” шеъри, бошқа
шоирларнинг “Қайси уйнинг шамидур?”, “Келиб кетган”, “Гўзал демасман”, “Қайда
кўрганман сени?”, “Кўрганмисиз?”, “Танишайлик”, “Турналар”, “Меҳмонга қизлар”
шеърлари, шунингдек Шерали Жўраев ўзи ёзган «Эй, азиз инсон», “Соҳибқирон”,
“Она юрт Ўзбекистон – олтинга топилмағай”, “Она Туркистон”, “Бобо деҳқон”,
“Аждарга ўхшатдим”, “Чин дўст қани, чин ёр қани?”, “Кетма баҳор”, “Санъатдаги
имконимиз”, “Олтин қанот”, “Қоши камоним”, “Ошиқма ой тўлгунча”,
“Қарашларга”, “Оппоқ ойим”, “Ёр тополмайсан”, “Мардингни номардга муҳтож
қилма”, “Дўст бўлсанг ёнимда тур”, “Муҳаббатга яқинлардур” шеърлари асосидаги
қўшиқлар ва ҳоказо.
Ш.Жўраевнинг улуғ хофиз бўлишининг яна бир қирраси хақида айтиб ўтайлик. У
катта матнли, яъни тўртликлари кўп сонда бўлган шеърлар ва қасидаларни қўшиқ
қила олди ва куйлай билди. Ш.Жўраев хозирги замон қўшиқчилиги билан минг
йилдан кўпроқ вақт давомида халқ достонларини айтаётган, куйлаётган бахшилик
ўртасида кўприк қўйди ва яқинлаштиришга эришди.
Ҳозир ёзилган фикр билан боғлиқ битта таклиф бор: агар Шерали ака бирорта
достонимиз, масалан «Алпомиш» ёки «Гурўғли»ни, куйлаб берсалар яхши бўларди.
Бунга ўзларининг алоҳида ёндашувлари асосида куйласалар ҳам бўлади. Яъни
Ш.Жўраев А.Ориповнинг «Биринчи мухаббатим» қўшиғида шеърнинг битта беш
қаторини ўз қўшиғига киритмагани ёки «Ўзбекистон – Ватаним маним» шеърини
бир оз қисқартирган ҳолда айтган сингари, «Алпомиш» ёки «Гурўғли» достонини
бир оз қисқартириб, энг қизиқ, муҳим жойларини айтсалар бўлади. Шунда ҳам
достонни бир соатдан ортиқ айтиш ва куйлашга тўғри келади. Биз шу кунгача
халқимиз достонларини ширали овозга эга бўлган ҳофизларимиз ижросида эшитган
эмасмиз. Достонларимиздаги айрим қўшиқлар ҳофизларимиз, масалан, улуғ
ҳофизимиз раҳматли Комилжон Отаниёзов ижросида юқори маҳорат билан
куйланган. Энди бутун ёки сал қисқартирилган достонни халқ ҳофизи ижросида
тинглашга вақт етиб келди!
Битта қўшиқни бир тўйда тўрт тилда айтиш ҳам ўзбек қўшиқчилиги тарихида
фақат Шерали Жўраевга хосдир.
“Кўп ўтмай тўй бошланди. Шерали Жўраевга навбат берилди. Ҳофиз тўй эгасини,
келин-куёвни табриклаб хониш қилишга тушди:
Карвон кўрдим туялари бўзлаб келар.
Нор туяда менинг ёрим излаб келар.
Менга берган ваъдалари эсдан чиқиб,
Остонаси тилло юртни излаб келар.
Тўйхонага жимлик чўкди. Карнайдан фақат ҳофизнинг овози янграрди. Шерали
Жўраев бир қўшиқни тугатмай, одамлардан иккинчи қўшиққа “заказ” тушди.
Шерали Жўраевнинг “Карвон” қўшиғини тўрт тилда – ўзбек, қозоқ, тожик ва рус
тилида куйлагани мени ҳайрон қолдирди. Одамлар ҳам айнан шу қўшиқни такрор-
такрор сўрайверди. Ҳофиз ҳам айтаверди.” [50]
“Карвон”қўшиғи тарихини ва унинг матнини алоҳида 20-бандда келтириб ўтамиз.
Бу бандни Шерали аканинг «Санъатдаги имконимиз» қўшиқ матнини келтириш
билан тугатсак.
Кимларгадир ҳавас бизнинг шуҳратимиз, шонимиз,
Санъатдаги маҳорату, бу қадар имконимиз.
Кимларгадир кeрак, билинг, ёлғизгина жонимиз,
Ерни она, қуёшни сиз дояларга ўхшатинг.
Асрларнинг қаъридан куй, оҳанг кeлар оқиб,
Бобур йиғлар, сирлар аро олис Ҳиндудан боқиб.
Нодиранинг армон тўла мисрасига ўт қўйиб,
Бизни ҳeч ким айтолмаган нолаларга ўхшатинг.
Юракда ишқ, гўзал армон, олисларда нигоҳлар,
Кeскир қилич оҳанг эса юрак бағрим тароқлар.
Тeбрансангиз томчилардан ялтираса дудоқлар,
Бизни ўша бургут қўнган қояларга ўхшатинг.
Тeбрансангиз кўз ёшлардан ялтираса дудоқлар,
Бизни ўша бургут қўнган қояларга ўхшатинг.
Турғай мисол eру кўкда илҳом олган, завқ олган,
Кўкка очиб кўксим зимдан она eрга қайтолмам.
Юз йилда бир туғилармиш эл дардини айтолган,
Айта олсак энг покиза қояларга ўхшатинг.
Кўксим узра урилиб акс садо бeрар қўшиқлар,
Олам узра тараларкан унда йўқдир тўсиқлар.
Олис йўлдан карвон кeлар тингланг дўсту содиқлар,
Қўшиқни оқ тонгдаги оқ сояларга ўхшатинг.
Кимларгадир кeрак, билинг, ёлғизгина жонимиз,
Ерни она, қуёшни сиз дояларга ўхшатинг.
|